Машойихлар. Имом Абдулқодир Жийлоний (3-мақола)

18:01 31.10.2017 386

Тарихчилар Шайх Абдулқодирнинг кароматлари кўплигини бир овоздан эътироф этади. “Ал-Муғний” соҳиби Муваффақиддин: “Кароматлари Шайх Абдулқодирданда кўпроқ ҳикоя қилинган бирон кишини эшитмадим”, дейдилар.

Шайх Иззуддин Абдуссалом айтадилар: “Машойихлар орасида фақат Шайх Абдулқодирнинг кароматлари мутавотир бўлди. У зотнинг кароматлари мутавотир тарзда нақл қилинган”. Шайхул Ислом Ҳарроний ҳам шу гапни таъкидлайдилар.

Ўлик қалбларни тирилтириш ва суннат ҳимояси

У зотнинг энг ёрқин кароматлари бу ўлик нафслар ва қалбларни тирилтириш; уларга иймон, Аллоҳдан қўрқиш ва унинг муҳаббати уруғларини қадаш; ўчиб қолган қалбларда янгидан иймон чўғини алангалатиш эди. У киши туфайли Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзигина ҳисобини биладиган даражада кўп бўлган кишилар қалбига ҳаёт ва иймон бахш этди. Шайх Абдулқодирнинг насиҳатлари ва тарбиялари ўлик қалбларни тирилтирадиган; сўнган нафсларни жонлантирадиган; Ислом оламида янгидан иймон, кучли руҳонийлик, гўзал хулқлар ва тақво мавжларини тўлқинлатадиган иймон шабодасини олиб келди.

Аллоҳ у зотга Ислом оламидаги диний ва руҳий раҳнамоликни ҳозирлаб қўйган эди. Шу боис Худойи таоло у зот учун Ислом оламининг юраги ва аббосийлар давлати пойтахти бўлмиш Бағдодни ихтиёр этди. Бутун Бағдод аҳли у кишининг ҳузурига кела бошлади. Абдулқодир Жийлонийнинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Ҳузуримда сўзларимни тинглаб икки-уч киши ўтирар эди. Кейин эса инсонлар бир-биридан мен хақимда эшитиб билиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олдимга кела бошладилар. Мен (шаҳарнинг) отчопар дарвозаси олдидаги намозгоҳда ўтирар эдим. Сўнг одамлар у ерга сиғмай қолишгач, курсини намозгоҳдан шаҳар девори ичкарисига кўчиришди. Одамлар жой олиш учун қоронғуда шам ва машъалалар кўтариб келишарди. Уларнинг кўплигидан бу жой ҳам торлик қилиб қолди ва курси шаҳар ташқарисига чиқарилиб, яна намозгоҳга ўрнатилди. Одамлар мажлисга от, эшак, хачр ва туяларда келиб, даврада чизиқдай саф тортиб туришарди. Мажлисга етмиш минг атрофида одам келарди”.

У кишининг мажлисларининг таъсири жуда катта ва манфаати кўп эди. Шайх Умар Кайсоний: “Саййидимиз Шайх Абдулқодир розияллоҳу анҳунинг мажлислари Исломни қабул қиладиган бирон насроний ёки яҳудийдан, тавба қиладиган бирон қотил ё шунга ўхшаш фосиқлардан ва нотўғри эътиқодидан қайтадиган кишилардан холи бўлмас эди”, дейди.

У зот буларни билар, бу учун Аллоҳга ҳамд айтар ва бу ишлар, яъни халққа ваъз-у иршодлар қилишни ўз хоҳишлари – Аллоҳ билан ҳилватда қолиш, халқдан ажраб, ибодат билан машғул бўлишдан афзал кўрар эди.

Жуббоий айтадилар: “Саййидимиз Шайх мана бундай дедилар: “Илгаригидек чўл-у биёбонларда бўлишни истайман. Халқни кўрмасам. Улар ҳам мени кўришмаса”. Сўнг шайхимиз бундай дедилар: “Аллоҳ таоло мени халққа манфаат келтиришимни ирода этди. Менинг қўлимда беш минг насроний ва яҳудийлар мусулмон бўлди. Юз мингдан ортиқ қуролли кишилар ва айёрлар тавба қилди. Бу – катта яхшилик”.

Шайх бу ишларни ўзининг вазифаси деб билиб, уларни амалга оширишни ўз бурчлари дея ҳисобларди. Бир мажлисда бундай деган эди: “Халойиққа насиҳат қилишни қалбимга солган ва бу ишни энг катта мақсадим қилган Зот покдир. Мен насиҳатчиман. Бунинг эвазига мукофот истамайман. Менинг мукофотим Раббим азза ва жалланинг ҳузурида хосил бўляпти. Мен дунё талабгори эмасман. Дунёнинг ҳам, охиратнинг ҳам қули эмасман. Ҳаққ азза ва жалладан ўзгага қул эмасман. Фақатгина Якка-ю Ягона Яратувчига ибодат қиламан. Зафарларингиздан шодланаман. Ҳалокатларингизда ғамга ботаман”.

У зотнинг илм билан шуғулланиши ва суннатни ҳимоя қилиши

Шайх Абдулқодир Жийлонийнинг насиҳат, иршод ва кишилар нафсини тарбиялаш кабилар билан машғул бўлишлари дарс бериш, илм тарқатиш, суннат ва соф эътиқодни ҳимоя қилиш ҳамда бидъатларга қарши курашиш каби ишлардан тўсиб қўймади. У зот эътиқод ва фиқҳда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, муҳаддислар ва салафлар йўлига эргашган эди. Ибн Ражаб айтади: “У киши сифат, қадар ва шу каби масалаларда суннатга эргашар, унга хилоф қилганларга қаттиқ раддия билдирарди”.

У зот турли фанларни мукаммал билар ва дарс беришга кучли эътибор қаратар эди. Айтишларича Шайх ўн учта илмдан сўз юритарди. Одамлар у зотга мадрасаларида тафсир, ҳадис, мазҳаб (яъни, фиқҳ) илмларидан дарс ўқиб беришар эди[1]. Одамлар Шайх Абдулқодирга кечаси-ю кундузи ҳадис, мазҳаб, усул ва наҳв илимларидан дарс ўқиб беришарди.

У зоти муборак пешин намозидан кейин бир неча қироатлар билан Қуръон ўқирдилар. Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимо мазҳаблари асосида фатво берар эди. У зотнинг фатволари Ироқ уламоларига кўрсатилганда, улар жуда хайратда қолишарди. Шайх Абдулқодирга одамлар билан аралашиб турган ҳолида ёлғиз ўзи, бошқалар эмас, ибодатни амалга ошириши кераклиги, бундай қилолмаса  (хотинини) уч талоқ қўйишга қасам ичган кишининг масаласи билан мурожаат қилишди. Шунда у киши зудлик билан: “У Маккага боради. Тавоф қилинадиган ер унга бўшатиб берилади ва унинг ёлғиз ўзи Каъбани тавоф қилади. Шунда қасамидан халос бўлади”, дедилар. Бу масалани еча олмай турган Ироқ уламомари бу жавобдан хайратда қолдилар.

 

 


[1] Катта уламолар ҳузуридаги дарс ҳалқаларида дарслар бир неча услубда олиб борилган. Шулардан бири шогир ўз устозига маълум дарслик китобларни ўқиб берган ва устоз мана шу китобдан шогирдига ижоза берган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!