Муфассал фиқҳ. Каффорат кимларга вожиб бўлади?

09:00 14.06.2018 224

Каффоратнинг вожиб бўлиши учун бир неча қайдлар мавжудки, бу қайдлар шартнинг ўрнида ишлатилади. Каффорат олдин айтганимиздек, Рамазон рўзасини бузган киши учун энг олий жазо ҳисобланади. Рўзага бўлган жиноят энг ниҳоясига етганда у билан жазо берилади. Каффорат шубҳа туфайли олиб ташланади. Шунинг учун унинг вожиб бўлишига қуйидаги шартлар қўйилгандир:

Биринчи, рўза тунда ният билан бошлангандан кейин бузилган бўлиши керак. Ким кундузи, чошгоҳ вақтидан олдин ният қилган рўзасини бузган бўлса, унга фақат қазо вожиб бўлади, каффорат эмас. Чунки имом Шофиий наздларида рўзанинг саҳиҳ бўлиши учун тунда ният билан ухлаш шарт қилинади.

Иккинчиси, оғизни очишда унутиш кўринишларидан бири ўтмаган бўлиши керак. Агар рўзадор унутган ҳолда еса, ё ичса, ёки жимо қилса, сўнг рўзаси эсга тушгандан кейин еса, ё ичса, ёки жимо қилса, рўзаси бузилади. Унга фақат қазо вожиб бўлади. Унутиш билан рўзаси очилмаслигини билганми ё билмаганми, фарқи йўқ, каффорат вожиб бўлмайди. Чунки имом Молик раҳимаҳуллоҳ унутиб еган, ё ичган ва ё жимо қилганнинг рўзаси фасод бўлади, деган сўзлари бу борада шубҳа пайдо қилгандир.

Учинчиси, оғизни очиш мажбурлашдан бўлмаслиги керак. Мажбурлаб очтирилган рўзадан ҳам каффорат олиб ташланган.

Агар ухлаб ётган рўзадорнинг оғзидан бирор нарса қуйилса ва у ичига етиб борса, рўза бузилади. Унга фақат қазо вожиб бўлади. Агар ухлаб ётган аёл жимо қилинса ҳам, унга фақат қазо лозим бўлади. Аммо жимо қилувчи қазо ва каффоратни адо қилиши керак.

Тўртинчиси, агар рўзани бузиш жимо билан бўлса, қачонки мукаммал жимо бўлса, каффорат вожиб бўлади. Шунинг учун жимонинг муқаддималари; эркалаш, ўпиш, сон ё қоринга жимо кабиларда каффорат лозим бўлмайди. Олдин ўтдик, бу ҳолатларда инзол бўлса, фақат қазо вожиб бўлади. Аммо каффорат лозим бўлмайди, чунки бу ҳолатларда рўзага нисбатан қилинган жиноятлар мукаммал эмасдир. Аммо жиноят комил бўлса, масалан шаҳват қўзғайдиган аёлни жимо қилса ё у жимо қилинса ва олат икки йўлдан бири; олд ё орқага тўлиқ кирса, рўзаси бузилади ва инзол бўлган ё бўлмаганининг фарқи йўқ, қазо ва каффоратни вожиб этади. Чунки бу суратда рўзага бўлган жиноят мукаммалдир. У мукаммал бўлгани учун инзол шарт этилмайди. Чунки инзол тўйишдир, шаҳват унингсиз ҳам қонаверади. Зино ҳолатидаги ҳад инзолсиз вожиб бўлаверади. Ваҳоланки ҳад фақат жазодир. Каффоратда эса жазодан ташқари ибодат маъноси ҳам борлиги учун, инзолсиз вожиб бўлиши янада авлодир.

Бешинчиси, ейиш ва ичиш билан рўзани бузишдаги каффорат, қачонки одатда ейиладиган ва ичиладиган нарсаларни озуқаланиш ёки даволаниш ёки лаззатланиш мақсадида еб-ичилса вожиб бўлади. Ҳом гўштни еганда, агар у ўлган ҳайвонники бўлса ҳам, каффорат вожиб бўлади. Чунки у билан озуқаланиш ва танага манфаат бериш мақсад қилинади. Шунингдек чарви ёғ, ё қуритилган гўшт, ё буғдой донасини еса, ёки оғзига кирган ёмғир, қор ё музни ютиб юборса ёки маҳбубининг сўлагини ютса каффорат вожиб бўлади. Аммо маҳбубидан бошқанинг сўлагида фақат қазо вожиб бўлади. Чунки маҳбубиникидан лаззат олади, бунда эса йўқ.

Одамлар жирканадиган ва одатда кир санайдиган нарсаларни еса ё ичса, рўза бузилади, лекин каффорат вожиб бўлмайди. Масалан тош ёки пишмаган гуруч, хамир, ёки ёғ ва ҳам шакарга аралашмаган унни ютиб юборганда бўлгани каби. Агар ёғ ёки шакарга аралашган бўлса, каффорат лозим бўлади. Агар бир мартада кўпгина туз ютиб юборса каффорат вожиб бўлмайди. Аммо аммо озгинадан еса вожиб бўлади. Ейиш одат қилинмаган тупроқни еса ҳам фақат қазо тутиши керак. Агар пишмасдан олдин еб бўлмайдиган кўк ёнғоқ каби мевани еса, ёки темир, мис ё тилла каби нарсаларни ютса, рўзаси фосид бўлади ва унга фақат қазони тутиш вожиб бўлади, каффоратни эмас.

Олтинчиси, агар оғиз очишдан олдин рўзадор рўзани бузади, деб гумон қилган амални бажарган бўлса ва бундан кейин ҳақиқатда ҳам рўзани очса, бу гумони ўринсиз бўлса, унга қазо ва каффорат вожиб бўлади. Масалан рўзадор қон олдиргандан, ё аёлни эркалаган ё шаҳват билан ўпгандан, ёки ётиб инзолсиз ўйнашгандан кейин рўзам очилди, деб ўйлаб овқатланиб қўйгани каби. Бу ишлар билан у рўзам очилди, деб ўйлаган. Ва бу гумони ўринсиз бўлган. Илло шаҳарда фатвоси эътиборли фақиҳ, очилади, деб берган фатвосига таяниб овқатланиб юборган бўлса, фақат қазо тутилади, каффорат йўқ. Чунки бунда фатвога таянган ҳолда, рўзам бузилди, деб ўйлаган ва шунинг учун гумони ўринли бўлган. Чунки бу фатво каффоратни олиб ташлашга сабаб бўладиган шубҳа ҳисобланади. Зеро омининг ҳаққида ҳукм фатвоси олинадиган муфтийнинг фатвосидир.

Агар рўзадор бировни ғийбат қилса ва уни рўзани очди, деб ўйласа ёки фақиҳ ғийбат рўзани бузади, деб фатво берса, шундан кейин бу одам рўзасини қасддан очса, унга қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Чунки унинг гумони ўринсиз эди. Фақиҳнинг бу фатвоси ўтмайди. Чунки у одам фиқҳдан озгина бўлса ҳам хабари бор кишига ўхшамайди. Ғийбат рўзани бузади, дейиш қиёсга хилофдир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!