Мадина масжидлари билан танишамиз! (3-қисм)

12:00 21.10.2017 1098

“Салмон Форсий” масжиди

Бу масжид “Ал-Фатҳ” масжидининг жанубида, Салаъ тоғидан 20 метр узоқликда жойлашган. Мадинаи Мунавварани душманлар ҳужумидан бартараф этиш учун хандақ қазиш фикрини олдинга сурган буюк саҳоба Салмон Форсий номи билан юритилади. Масжидда эни ва узунлиги 7 метр бўлган узун айвон мавжуд. “Салмон Форсий” масжиди Умар бин Абдулазиз даврида барпо қилинди. Вазир Сайфуддин Аби Ҳижо томонидан ҳижрий 575 йилда янгиланди. Сўнгра масжид биноси Усмонийлар ҳукмдори Абдулмасжид I даврида қайтадан таъмирланди.

“Абу Бакр Сиддиқ” масжиди

Мазкур масжид “Салмон Форсий” жомеъ масжидининг жанубий-ғарбий қисмида, ундан 15 метр узоқликда жойлашган бўлиб, юқоридаги икки масжид билан биргаликда таъмирланган. Икки ҳарами шариф ходими, собиқ подшоҳ марҳум Фаҳд бин Абдулазиз фармони билан масжидда қайта таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари олиб борилган.

“Умар ибн Хаттоб” масжиди

“Абу Бакр Сиддиқ” масжидидан 10 метр узоқда жойлашган ушбу  масжид узун айвон ва ҳовлидан иборат бўлиб, унинг қурилиш услуби “Фатҳ” жомеъси сингаридир. Масжиднинг “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар мавжуд.

“Фотимаи Заҳро” масжиди

Тарихий манбаларда ушбу масжид Саъд бин Муоз масжиди деб ҳам юритилади. У мана шу 6 та масжидлар ичида энг кичиги саналиб, 3х4 метр майдонда барпо этилган. Масжид охирги марта Усмонийлар ҳукмдори Султон Абдулмасжид I даврида ҳижрий 1268 (милодий 1851) йилда қайта таъмирланган.

Юқорида зикр қилинган 6 та масжидларнинг барчаси ўзининг тарихий ҳолатини сақлаб қолган. Ҳозирда мазкур масжидлар янги кўринишда таъмирланган. Мадинаи Мунаввара шаҳри маъмурияти бу минтақани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширди.

“Али ибн Абу Толиб” масжиди

“Фотимаи Заҳро” масжидининг шарқий томонида жойлашган “Али ибн Абу Толиб” масжидининг баландлиги 8,5 метр ва эни 6,5 метрни ташкил этади. Бу масжиднинг ҳам “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар бор. Маълум қилинишича, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) мана шу жойда “Аҳзоб” ғазотида хандақдан ўтишга ҳаракат қилаётган душман лашкаридан Амр бин Вуд Оъмирийни ўлдирган.

Илёсхон АҲМЕДОВ

Манба: Muslim.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!