Надомат аломати

09:00 07.06.2018 339

Қачонки, надомат алами кучайса, гуноҳларга каффорат умиди кўпаяди. Соғлом надоматнинг аломати кўнгилнинг юмшаши, кўз ёшининг мўллигидир.

"Тавба қилувчилар билан мажлис қуринглар. Чунки, улар энг кўнгилчан кишилардир" (ибн Абу Дунё ривояти).

Қалбда гуноҳнинг ҳаловати эмас, балки аччиғи ҳукмрон экан, унга майлнинг ўрнини уни ёмон кўриш, гуноҳга рағбатнинг ўрнини эса ундан қочиш эгаллаши надоматнинг аломатларидандир.

Исроилийётда келадики: "Пайғамбарлардан бирлари кўп йиллар ибодатга жаҳд этса ҳам, тавбаси қабул бўлмаётган банданинг тавбаси қабул бўлишини сўраб, Аллоҳга илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ таъоло айтибдики:

— "Буюклигим ва улуғлигимга қасамки, гуноҳининг ҳаловати ҳануз қалбидан кетмаган экан, еру осмон аҳли унга шафоат тиласалар ҳам, минбаъд тавбасини қабул қилмагайман".

"Гуноҳ инсон табиати хоҳлаган амал бўлса, қандай қилиб унинг аччиқлигини сезиш мумкин?" деб сўраяпсан. Бу саволингга шундай мисол билан жавоб берамиз: ичига заҳар қўшилган асални истеъмол қилган киши, даставвал заҳар таъмини сезмайди, балки фақат асалнинг лаззатини туяди. Кейинроқ ўзини нохуш ҳис этади, иситмаси кўтарилиб, ўқчийди. Бўғинларда оғриқ зўрайиб, ҳолсизланади, туклари тўкилиб, аъзолари фалаж бўлиб қолади. Энди битта савол: агар шу кишига яна асал узатишса, гарчи ўлгудай оч, ширинликка "ташна" бўлса-да, асалдан ўзини олиб қочадими ёки йўқ? Албатта, бундай ҳолатда унинг "ичида заҳари бор" деган шубҳа билан асалдан қочиш эҳтимоли кўпроқ. Камдан-кам ҳолатда, яъни бир тотиб кўриш ёки зарурат туфайлигина асалга қўл чўзиши мумкин.

 

Абу Лайс Самарқандий роҳимаҳуллоҳ

Интернет сарҳадларидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!