Бўлган воқеа. Бошингизга мусибат тушдими? Истиржоъ айтинг

12:00 19.02.2018 2699

Истиржоъ фазилати

Бу воқеа йигирма йил олдин содир бўлганди. Бир кун Ўрикзорга опоқдадамларни кўргани кетаётгандим. Ишдан бўш вақтимда Тико русумли машинамда кира қилиб турардим. Чилонзор метросига оз қолганда ўттиз ёшлардаги бир йигит қўл кўтарди. Тўхташим билан олд ўриндиққа ўтирволиб: "Тез ҳайданг, мен Жиноят қидирув бўлимида ишлайман. 20-кварталда бир чолни ўлдириб кетишибди. Зудлик билан боришимиз керак, светофорларда ҳам тўхтаманг", деди.

Мен бош қоқиб, машинани учириб кетдим. Оз ўтмай бир дўкон олдида тўхтанг, деди. Дўкондан бир халта харид кўтариб чиқиб, бор пулингизни беринг, дея ўнг минг сўмдан мўлроқ пулимни олди ва дўконга ташлаб келди. Машинага чиққач: "Мен бировдан қарздор юришни хоҳламайман, 14-кварталга қайтинг, пулингизни уйдан обераман", деди. 

Тўққиз қаватли уй олдида тўхтадик ва у бозорлигини олиб уйига чиқиб кетди. Кўп кутдим, шом намозини бир четда ўқиб у кириб кетган эшикка борсам елвизакли йўлак, яъни нариги томонида ҳам эшик бор экан. Ҳаммасини тушундим. Бунақа фирибгарликка кўп бор дуч келгандим. Ногоҳ шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Пойафзалингизнинг боғичи узилса ҳам истиржоъ айтинг", деган муборак ҳадислари ёдимга тушиб, чин дилдан: "Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун"*, дедим. Опоқдадамларга бозорлик қилволаман деб олган пулимни фирибгарга бериб қўйганимга, у кишининг олдига қуруқ қўл билан бордим. Озгина койидилар ва бирга чой ичиб хуфтон вақтида ортга Себзорга қайтдим. Мижоз бўлиб қолар деган умидда йўлни Чилонзорга солдим. Қоронғида, чироқдан тушган нурни тўсган дарахт остида бир киши қўл кўтарди. Тўхтадим, зулматда юзи кўринмаган киши олд ўриндиққа ўтирдида: "20-кварталда бир чолни ўлдириб кетишибди, тез ҳайданг", деди-да менга қараб анграйиб қолди...

* "Биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз" ("Бақара" сураси, 156-оят).

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!