Муфассал фиқҳ. Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ишлар (давоми бор)

03:00 10.06.2018 413

Олдинги ўтган ҳукмлардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, нина санчиш йўли билан ёнбош ёки вена орқали тери остига юбориладиган дорилар рўзани бузади. Чунки тиббий изланишларга кўра, шифобахш модда жойида ўрнашиб, жуда оз вақтда бутун баданга тарқайди. Унда инсон танасига манфаат бор. Бу ўринда фуқаҳолар модда сабабли рўза бузилиши учун, у жароҳат орқали кирган бўлишини шарт қилишади. Бунда жароҳат шу даражада чуқур бўлиши керакки, модда ичга ёки бошдан мияга ўтиши керак, деган мазмунда эътироз бўлиши мумкин.

Бу эътирозга жавоб бундай: Улар бу шартни даво тана ичига етиб, ўрнашган бўлишини аниқлаб олиш учун қўйишган. Қадимда бир марта укол қилиб, моддани тана бўйлаб бирпасда тарқатиш йўлини билишмаган. Бунда эътибор Ибн Обидийн айтганларидек, тана ичига етиб бормоқдир. Агар чуқур жароҳатга қўйилган қуруқ малҳам, ичга етиб боргани аниқ бўлса рўзани бузади. Агар у етиб бормагани аниқ бўлса, рўза фосид бўлмайди.

Рўзанинг бузилиш ва бузилмаслиги модданинг ичга етиб борган ва бормаганига боғлиқ экан, тиббий муолажаларнинг замонавий воситалари уни ичга етиб боришига бизни ишонтиради. Демак бу ҳолатларда рўза очилади, дейилиши керак. Сув билан ҳўлланган бармоқни орқага киргизганда рўза очилади, деб турилганда, замонавий тиббий йўллар воситасида катта миқдорда юбориладиган ёки тананинг ҳамма қисмига янги қон етказиб борадиган моддалар рўзани очмайди, десак ақлга тўғри келмайди.

Шунингдек, модданинг ўзи тана юзасидан ичига етиб бориши билан, ичга нина йўли билан юбориладиган ҳолат ўртасини фарқлаб олиш керак. Агар малҳам тери устига, юза жароҳатга қўйилса, шу аснода у тана ичига оқса ва қон билан ҳамма томонга тарқаса, шубҳа йўқки модда ичга етиб борган. Лекин у ташқи куч воситасисиз ўзи етиб борган. Худди терини ёғлаганда тана тешикчалари орқали ичкарига кирганда бўлгани каби рўзани бузмайди. Шунингдек олдин ўтдик, фуқаҳолар ғусл қилиш ёки чўмилиш асносида қулоқ ичига сув кирганда, рўза бузилмайди, дейишган ҳолат билан қулоқ ичига томизиш билан сув ёки дори киргизганда, рўза очилади дейишган ҳолат ўртасида фарқ бор. Тешикчалар ёки юза жароҳатлар орқали ўзи етиб борган модда рўзани бузмайди. Аммо инсоннинг тасарруфи ва иши билан етиб борган моддалар рўзани очиши керак, деб ўйлаймиз.

Шунга кўра рўзадор уколини тунга қадар кечиктириб туриши керак. Агар кундузи укол олишга мажбур бўлиб қолса, у касалдаги мажбурлик ҳолатига кўра рўза тутмай, бошқа куни қазо қилиши лозим.

Қосир ақлимиз билан етиб келган хулосамиз шу бўлди. Катта уламоларнинг кўплари бизнинг бу хулосамизга қўшилмасликларини ва уколнинг баъзиларида рўза очилмайди, дейишларини ва уларнинг сўзларини ҳам олишингиз мумкинлигини сиз ўқувчиларга маълум қилиб қўйсак. Аммо ибодатларда эҳтиётни ушлаш матлуб. Валлоҳу аълам.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!