Муфассал фиқҳ. Рўза китоби: Рўзанинг турлари (давоми)

22:00 15.05.2018 245

2 – Хос вақтга таъйин қилинмаган фарз рўза. Бу Рамазоннинг қазоси ва каффорат рўзаларни ўз ичига олади. Рамазоннинг қазоси узрли ё узрсиз Рамазонда рўза тутмаган кишига, қолдирган миқдорда фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади» («Бақара» сураси, 184-оят). Демакки узр билан рўза тутмаганга бошқа куни қазо рўза вожиб бўлар экан, узрсиз тутмаганга қазо янада авло равишда вожиб бўлади. Ояти каримага кўра қазо дарҳол тутилиши шарт эмас, балки секин-аста тутилса ҳам жоиз бўлади. Намознинг қазоси эса бундай эмас. Уни тезликда ўқиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутса, уни эсига тушган пайтда ўқисин!».

Шунингдек қазо узлуксиз тутилиши шарт эмас. Кейинги Рамазон келиши билан тутилмаган қазолар соқит бўлмайди.

Каффорат рўзалари эса қуйидагилардир:

Қасам каффоратининг рўзаси. Уни узлуксиз уч кун тутилади. Бу рўзалар ичган қасамини бузиб, қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш ёхуд кийинтиришга қодир бўлмаган кишига вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларнинг беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутар. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир» («Моида» сураси, 89-оят).

Зиҳор каффоратининг рўзаси. У икки ой узлуксиз тутилади. Бу рўзалар хотинини зиҳор қилган ва шундан кейин жимога қарор этган кишига, қул озод қилишдан ожиз бўлганда вожиб бўлади. Зиҳор қилувчи эр бўлиб, хотинининг бирор аъзосини ўзига абадий никоҳи ҳаром бўлган аёлнинг аъзосига ўхшатади. Масалан хотинига: «Сен менга онамнинг орқасидексан», дейди ва бу билан ўзига хотинининг жимоси ва унгача бўлган ишларни, то каффоратни адо этгунча ҳаром қилиб олади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан ўз хотинларидан зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у(хотин)лар оналари эмас. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар. Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчидир. Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Ким қул топмаса, бас, (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор» («Мужодала» сураси, 2-4-оятлар).

Билмасдан одам ўлдирганнинг каффорат рўзаси

Бунда ҳам рўзани зиҳор каффоратига ўхшаб узлуксиз икки ой тутилади. Билмасдан одам ўлдириш жиноятини содир этган киши жазо ўлароқ бир мўмин қулни озод қилишга ожиз бўлса, мазкур каффорат вожиб бўлади. Аллоҳ таоло: «Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш», дегандан сўнг яна: «Ким (қулни) топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир», дейди («Нисо» сураси, 92-оят).

Рамазонда рўза тутмаганнинг каффорат рўзаси

Бу ҳақда батафсил алоҳида фаслда сўз боради.

Ўлжа учун жазо рўзаси

Эҳромли киши ўлжани ўлдирса ёки уни овлайдиган кишига кўрсатиб қўйса, унга ўлжанинг жазоси вожиб бўлади. Ўлжанинг жазосини икки одил киши ов жойида баҳолаб беради. Сўнг жиноятчи бу қийматга қурбонлик сотиб олиб Маккада сўяди. Ёки унга буғдой сотиб олиб, ҳар бир мискинга ярим соъдан* садақа қилади. Агар хоҳласа ҳар ярим соъ учун бир кун рўза тутади. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир» («Моида» сураси, 95-оят).

Узрли ҳолда эҳромга жиноят қилиш фидяси сифатида рўза. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаган киши узрли ҳолда хушбўйланса, сочини олдирса, ёки тикилган кийим кийса, унга бир қўй сўйиш, ёки олтита мискинга, ҳар бири учун ярим соъдан буғдой садақа қилиш ёки уч кун рўза тутиш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин» («Бақара» сураси, 196-оят).

Таматтуъ ёки қирон ҳажларидаги қурбонлик ўрнига ўтадиган рўза. Бу рўза ўн кунлик бўлиб, таматтуъ ёки қирон ҳажини адо этиб, қурбонлик сўйишга ожиз бўлган ҳожига лозимдир. Унинг уч кунини ҳайитдан олдин, ҳаж асносида эҳромдалик ҳолида тутилади. Етти кунини эса ҳаж амалларидан бўшагандан кейин тутилади. Аллоҳ таоло айтади: «Агар тинч бўлсангиз, ким умрадан ҳажгача ҳузур қилган бўлса, муяссар бўлган қурбонликни қилсин. Ким топмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганингизда – ҳаммаси ўн кун тўлиқ рўза тутсин» («Бақара» сураси, 196-оят).

* Бир соъ - тўрт қилодан ўтадиган ўлчов бирлиги.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!