Мисрнинг тарихий 10 масжиди

18:50 17.08.2019 950

Миср қадимий эҳромлари ва мақбаралари билан машҳур, аммо бу мамлакатнинг исломий мероси ҳам ўзининг улуғворлиги билан ҳайратда қолдиради. Эътиборингизга Мисрдаги ўнта тарихий масжидлар ҳақидаги маълумотларни ҳавола қиламиз.

“Ал-Ашраф” масжиди

“Ал-Ашраф” масжиди Қоҳиранинг исломий маркази бўлмиш Ал-Муиз кўчасида жойлашган. У мамлуклар маъморий услубида ишланган йирик иншоотлардан биридир. “Ал-Ашраф” масжиди билан ёнма-ён жойлашган мадрасалар ягона диний-маърифий мажмуани ташкил қилади. Бу ерда сиз оддий мусулмон мактаблари қандай фаолият юритишини кўришингиз мумкин. Масжидннг қурилиши 1424 йилда Султон Ал-Ашраф Албарсбек буйруғи билан қурилган.

Масжид мармардан ишланган, унинг витраж ойналари кишини ўзига жалб қилади. Кўпгина масжидлар сингари у ҳам тўғри бурчакли шаклга эга. Масжид 1760 квадрат метр майдонни эгаллаган.

 

“Муҳаммад Али” масжиди

“Муҳаммад Али” масжиди “Алебастр” масжиди номи билан ҳам танилган. У Мисрнинг энг гўзал ва сайёҳлар орасида машҳур масжидларидан биридир. Бироқ масжиднинг гўзаллиги ва ҳашаматидан баҳраманд бўлишингиз учун яхшигина жисмоний куч талаб этилади, чунки у Салоҳиддин қалъасининг юқори қисмида жойлашган. Масжиднинг улкан минораларининг баландлиги 80 метрни ташкил қилади. Бу ердан Қоҳира ва Ғазо платоси ҳамда унинг улуғвор эҳромлари кафтдай кўринади.

Масжиднинг қурилиши 1830 йилда Муҳаммад Али Пошонинг буйруғи билан бошланиб, 1857 йилда қуриб битказилган. У замонасининг танилган маъмори Юсуф Бошнақ томонидан қурилган.

 

“Абул Аббос ал-Мурсий” масжиди

Масжид Искандарияда жойлашган. У XIII асрда қурилган ва шаҳарнинг энг катта масжидларидан биридир. Масжидда Қоҳиранинг ўрта аср меъморчилиги намуналарини кўриш мумкин. Унда сўфий шайхи Мурсиан Андалусий қабри жойлашган. Масжид шаҳарнинг марказида жойлашган бўлиб, унга Искандариянинг хоҳлаган жойидан осон етиб олиш мумкин.

Архитекторлар Евгенио Валзания ва Марио Росси масжидни 1929-1945 йилларда қайта қуриб, унга замонавий қиёфа берди.

 

“Оқсунқур” масжиди

Бу усмонийлар даврида барпо этилган, XIV асрга мансуб масжидлардан биридир. Унинг ички қисмини қуришда Изник ғиштлари ишлатилган. Масжидда бир қатор мақбаралар, жумладан, масжид асосчиси Шамсиддин Оқсунқур ва унинг ўғиллари мақбаралари жойлашган. 

Меъморий обиданинг яна бир номи “Мовий” масжиддир. Унинг ташқи қисми қурилишида кўк ва яшил рангли кошинлар ишлатилгани учун шу номни олган. Бундай кошинлар 1652-1654 йилларда ҳумронлик қилган усмоний ҳукмдор Иброҳим Оға Мустафзиҳан даврида масжидларни безатишнинг асосий воситаларидан бири бўлган.

 

“Ал-Азҳар” масжиди

“Ал Азҳар” масжиди Миср масжидлари ичида энг машҳури ва Қоҳиранинг асосий сайёҳлик масканларидан биридир. Худди шу номдаги, Ислом оламининг асосий таълим марказларидан бўлган университет масжидга туташиб кетган. “Ал-Азҳар” масжиди ибодатгоҳ бўлиши билан бирга исломий маърифат марказларидан бири ҳамдир.

 

“Абу Ҳаггаг” масжиди

“Абу Ҳаггаг” масжиди ўзининг гўзаллиги билан Миср масжидлари ичида ажралиб туради. У мамлаканинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлмиш Луқсор шаҳрида жойлашган.

 

“Ҳаким Биамриллаҳ” масжиди


 

Бу фотимийлар даврининг энг машҳур масжидларидан биридир. Унинг қурилиши халифа Азизнинг буйруғи билан 990 йилда бошланиб, 1012 йилда унинг ўғли Ҳаким Биамриллаҳ томонидан якунланган. Унинг дизайнига Қоҳирадаги “Ибн Тулун” масжиди меъморчилиги катта таъсир кўрстган.

 

“Ар-Рифоий” масжиди


 

Қоҳирада жойлашган “Ар-Рифоий” масжидининг қурилиши 1869 йилда бошланиб, 1912 йилда тугалланган, яъни қурилиш ишлари тахминан 40 йил давом этган. Масжид рифоий сўфийлик тариқати асосчиси Аҳмад ар-Рифоий мақбараси атрофига қурилган. Бу масжидда қироллик оиласи қабрлари ҳам мавжуд.

Масжиднинг мармар тизилмалари инсонни ҳайратга солади. Масжид Мисрдаги анъанавий Ислом меъморчилигининг ажойиб намуналаридан биридир.

 

“Ибн Тулун” масжиди


Мисрда бўлганингизда албатта “Ибн-Тулун” масжидига боришингиз лозим. Бу Қоҳирадаги энг катта ва энг қадимги масжид ҳисобланади. У Макка шаҳридаги “Масжидул Ҳаром” масжидига ҳамоҳангдир. Масжид Гебел Яшкур тепалигида қурилган.

Масжид Миср ҳукмдори Ибн Тулуннинг буйруғи билан 879 илда барпо этилган.

 

“Султон Ҳасан” масжиди

Бу Миср пойтахтидаги яна бир йирик масжид. Унга бириктирилган мадрасада яхши исломий таълим олиш мумкин. Масжид мамлуклар даври меъморчилигининг ажойиб намунасидир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!