Муаммоларимиз сабабчиси Исломми?

18:00 21.05.2018 2181

Мустабид совет ҳукуматидан озод бўлганимиздан буён Ўзбекистон учун Ислом дини ўта нозик мавзу бўлиб қолмоқда. 27 йиллик янги тарихимизга қарасангиз, миллат миқёсидаги катта талафотларнинг барчаси у ёки бу йўсинда албатта Ислом динига тиркашга ҳаракат қилинади. 1991 йилги Наманган воқеалари, 1999 йилги Тошкентдаги портлашлар, 2005 йилги Андижон… Хулосага шошган одам, дарров ўйлашни бошлайди – демак фалокатимиз сабабчиси Исломми?! Худо сақласин, асло йўқ! Менинг назаримда, муаммонинг илдизи бошқа томонда. Бутун бошли бир авлод етишиб 27 ёшга тўлдиямки, биз ҳали ҳануз давлат ва дин деган тушунчалар ўртасида мутаносибликни йўлга қўя олмаяпмиз.

Янги ҳукумат «энди ҳаммаси бошқача бўлади, бу ислоҳотларимиз орқага қайтмас характерга эга», деб халқни ишончини қозона билди. Инсон ҳуқуқлари тўла тикланиши, ҳеч қайси дин, касб, тоифа вакиллари камситилмаслиги, қонун олдида ҳамма баробар эканлиги минбарларда янгради. Халқнинг турмуши ҳар жабҳада тубдан ўзгариб кетмаган эсада, фуқаро манфаатлари йўлида қилинаётган уринишлар ички ва ташқи доираларда юқори баҳоланиб, юрт раҳбари номига кўп таҳсинлар айтилди. Айнан мана шу хатти-ҳаракатлар ривожланган давлатларнинг Ўзбекистон сари қадам ташлашига, ватанимизга катта миқдордаги хорижий сармоянинг кириб келишига замин ҳозирлаб турибди. Бу билан ўз навбатида халқни ичидан кемириб келаётган ишсизлик муаммосига салмоқли ечим топиш ва турмуш тарзини яхшилаш мақсад қилинди.

Мана шундай кўтаринки кайфиятда янги ҳукумат бошчилигидаги иккинчи Рамазонни ҳам қаршиладик. Аммо, таассуфки, ҳали Рамазоннинг рўзасини тутиб улгурмасимиздан ижтимоий тармоқларда мусулмонлар ларзага келди. Бирин-кетин яна ўша оғриқли мавзу бўй кўрсата бошлади. Интернет сарҳадларида таровиҳ намозларида 18 ёшга етмаганларнинг масжидларга киритилмаётгани, рўзадор ўқувчиларнинг рўзаси мажбуран очтирилгани каби хабарлар болалаб кетди. Бундай норозилик кайфиятини кузата туриб, одамнинг ич-эти эзилиб кетяпти. Аввалги соқол ва ҳижобга бўлган ноқонуний тақиқлар ортидан булар энди дард устига чипқон бўлди. Камига мана шундай ҳолатларда баъзи зиёлиларнинг «Халқнинг олдида шунча ташвиш турганда шу биргина рўмол ёки масжидга бориш масаласи шунчалар муҳимми? Халққа фойдалироқ мавзу муҳокама қилинса бўлмайдими?» қабилидаги эътирозлари қулоққа чалиниб қолади. Аммо, унутмаслигимиз керак, мана шу норози одамлар ҳам халқ, улар ҳам шу юртнинг ажралмас бўлаги. Ўйлаб кўрилса, қорни оч одамга йўлларнинг текис эмаслигининг сариқ чақалик аҳамияти йўқ бўлганидек, ҳар бир фуқаронинг ўз ташвиши бор ва ҳукумат учун буни эътиборсиз қолдириш зинҳор жоиз эмас. Чунки ҳукумат бу – ана шу фуқаролар ўзи сайлаган вакиллардан иборат жамоа демак!

