Масжиддаги қорбобо, қорқиз қани?

11:50 10.01.2018 5279

Танийдиганлар, Аҳмадали жомеъ масжиди имомига етказиб қўйсангиз...

Туман имом хатибига, вилоят бош вакилига ҳам. Қорбобo масжидга келибди-ю, нега масжидга арча ўрнатилмади? Бутун дунёни айланиб, совға тарқатиб келган қорбобо, йўғе, қори бобонинг ҳурмати йўқми? Шундан шунга келиб, қуруқ қайтиб кетаверадими? Имом қани? Нега кутиб олмади? Нега сўзга чиқмади? Қаерга қараяпти? Агар хозир бу соқолли чолнинг ўрнига бошқа одам чиқиб намозга чақирганда ҳам ҳеч ким индамасмиди? Жуда индарди, индаганда ҳам, оёғини ерга теккизмай ҳурмату-эҳтиром билан меҳмонхонага олиб кетиларди. У ерда беш-ўн кун яхшилаб савалаб, адашиб кетдим, узр, сийлаб, кейин ё у ёққа, ё бу ёққа кузатиларди. Бу масжид имоми эса, парвойи палак, қанақаси бу!? Имом деган ҳам шундай бепарво бўладими? Ё қизини ё бошқа бирортасини қор қиз қилиб қўшиб юбормайдими? Юрарди бошқа масжидларга ҳам кириб, айланиб, ёлғон яшиқлар билан кўнгил кўтариб. Жуда хафа бўлдим, маҳалла раҳбарияти, оқсоқоллари нега жим, нега йўқ? Ўйин-кулгини авжига чиқариб, ўт ёқиб сакрамайдими устидан? Мусулмонга ўхшаб келибди ахир, масжидга.

Менга бир фикр келди, энди масжидлар ходимлари ёнига қорбобо деган штатни ҳам қўйиш керак. Маҳалла отинлари қори кампир(қор қиз деса ярашмаса керак) бўлиб, янги йилга яқин тайёр туриши керак. Шуни етказинглар, илтимос!!!

Коммунистлар замонида ҳам ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган идеологик ғоя шу масжид қавмига келганига, имом орқаваротдан рози бўлиб, қўллаб-қувватлаганига каттакон "ташаккуримиз"ни ҳам етказиб қўйинг. Бошқа масжидларга ҳам ўрнак бўлгани учун бу масжидда қўл қовуштириб турган қавмга ҳам "раҳматларимиз"ни билдириб қўйинг!

Айтишган-ку, қайси бир яхши ишни йўлга қўйилса, унинг савобига бажарган ҳам, йўлга қўйган ҳам теппа-тенг эга бўлади. Раҳмат сизга, масъулиятли имом ака (шу жойда имом домла деб ёзмоқчи эдиму, сизга бироз тўри келмас экан, узр)!!!

Салим АЙЮБИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!