Каримуллохон домланинг фазилатлари

04:00 27.05.2018 2041

Охирги пайтлар устозимиз Каримуллохон домлани кўп хотирлаяпман.

Ажойиб фазилатлари бор эди-да, ўзиям. Бир кўрган одамнинг эсида қолардилар.

Туманимиз аҳли (Уйчи) у кишини мудом ўзгача эҳтиром билан тилга олади, ҳали ҳануз намозларидан сўнг дуо қилади.

У пайтлар масжидлар одатда кўздан пана, чет жойларга қурилар эди. Домланинг шарофатлари билан янги марказий масжид туманнинг қоқ марказида қад ростлади.

Қишлоқ одамлари аранг кун кечираётган бир пайтда жуда муҳташам масжид барпо қилинди. Шубҳасиз, бунда ҳам домланинг хизматлари беқиёс эди.

Шу масжидимиз қурилиши давом этаётган кезлар эди. Домла қурилишдан хабар олиб аср намозига эски масжидга қайтиб келаётсалар, икки учта одам чойхонада гурунг қилиб ўтирган эканлар. Улардан бири устозни ёнига чақирибди. Бориб қарасалар, спиртли ичимлик ичиб ўтиришган ва ҳаммалари маст экан.

Улардан бири у кишини дастурхонга таклиф қилиб икки калима Қуръон тиловат қилиб беришларини талаб қилибди. Устоз ҳамма нарсанинг ўз ўрни борлигини, агар масжидга борсалар бажонидил истаганча қироат қилиб беришлари мумкинлигини айтиб узр сўрабдилар. Ҳарчанд тихирлик қилсалар ҳам кўнмаганларидан кейин улардан бири ғазаб отига миниб ароқ шишасини олиб у кишининг бошларига солган. Гумашталари олдида: "Ҳозир шу ерда домлага тиловат қилдираман", – деб катта кетиб қўйган экан.

Домла анча вақт шифохонада ётиб даволаниб чиқдилар. Одамлар валийсифат инсонга нисбатан қилинган бу хунрезликни ҳазм қилолмай ўша бадкирдорларни қиймалаб ташлашга тайёр турарди.

Домламиз уларни шаштидан қайтариб: "Мени уларга ҳеч қандай адоватим йўқ, уларни кечирдим. Оллоҳ инсоф-тавфиқ берсин!"-деб дуо қилганлар. Кейинчалик ҳам бирон марта бўлса-да, хоҳ масжидда, хоҳ кичикроқ даврада бўлсин бу воқеани эсламадилар. Кек сақлаб юрмадилар.

Кейинчалик устоз Тошкентга "Тилло шайх" масжидига марҳум муфтий Абдурашид қори аканинг ўринларига имом бўлиб келдилар. Маърузалари таъсирли, қироатлари ширин ва тақволари кучли бўлгани учун тез обрў қозондилар.

Хастимом қайта қурилаётган йиллари "Тилло шайх" ҳам қайта реконструкция қилингани учун вақтинча намоз ўқилмай турди.

Домла ўша пайтлари яқин атрофдаги маҳаллий масжидларга чиқиб намоз ўқиб юрдилар. Бир гал менга: "Маъруфжон, фалон масжид имомининг қироати жуда чатоқ эканда, шунга уйга ўтинг бирга ишлаймиз дедим", – дегандилар.

Жамоат намозига имом сифатида эмас, оддий мусулмон сифатида ўта ҳарис эдилар. Айнан шу хислатлари сабаб кўпларнинг меҳрини қозонгандилар.

Марҳум Абдулазиз қори ота у кишининг айни шу хислатларини кўп мақтаб, кўпинча жума намозини ортларида ўқиганлар.

Устознинг бошқа фазилатлари ҳам бисёр эди. Мавриди билан улар ҳақида ҳам ёзарман.

Ўйлашимча, бугун аҳли илмларга юқорида зикр қилганим домланинг икки хислатлари ўта зарур: озорларга сабр ва жамоат намозига ҳарислик.

Шу фазилатларга эга бўлган зотларнигина чин меҳроб соҳиблари деб аташ мумкин, наздимда.

Муборак кунларда Оллоҳдан устозим ҳақларига мағфират ва баланд даражаларни сўрайман. Аҳли илмларга эса шарафли касб масъулиятини тўғри англаб, у кишидек тақвони маёқ қилиб олишларини, хизматда холис бўлишларини тилайман.

 

Маъруф НИШОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!