Муаммога қайтсак, бундай дилхираликларнинг аксари негадир айнан Наманган вилояти чекига тушаётгани одамни жиддий хавотирга солади. Ҳаммамизга маълумки, водий аҳли, шу жумладан, наманганликлар ҳам Ислом аҳкомларида анча қатъиятли эканлиги ва шунинг учун бу ерли аҳоли ноҳақликка тоқат қила олмаслиги билан ажралиб туради. Айнан маълум ҳудудларда ва халқ бундан норози эканлигига қарамай кузатилаётган тақиқлардан қайсидир тоифа одамлар аҳолида сунъий норозилик кайфиятини уйғотиш ва натижада халқнинг бошига яна эски кунларни қайтаришни мақсад қилганмикан деган тахмин одамни маҳзун қилаётир.

Ачинарлиси шундаки, мавжуд ҳолат бундан бошқача тахмин қилишга йўл қолдирмаяпти. Агар, Худо кўрсатмасин, фаразимиз тўғри чиққудек бўлса, ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: бундан ким манфаатдор?! Зотан деярли ҳамма соҳада раҳбарлар алмаштирилди ва янгиларнинг иш юритиш фалсафаси қонун ҳамда президент топшириқларига монанд бўлиши керакдек. Шунингдек, айнан инсон ҳуқуқларидек нозик мавзуни тегиб ўтадиган эътиқод эркинлигига тажовуз қилиш масаласи янги ҳукумат учун Ўзбекистон ичида ҳам, ташқарисида ҳам фақат зарарга ишлаши кундек равшан. Узоқ йиллик тажрибага эга бўлган юртбошимиз буни яхши билади. Хўш, унда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган бундай буйруқларни қайси раҳбарлар беряпти?!

Шу нуқтада бизнинг тасаввур доирамиз чекланади. Расмий ташкилотлар сукут сақлашда давом этар экан, биз ўзимизни турли тахминлар билан чалғита олмаймиз ва расмий изоҳ берилгунга қадар сабр қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Бироқ раҳбарларимиз, яъни бизнинг ҳукуматдаги вакилларимиз, бир нарса ҳақида мулоҳаза юритишлари мақсадга мувофиқ – янги ҳукумат халққа қўрқмай ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашишни ўргатиб улгурди. Бундай вазиятда нафақат эътиқод эркинлигига тажовуз масаласи, балки ҳаётнинг барча жабҳасидаги турли норозиликларга ҳам сукут билан жавоб қайтариш оқилона ўйланган тадбир эмас. Ҳар қандай муаммога дарҳол расмий муносабат билдирилиши ва қонун фуқаролар томонида эканлиги оммага етказилиши керак. Муаммоларга кўз юмишни одат қилган раҳбарлар эса эртами-кечми фош қилиниши ва ўз қўллари билан бутун умрлик меҳнатларини ўзлари кўкка совураётганларини ҳар куни эшитиб-кўриб-билиб турибмиз.

Энди иккинчи томон, яъни фуқаролар, айниқса, мусулмон аҳоли бундай қалтис вазиятда ҳар доимгидан ҳам ақллироқ ва фаросатлироқ йўл тутиши лозим. Қандай муаммо юзага келишидан қатъи назар, қонун фуқаро томонда эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Ҳукумат халқ ўз иродасини ифода этиши учун ҳамма чораларни кўриб келяпти. Биз эса фуқаро ўлароқ ана шу имкониятлардан фойдалана билишимиз, ўзимизда фуқаролик маданиятини шакллантиришимиз зарур. Ҳиссиётларга берилмай, муаммоларимизнинг ечими учун қонуний асосда тегишли ташкилотларга мурожаат қилсак ва унинг ҳал этилишида қатъият кўрсата билсак, ўзимизга ҳам, давлатга ҳам фойда келтирган бўламиз. Ахир Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз билиб айтмиш, ҳеч ким қўш-қўллаб бермайди, аксинча фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун ўзи ҳаракат қилиши зарур.

Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!