Наждлик “биродарларга” Имом Бутийнинг насиҳатлари

20:35 23.11.2017 910

Сизлар, китоблари ва аудио-тасмалари орқали ўз мурожаатлари билан ушбу умматнинг уламолари, Аллоҳ йўлидаги даъватчилари ва солиҳ кишиларига мухолиф бўлиб, уларни сўкиш ва таъна тошларини отиш билан машҳур бўлган Муқбил ибн Ҳодий ал Вадоийни Мадинаи мунавварадаги ислом университетени тугатиши муносабати билан “Расулнинг қабри устига қурилган қубба” номли илмий ишида нутқ сўзлашига рухсат бердинглар. Бу иш шайх Ҳамод Ансорийнинг раҳбарлигида тайёрланган эди.

Ушбу маърузада у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифларини чиқариб ташлашни ҳеч бир истиҳоласиз очиқчасига талаб қилди ва қуббаи шарифни катта бидъат деб, уни олиб ташлаш ва бузишни талаб қилди.

Бу иши учун унга зафар ва муваффақият қозонганлик тўғрисидаги унвон бердинглар.

Ислом элчиси, Аллоҳнинг ҳабиби ва дўсти, оламларга раҳмат қилиб юборилган зот соллалоҳу алайҳи ва салламдан юз ўгирган одамга эҳтиром кўрсатасизларми?!

Ҳолбуки бу одам йўлингиздан таъсирланган ўзига эргашувчи юзлаб издошларини ўз йўлига йўналтирди. У уларни қурол кўтарган ҳолида солиҳ мусулмонларнинг, биринчи навбатда Адн ва Хазрамавтнинг баракаси бўлган Имом Раббоний ал Ҳабиб ал Айдарус раҳматуллоҳи алайҳининг қабрларини бузиб, вайрон қилиш учун йўналтирди. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг макру ҳийлаларини қайтариб, у зотнинг ётган жойлари янгиланди. Яманнинг Адн шахрида у киши қабрларининг гумбази қайта таьмирланди.

Кейин улар ер юзида вайроналар қилиб, фасод уруғини сепдилар. Ўликлар қабрларини белкурак ва шунга ўхшаш нарсалар билан титкилаб қидирдилар, ҳаттоки айрим ўликликларнинг суякларини чиқариб олиб, уларни беҳурмат қилдилар. Ёпиқ фитнани қўзғадилар. Улар бу ишда Яманнинг баъзи жойларида (динамитлар) портлатлатганларидан ҳам ҳабаримиз бор (буларнинг бари қилмишларингиз саҳифасидир).

Мўминларнинг онаси, аёллар саййидаси ва энг улуғи ҳамда оламлар Роббисининг элчиси Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва олиҳи ва салламнинг биринчи суюкли аёллари Ҳадижа онамиз уйларини бузилишига эътироз билдирмай, унга рози бўлдинглар.

Бу уй қудрат ва буюклик Роббисидан биринчи ваҳий тушган жой эди. Шундай жойни бузилишига ва бузилганидан сўнг у ерни ҳожатхоналар ва унитазли туалетлар ҳамда таҳоратхоналар бўлишига рози бўлиб индамай туравердинглар. Аллоҳдан қўрқиш қаерда қолди? Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уялиш қайда қолди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бус-бутун сақланиб қолган қадимий осору атиқаларни бузишга журъат этдингиз ва бу ишларни ўзингизга одат қилиб, тинмай уриниб келаяпсиз.

Бузилиб кейин чорва моллари учун бозор қилинган, сўнгра тўғри йўлдаги олийжаноб кишиларнинг моҳирлиги ва эпчиллиги билан кутубхонага (Макка мукаррама кутубхонаси) айлантирилган жой (Расулуллоҳ туғилган ҳурматга сазовор жой) эмасмиди?

Бу жойни ёмонлик, таҳдид ва интиқом кўзлари билан айблайдиган ва унга бало офат келишини кутиб турадиган кишиларга айландингиз. Очиқдан-очиқ у ерни бузишни талаб қилдингиз ва бир неча йил илгари бу тўғрисида уламоларингиз катталаридан тегишли қарорни қўлга киритганингиздан кейин миршаблар таёрладингиз ва уларни бу ишга кўндирдингиз (менда унинг аниқ ёзув тасмаси турибди).

