Мактабда бош кийим (рўмол)га рухсат бериладими?

23:32 20.06.2018 4491

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ўзбекистон 24” радиосининг қўшма лойиҳаси доирасида ягона мактаб формалари билан боғлиқ барча саволларга мутасаддиларнинг жавоби билан боғлиқ эшиттириш давом этмоқда.

Жонли мулоқот тарзида давом этаётган эшиттиришга Тошкент вилояти, “Ўзгариш” ҚФЙ фуқароси томонидан савол берилди.

Халқ таълими вазирлиги қонун-қоидаларга кўра мактабда бош кийим кийиб юришга рухсат этилмаслиги кўрсатилган. Фуқаро қишлоқ мактабларида қиш мавсумида мактабларнинг яхши иситилмаслиги, шунинг учун ўқувчилар бош кийимда юришга мажбур бўлишларини изоҳлаб, мактабда бош кийим кийишга рухсат этилиши кераклиги ҳақидаги фикрни ўртага ташлади.

Фуқаро таклифига Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Бахриддин Шайвалиев шундай жавоб қилди.

- Қарор лойиҳасининг 9-банди ва айнан бош кийим масаласи кўпгина бахсларга сабаб бўлмоқда. Қишлоқ мактаблари ҳозирда таъмирлаб борилмоқда. Қишлоқда шаҳардагидан ҳам яхши мактабларни учратиш мумкин. Агар қарор лойиҳасида мактабда бош кийимда юришга рухсат берсак, мактаб иситиш тизими таъмирлангандан кейин уни бекор қилишга тўғри келади. Шундай экан бош кийимга рухсат бериш ўринсиз. Бу савол кўпинча “ҳижоб”, “рўмол” масаласи билан боғлиқ. Биз кўп миллатлик давлатмиз. Шундай экан таълим муссасасида ҳаммага бирдек шароит яратилиши керак. Шунинг учун “ҳижоб”, “рўмол” каби либосларга рухсат этилмайди. Мактаб ўқувчисининг формаси қайсидир динга таалуқли бўлмаслиги ва бошқалардан ажралиб турмаслиги лозим. Мактабда нафақат бош кийим балки, калта, енгсиз кийимлар ортиқча тақинчоқлар, ноқулай оёқ кийим кийиш ҳам тавсия этилмайди. Бу ўқувчининг таълимдан бошқа нарсаларга эътибор қаратишини олдини олиш мақсадида жорий этилган. Ҳозирда қарор лойиҳаси аҳоли муҳокамасига қўйилган, бу борада ҳам билдирилган барча фикрлар ўрганиб чиқилади.

Манба: UzA

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!