"Менга нима"

14:00 02.02.2018 632

Бугунги кунда кўзга ташланмайдиган, маънавий ҳаётимизни издан чиқаришга қаратилган жиддий хатарлар борки, улар катта офатларнинг келиб чиқишига замин яратади. Булар Fарб оламида кенг тарқалган эгоцентризм ва эркинлик ниқобидаги ахлоқсизлик фалсафасидир.

"Менга нима", деб қараш, лоқайдлик, беписандлик, ўзини, ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, худбинлик, шуҳратпарастлик, кибр, маҳмадоналик, тажанглик, бировни эшита билмаслик, хатосини тан олмаслик, совуққонлик, танқидга чидамсизлик – эгоцентризм дардига дучор бўлган одамнинг белгиларидир.

Хўш, одам қандай қилиб эгоцентрист бўлиб қолади? Бунга аввало, ота-она айбдор ҳисобланади. Боласининг жамиятда ҳаммадан биринчи бўлишини турли йўллар билан таъминлаши, ҳар бир истагини, сўраган нарсаларини ортиғи билан бажариши болаларнинг ички "мен"и шаклланишига сабаб бўлади. 

Бола боғчага боради. Ўзидек болалар билан илк учрашув. Бошқалардан ота-онасидек ғамхўрликни кутади. Кўрмагач, талаб қилади. Мактабда муомала, муроса, бурчни билмайди, масъулиятсиз. Жон куйдирмайди. Ота-она ҳам буни қўллаб-қувватлайди. У катта бўлади. Унга қўшилиб талаблари, ишёқмаслик, масъулиятсизлик, бошқаларга иддаолари, иллатлари ҳам "вояга етади". Кучга киради.

Ота-онанинг, кишиларнинг лоқайдлиги, бепарволиги жамиятдан, ҳаётдан асоссиз норози эгоцентристларни пайдо қилади. Маънавий қаровсизлик, бурчсизлик ўсмирни гиёҳвандларга, жиноятчиларга, ким мўмай пул ваъда қилса, ўшаларга топширади. Жамиятдаги жирканч иллатларнинг илдиз отишига замин яратади.

Фазилат ЖОМОНҚУЛОВА,
СамИСИ ўқитувчиси

Манба: Zarnews.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!