Машойихлар. Имом Абдулқодир Жийлоний (2-мақола)

14:31 27.10.2017 721

Абдулқодир Жийлоний салоҳияти, сифат ва хулқлари

Шайх Абдулқодир Жийлоний илмий ва руҳий таълимни тугатгач, диний ҳамда илмий етакчиликни бирлаштириб, ислоҳот ва халқни Аллоҳга иршод қилишга эътибор қаратдилар. Абу Саъид гумбаз эшиги олдида бир латиф мадраса бунёд қилди ва бу маскан Шайх Абдулқодир Жийлоний ихтиёрига топширилди. У зот инсонларга панд-насиҳат қилди. Халқ орасида машҳур бўлди ва шайхнинг мажлисига келадиган одамлар кўпайиб, мадраса торлик қилиб қолди. Бир неча кун одамларга девор олдида ўтириб насиҳат қилди. Сўнг мадраса атрофидаги бинолар ва ерлар ҳисобига ушбу маскан кенгайтирилди. Мадрасани қуришда бойлар ўз молларини сарфладилар, камбағаллар эса жисмоний кучлари билан фаол қатнашдилар. Қурилиш ишлари ҳижрий 528 йилда ниҳоясига етди. Бу мадраса у зотга мансуб бўлди ва Абдулқодир Жийлонийнинг ўзлари илм ва амалдаги жидду-жаҳд ила мазкур даргоҳда дарс бериш, фатво чиқариш ҳамда панд-насиҳат қилишда бош бўлди.

Аллоҳ таоло бандаларининг қалбида у зотга нисбатан муҳаббат пайдо қилди, уларнинг тилларида Абдулқодир Жийлонийнинг мақтовларини жорий қилди. Ироқдаги илм, тарбия, ислоҳот ва Аллоҳга даъват қилиш ишлари етакчилиги у зотга бориб тақалар эди. Дунёнинг турли томонларидан одамлар у кишини излаб келардилар. Аллоҳ таоло у зотни подшоҳлару султонларда ҳам топилмайдиган лаёқат ва аслзодалик билан сийлади. Халифалар, подшоҳлар ва вазирлар ҳам у зотнинг ҳайбатларидан қўрқарди. Ундан кичикларни эса тасаввур қилиш қийинмас.

“Ал-Муғний” асари муаллифи Муваффақ ибн Қудома: “Дин туфайли у зотдан кўпроқ улуғланган бирон кишини кўрмадим”, дейдилар. Баъзан Шайх Абдурқодирнинг мажлисларига халифа, подшоҳлар ва вазирлар ташриф буюрар, улар ҳам бу мажлисда одоб билан ўтирар эдилар. У зотнинг мажлисида қатнашадиган уламолар, фуқаҳоларнинг эса саноғи йўқ эди. Баъзи мажлисларида тўрт юзта сиёҳдон санашган.

Сифатлари ва хулқлари

Қадри баланд бўлса-да, кичиклар ва ожизлар тарафини олиш, камбағаллар билан ўтириш, уларнинг либосларини тозалаб бериш у зотнинг хулқларидан эди. Мансабдор шахслар, давлат арбоблари келганда ўрнидан турмас, биронта вазир ёки султоннинг ҳузурига бормас эди. Агар у зотнинг олдига халифа ёки вазир келса, у сабаб ўрнидан турмаслик учун ҳовлига кириб кетиб, сўнгра чиқарди. Абдулқодир Жийлонийнинг хулқи гўзаллиги, ҳиммати улуғлиги, Аллоҳга нисбатан тавозеси, саховати, ўзилан ўзгаларни устун қўйиши борасидаги замондошларининг гувоҳликлари ва тилларда достон бўлган сифатлари бир-бирига мувофиқ келади.

Узоқ умр кўрган ва кўпгина кибор шайхлар билан ҳамсуҳбат бўлган замондошларидан бири бўлмиш Жарода роҳматуллоҳи алайҳ у кишини сифатлаб бундай дейди: “Менинг кўзларим саййидимиз Шайх Абдулқодирдан хулқи чиройли, қалби кенг, нафси саховатли, қалби латиф, ваъдасига вафодор ва меҳрибонроқ кишини кўрмаган. У зот мартабасининг улуғлиги, қадрининг баландлиги ҳамда илмининг кўплигига қарамай кичиклар тарафини олар, кексаларни ҳурматлар, биринчи бўлиб салом берар, заифлар билан бирга ўтирар, камбағалларга тавозели, мансабдорлар ва давлат арбобларидан ҳеч бири учун ўрнидан турмас, султонлар ва вазирларнинг эшигига бормас эди”.

Имом Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Бирзалий Ишбилий Шайх Абдулқодир Жийлоний ҳақида бундай дейди: “У зот ибодатда ва ижтиҳодда собитқадам бўлиш билан бир қаторда даъвати ижобатли, кўзлари йиғидан нам, зикрда бардавом, сермулоҳаза, қалби юмшоқ, очиқ чеҳрали, олижаноб, саховатли, кенг билимли, хулқи гўзал ва олийнасаб зот эди”.

Ироқ қозиси Муҳйиддин Абу Абдуллоҳ ибн Ҳомид Бағдодий бундай дейди: “У зот инсонлар ичида одобсизликдан энг йироқ ва ҳаққа энг яқин киши эдилар. Агар Аллоҳ азза ва жалланинг тақиқлари риоя қилинмаса, қаттиққўл бўларди. Аммо нафси сабаб ғазаб қилмас, Аллоҳдан ўзгадан нусрат кутмас эди”.

Очларни таомлантириш, камбағал ва ҳожатмандларга инфоқ қилишлари сабабли Шайх Абдулқодир Жийлонийнинг бирмунча қарзи бор эди. Аллома “Нажжор” ўзларининг “Тарих”ида шундай келтиради: “Жуббоий айтади: “Шайх Абдулқодир Жийлоний: “Барча солиҳ амалларни тафтиш қилиб чиқдим. Аммо очларга таом беришдан афзал, ҳусни хулқдан шарафли амални топмадим. Қани энди дунё мени қўлимда бўлса-ю, у билан очларни таомлантирсам”, дейдилар”.

Жуббоий айтадилар: “Шайх менга: “Менинг кафтим тешик. Унда ҳеч нарса турмайди. Агар менга минг динор кеса, у ҳузуримда бир кеча ҳам қолмайди”, деди”.

“Қалоидул жавоҳир” асари муаллифи айтади: “У зот розияллоҳу анҳу ҳар оқшом гиламларни ёзишга буюриб, ўзлари меҳмонлар билан бирга таомланар, заифлар билан бирга ўтирар, толиби илмларга сабр қилар эдилар. Ким у кишига ҳамсуҳбат бўлса: “У зотга мендан кўра севиклирок киши йўқ”, деб ўйларди. Асҳобларидан биронтаси мажлисга келмаса, буни билар ва унинг аҳволини суриштирар, ҳурматини сақлаб, хатоларини кечирар эдилар. Қасам ичган кишига ишониб, у киши ҳақида билган нарсаларини сир тутарди”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!