Мубашшир Аҳмад: Шундай зотнинг умматларимиз!

21:00 13.01.2018 536

Мақолага тегишли далилларни ўрганаётганимда қуйидаги ҳадиси шарифда узоқ тўхталиб қолдим. Айнан бугунги кунимизга далолатлари борлиги учун китоблардан шарҳини изламадим ҳам. Мана ўша ҳадис:

“Урва Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят этишларича, онамиз айтадилар: “Яҳудийлардан бир неча киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кира туриб: “Ассому алайка”, яъни “Сизга ўлим бўлсин!”, дейишди. Буни мен пайқаб қолдим. Ва: “Сизларга ҳам ўлим ва лаънат бўлсин!”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шошма, эй Оиша! Аллоҳ ҳар ишда юмшоқликни хуш кўради”, дедилар. Мен: “Улар нима деганларини эшитмадингизми, ё Расулуллоҳ?”, десам, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Мен: “Сенгаям шундай бўлсин” деб қўйдим”, дедилар". Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

Ҳадисни ўқиб чиққан киши ўзи ҳам кўп нарсани тушуниб олади. Шундай бўлсада унинг айрим жойларига тўхталсам:
1. Ҳузурларига кирган кишиларнинг одобсизликларини кўринг. Кишининг юзига "Сенга ўлим бўлсин!" дегандан ортиқ ҳақорат бўладими? Ҳозирги пасткашларларнинг қилиғи ҳам ўша адабсизликнинг давоми холос.
2. Оиша онамизнинг хатти-ҳаракатларига эътибор қилинг. Севимли ёри, маҳбуб пайғамбарига нисбатан одобсизлик қилганга муносабат табиий шунақа бўлади. Тасаввур қилинг, биров онангизни сўкяпти. Бу адабсизга қандай муносабатда бўлардингиз? Отам, онам сизга фидо бўлсин, деган умматнинг ҳолини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.
3. "Шошманг, эй Оиша!" Мана бу энди Оиша онамиз тимсолларида умматга хитоб. Шошмоқ шайтондан. Шошганда инсон ақлини йўқотади. Шошганда адолат тарозуси қўлидан тушади, мувозанат йўқолади. 
4. "Аллоҳ ҳар ишда юмшоқликни хуш кўради". Ё Аллоҳ, юзига "Сенга ўлим бўлсин", деган ҳақоратни эшитиб турган Пайғамбарингнинг ахлоқини нақадар гўзал қилгансан! Эй уммати Муҳаммад, расул бизнинг намунамиз! Эргашсак шу зотга эргашайлик, ушласак унинг суннатини ушлайлик. Аллоҳ ҳар ишда юмшоқликни хуш кўради!!!
5. "Сенгаям шундай бўлсин!" деб қўйдим". 

Бу энди ҳақ ва мувозанатли муносабат, муомаладир. Душман сўкди, муносабат ҳам шунга муносиб бўлди. Лекин душман даражасига тушмадилар жанобимиз! Бизга ўхшаб қўпол ва сўконғич бўлмадилар. Аммо индамай ҳам кетмадилар. Агар менга саломатлик истаган бўлсанг саломат бўл, агар ўлим тилаган бўлсанг, ўзинг ҳалок бўл, қабилида бўлди жавоблари. Одобсизларнинг оқибати эса сийрат ўқиган кишиларга маълум..

Пайғамбари ноҳақ ҳақоратга учраётган кишиларнинг аламларини ўзим ҳам танамда ҳис қилиб турибман. Мусулмон қорнига йиғламайди, ҳатто қадригаям йиғламайди... Бироқ дунёдаги ҳамма нарсадан севимли Пайғамбари калака қилинса оғриқдан ўлиб қолай дейди. 

Аммо уммат эканмиз, ҳозирги мураккаб замонда ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларини унутмайлик:

Аллоҳ ҳар ишда юмшоқликни хуш кўради!!!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!