Лекин икки харами шарифнинг ходими оқил, натижа ва оқибатларини билган доно подшоҳ Малик Фаҳд сизларнинг талабингизни назар-писанд қилмасдан, бу ишни тўхтатиб қўйди. Аллоҳ таоло марҳаматли пайғамбари орқали, сизу бизларни ҳамда боболаримизни зулуматлардан ёруғликга чиқарса-да, у кишига нисбатан бундай муносабатда бўлиш, эҳ бу қандай одобсизлик ва бевафолик. У кишининг муқаддас ҳавзига (сув ичиш учун) келганда қандай уят... Эҳ бу қандай бахтсиз ва ёмон фирқаки, сўзи ёки қилмиши билан ўз Пайғамбарини ёмон кўриб уни тахқирласа ва қадамжоларини йўқ қилиш учун ҳаракат қилса! Аллоҳ таоло бизларга айтади:

˝Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг˝. Бақара, 125.

Аллоҳ таоло Бани Исроилга юборган Толут, Мусо ва Ҳорунлардан мамнун бўлиб айтади:

"Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди". Бақара, 248.

Муфассирлар айтадиларки, айтилган қолдиқ Мусо алайҳиссаломнинг хассалари ва икки кавушларидир.

Агар истасангиз Набий алайҳиссаломга тааллуқли бўлган ва у кишидан қолган нарсалар ва саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларнинг мазкур нарсаларга қизиқишлари ҳақида саҳиҳ Бухорий саҳифаларида ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларни ўқинглар. Бу қалби борларга ва зеҳн билан қулоқ осганларга кифоядир ва ақлини ишлатиб мулоҳаза қиладиган қавмлар учун етарлидир.

Илгари ўтган ота боболарингиз ҳанбалий мазҳабида бўлиб, улар шайх имом Аҳмад ибн Ҳанбал рахматуллоҳи алайҳига эргашган ва у кишига тақлид қилиб келганлар. Уларнинг бошланиши Ибни Таймия, Ибн ал Қайюм, Ибн Ражаб, Ибн Абдулҳодий, Ибни Қудома ал Мақдисий улардан кейин давом этиб Аз Заркаший, Маръо ибн Юсуф, Ибн Ҳубайра, ал Ҳижовий, Ал Мардавий, Ал Баълий, Ал Баҳутий, Ибн Муфлих уларни охирида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва унинг авлодлари, Муфтий Муҳаммад ибн Иброҳим, Ибн Ҳумайдлардир. Аллоҳ уларга раҳм қилсин.

Лекин сизлар ҳозирда бу мазҳабдан воз кечдинглар ва (сиз салафийлар) шайх Абдулазиз бин Боз (ал Мажаллату ас Саудия) журналида (чиқарган фатво ва кўрсатмаларда) билдирган нарсани айтаяпсизлар.

Бунинг устига у ҳанбалий мазҳабига таянмайди ва бу мазҳабни ҳам ушламаган.

Сизлар фақат Китоб ва суннатга амал қиласизлар ҳалос.

Субханаллоҳи таоло... Имом Аҳмад ва у кишининг бошқа имом дўстлари фақатгина шу икки нарсанигина ушлаган кишиларданмидилар?  Ёки сизлар, шайх ва унга эргашганлар мужтаҳиду мутлақ мартабасига – ўзидан олдинги имомга эргашмай ва унга тақлид ҳам қилмайдиган, фақат ўз раъйига кўра ижтиҳод қилувчи имом мартабасига етиб қолдингларми?

Биз сизларни бундай деб ўйлашингиздан огоҳлантирамиз. Аллоҳ таолодан билимсизлик, такаббурлик ва даъволашувдан паноҳ беришини сўраймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳабар берган замондагилардан бўлиб қолишимиздан паноҳ сўраймиз.

У зот айтганлар:

˝Албатта қиёмат олдидан шундай кунлар бўлиб, унда жаҳолат тушиб, илм кўтарилади, ва шовқин-сурон кўпаяди. Шовқин-сурон қатл қилишдир˝.

Имом Бухорий ўзининг саҳиҳи 89/8 ˝Ал-Фитан˝, “Фитналарнинг зоҳир бўлиши” боби.

У зот соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганларки:

"Аллоҳ таоло бандаларидан олиб қўядиган илмни бирдан тортиб олмайди, лекин илмни уламоларни тортиб олиш билан олади. Ҳатто олим қолмаганида одамлар жоҳилларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнгра улар сўраладилар, бас, кейин улар билимсиз фатво бериб адашадилар ва бошқаларни ҳам адаштирадилар".

Имом Бухорий ўзининг саҳиҳида ривоят қилган. ˝Ал-Илм˝ 33/1. ˝Илм қандай тортиб олинади˝ боби.

Ёшларни ва ақли паст ўспиринларни бу умматнинг ўтган соддадил ва солиҳ даҳоларига ҳужум қилишлари учун йўл қўйиб бердинглар.

