Мьянма Бангладешга “террорчилар рўйхати”ни топширди

12:00 14.02.2018 258

Мьянманинг Ракхайн штати ва бошқа ҳудудларида ҳали ҳам мусулмон роҳинжаларга нисбатан зўравонликлар давом этмоқда. Мьянма ҳукумати эса қочқинлардан тузилган “террорчилар рўйхати”ни Бангладешга топширди ва уларнинг депортация қилинишини истамоқда.

“Зўравонликлар кўлами камайган бўлса-да, Бамар ва Ракхайндаги роҳинжаларга полиция ва хавфсизлик кучлари ҳали ҳам таҳдид қилмоқда”, – деди БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Мирослав Йенча Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида.

Унинг маълум қилишича, 688 минг роҳинжа зўравонликлардан қочиб Бангладешга келган. 2017 йилнинг августида полиция участкасига ҳужумдан кейин хавфсизлик кучлари роҳинжаларни ўлдириш, қийнаш, зўрлаш ва бутун бошли қишлоқларга ўт қўйиш кампаниясини бошлаб юборган.

Мьянма ҳукуматининг даъво қилишича, 1300 нафар “террорчи” қочқинларнинг орасида аралашиб кетган. Уларнинг исмлари ва расмлари расмий газетада эълон қилинган.

БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Мирослав Йенча Мьянма ҳукуматининг бу ҳаракати қочқинларнинг ортга қайтиши борасида жиддий саволлар туғдиришини ва қайтмоқчи бўлганларни қўрқитишини айтди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!