Муфассал фиқҳ. Рўза китоби: Рўзанинг турлари

22:00 14.05.2018 262

Рўза моҳиятига кўра бир хил бўлади. Аммо ҳукми ва машруъли даражасига кўра бир неча хил бўлади:

1. Рамазон рўзаси каби муайян вақтга хос фарз рўза.

2. Рамазон қазоси ва каффорат рўзалари каби муайян бўлмаган рўза.

3. Аниқ вақтга тайин қилинган назр каби муайян вожиб рўза.

4. Мутлақ назр каби муайян вожиб бўлмаган рўза.

5. Ҳар ойнинг ойдин тунлари рўзаси каби мустаҳаб-нафл рўзалар.

6. Икки ҳайит рўзаси каби макруҳи таҳримий рўзалар.

7. Ошуронинг ўзида, шанба кунининг ўзида, Наврўз ва Меҳржон кунларига атаб тутилган рўзаларга ўхшаш макруҳи танзиҳий рўзалар. (Буларнинг ҳаммаси ҳақида батафсил тўхталамиз, иншааллоҳ.)

1 – Хос вақтга тайин қилинган рўза. Бу Рамазон ойи рўзаси бўлиб, унинг фарзлиги Қуръон, Суннат ва ижмои уммат билан собит бўлгандир. Аллоҳ таборака ва таоло айтади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз” (“Бақара” сураси, 185-оят).

Бу ояти карима ҳижратнинг иккинчи йилининг шаъбон ойида, қибла Каъбага ўзгарганидан кейин Рамазон рўзасини фарз этиб нозил бўлди.

Рамазон рўзаси Ислом рукнларидан бири бўлиб, уни инкор қилган кофир ва тарк этган фосиқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ислом беш нарсага бино бўлди; Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига шаҳодат келтирмоқ, намозни барпо қилмоқ, закотни бермоқ, ҳаж ва Рамазон рўзаси”.

Рамазон рўзаси тўртта шартни ўзида жамлаган кишига фарзи айн бўлади:

1. Ислом.

2. Ақл.

3. Балоғат. Рамазон рўзаси балоғатга етмаганларга фарз бўлмайди. Лекин катталар рўза тутишга тоқати етадиган болаларни рўза туттиришлари керак. Унда жисмнинг тузилиши, рўзанинг ёз ёки қишда тутилиши каби ҳолатлар эътиборга олинади. Ўн ёшга етган болани рўза хусусида худди намозда бўлгани каби урилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Болаларингизни етти ёшда эканларида намозга буюринг. Ўн ёшда эканларида унинг учун уринг ва ётоқда ўрталарини ажратинг”. Агар бола рўзасини бузиб қўйса, қазосини тутишга буюрилмайди. Чунки бунда машаққат бор. Аммо намозда акси, яъни бузиб қўйса қайта ўқишга буюрилaди. Сабаби намозни қайта ўқиш қийин иш эмас.

4. Куфр диёрида исломга кирган киши Рамазон рўзаси фарзлигини билмоғи. Мусулмон мамлакатда бўлса у шарт лозим эмас. Чунки мусулмон диёрда билмаслик узр саналмайди. Шунга биноан, ўтказиб юборган кунларининг қазосини тутади. Куфр диёридаги киши эса, то унинг фарзлигини билгунча тутмаган рўзаларининг қазосини тутиш вожиб эмас. Бу ўринда билмаганлик узр бўлгани ва таклифни соқит қилгани учун ўтган қазоларини тутмайди. Унга икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл ёки бир адл киши хабар бермагунча илм ҳосил бўлган деб ҳисобланмайди.

 

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!