Шундай даҳолардан бири ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий рахматуллоҳи алайҳга ҳам тош отдилар. Ироқий ва Зубайдийларнинг "Иҳёу улум ад-дийн" китоби шарҳини ўзида жамлайди деган мақсадда Маҳмуд Хаддодни китоб нашр қилишига рухсат бериб, унга бепарво қарадинглар.

У китобининг муқаддимасида Имом Ғаззолий рахматуллоҳи алайҳни залолатга ва мусийбатларга отиб ташлади.

Ўз-ўзидан маълумки, бундай турли ҳужмлардан кейин сизларнинг матбуотингиз Имом Ҳасан ал Ашъарий ва бир неча юз йиллардан бери у кишига эргашиб келаётган мусулмонларнинг катта жамоасини, йўлдан адашганлар ва бошқаларни ҳам йўлдан адаштирувчилар, дея уларга ҳам тош отдилар ("Ал-Буҳусу ал-исломия", "Исломий баҳслар", "Манҳажу аҳлус-сунна ва ал-жамоа", "Аҳлу суннат ва жамоат йўли" ва бошқа чиқарган журналларингиз ададларига қараб текшириб чиқинглар).

Мен шу ададлар тўғрисида вақф ишлари вазири шайх Абдуллоҳ ал Муҳсинга шахсан ўзим хабар берганман... Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Тор қилиб, қисиб қўйдинглар, кейин мусулмонларнинг имомларига ҳоким ва ишбошиларига (насиҳат эшигини) беркитиб, қулфлаб ташладинглар. Бунга ким қарши чиқса, гуноҳкор бўлади, деб фатво чиқардинглар. Мусулмонлар ва уларнинг хокимлари чиройли ваъз насиҳатга жуда муҳтож бўлиб турган вақтда (насиҳат эшигини очган одамга нисбатан) душманлик қилдинглар.

˝Дин насиҳатдир˝ - деган зотга Аллоҳнинг саловоту саломи бўлсин.

˝Биз Расулуллоҳдан кимга, деб сўрадик.

У зот: “Аллоҳга, Унинг китобига, пайғамбарига, мусулмонларнинг имомлари (раҳбарлари)га ва ҳаммаларига”, дедилар». Имом Муслим ўзининг саҳиҳида ривоят қилган. (74/1), (55) рақам.

Илгари бўлмаган, ҳатто ўтган ота-боболарингиз ақида ва манҳажида ҳам бўлмаган катта бидъат учун ҳаракат қилдинглар. Шарафли Бақиъ қабристонини қулфлаб беркитиш, у ерга дафн этишдан ман қилиш, янги қўйилган маййитларни хаёлингиздаги ширк ва бидъат жойидан узоқ бўлган бошқа жойга кўчириш, одамларни Бақиъ қабристонига киришдан ва у ердаги оилаларининг ҳамда саҳобалар, тобеинлар ва бошқа солиҳ кишиларнинг қабрини зиёрат қилишдан қайтариш ишлари учун ҳаракат қилдингиз. Лекин Аллоҳ таоло ҳаракатларингизни барбод қилиб, бу ишни қойим қилувчи икки харами шарифнинг ходими Малик Фаҳдни ҳозирлаб қўйди. У сизлар мақсад қилган нарсани бекор қилиб, Бақиъ қабристонини кенгайтиришга буйруқ берди.

Тасаввуф аҳлини кофирга чиқардинглар, кейин Ашъарийлар ва Мотурудийларни куфрда айбладинглар. Ҳолбуки улар мусулмонларнинг катта жамоаси эдилар. Сўнгра ˝ихвон˝га кейин ˝таблиғчи˝ларга кейин бошқа даъватчи ва фикр қилувчиларга (ҳизбчиларга) айландинглар...

Ўзингиздан бошқа (ҳаммани кофирга чиқариб) мусулмонлардан кимни қолдирдингиз?

Ўзингини дарсларингиздан бошқа ҳамма дарсларни тўхтатдинглар, ўзингизни йўлингиздан бошқа ҳамма мазҳабларни бекор қилдинглар, ўзингизни сухбатингиздан бошқа ҳамма суҳбатларга халақит бердинглар, ўзингини даъватчиларингиздан бошқа даъватчиларни тақиқладинглар. Шундан кейин илм мажлислари тўхтади, таълим-тарбия бериш йўқолди, Қурьон халқалари бўм-бўш бўлиб қолди, зикр мажлисларига эътиборсиз қараладиган бўлди. Эртага Аллоҳ таоло ˝Ва уларни тўхтатинглар! Албатта, улар сўралгувчидирлар˝ (Соффат, 24) деган кунда Роббингизга нима деб жавоб берасизлар?

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси

давоми бор…

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!