Муфассал фиқҳ. Каффорат миқдори

15:00 14.06.2018 119

Каффорат зиммага тушгач, қул озод қилгандан кейин соқит бўлади. Агар у топилмаса, орасида ҳайит ва ташриқ кунлари йўқ бўлган ҳолда икки ой узлуксиз рўза тутилади. Агар рўзани қамарий ойнинг бошида бошлаган бўлса, кейинги ойнинг охиригача рўзадор бўлиши лозим бўлади. Агар икки ой эллик саккиз кун бўлса ҳам рўзаси саҳиҳдир. Агар рўзани ойнинг бошидан бошламаса, бу ҳолда олтмиш кун рўза тутади. Агар бу давр мобайнида узрли ё узрсиз ҳоллар билан рўза тутмаса, каффорат рўзасини яна қайтадан бошлайди. Агар аёл киши ҳайз узри билан рўза тутолмаса, ҳайз тўхташи биланоқ дарҳол давом эттириши керак. Агар дарҳол давом эттирмаса, у ҳам қайтадан бошлаши керак.

Касаллик ёки қарилик сабабли рўза тутишга қодир бўлмаган одам олтмиш мискинни икки маҳал тўйдириши керак. Ёки тўйдириш ўрнига ҳар бир мискин ўрнига икки килодан ошиқроқ буғдой ёки унинг қийматини бериш керак.

Рамазонда рўзани бузиш каффорати бир-бирининг ичига киришади. Яъни бир неча кун рўзани бузишга битта каффорат кифоя қилади. Гарчи у рўзалар икки Рамазонники бўлса ҳам. Шарти орага куфр аралашмаган бўлсин. Илло агар оғизни очиш икки кун давомида жимо билан бўлса бундан истисно. Чунки бу ҳолатда жиноят катталиги учун каффорат кучаяди.

Рўзани бузган кунда ҳайз ё нифос ёки оғиз очишни мубоҳ қиладиган касаллик тўсатдан келиб қолса, каффорат соқит бўлади. Ўзининг ҳаракати билан келган касаллик туфайли соқит бўлмайди. Шунингдек, сафар сабабли ҳам соқит бўлмайди, гарчи сафарга мажбуран чиққан бўлса ҳам. Чунки сафардаги узр ҳақ эгаси томонидан келаётгани йўқ. Ҳақ эгаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.

Агар бугун ҳайз келади, деб гумон қилиб рўза тутмасаю, ҳайз келмаса ёки одатдаги касалим келади, деган ўйда рўза тутмасаю, касал бўлмаса, бу икковлонга каффорат вожиб бўлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!