Намозда саф тартиби

22:00 22.03.2018 1347

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, аввал эркаклар, кейин болалар саф тортади.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Менинг ортимда сизлардан балоғатга етган ва ақллилар турсинлар. Улардан кейин ортидагилар, сўнг улардан кейин ортидагилар турсинлар".

Абу Молик Ашъарий ривоят этишларича, "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Ортларига эркакларни турғиздилар. Уларнинг ортидан болаларни турғиздилар. Уларнинг ортидан аёлларни турғиздилар". Буни Ибн Абу Шайба "Мусаннаф"ида ва Табароний "Кабир"ида ривоят қилишган. Ҳадисдаги болалардан мурод балоғатга етмаганлардир.

"Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни намозда сафлантирардилар. Эркакларни болалар олдига, болаларни уларнинг ортига қилардилар. Хотинларни эса болалар ортида турғизардилар". Имом Аҳмад ривояти.

Демак, намозхонларни турли сафларда турғизиш бидъат эмас экан. Энг қизиғи, ҳозир буни "бидъат, ҳеч қаерда кўрмаганман" дея, ўзи билмаса ё кўрмаса хотиржам инкор қиладиганлар пайдо бўлган. Жаноблар, дин бу илм, илм эса диндир. Агар билмасангиз жим турсангиз нажот топасиз. "Валлоҳу аълам, бу тўғрида мен ҳеч кароҳият кўрмаяпман", деб гапираётган кишининг сўзларини ўқиб ҳайратдан ёқа ушлайман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатганларидек намозхонларни сафга тизиш жуда бўлмаганда мустаҳаб, хилоф қилиш макруҳ амал. Аммо бунга риоя қилинмаса, намоз бузилмайди. Орага кириб қолган болаларни сафдан чиқариш ярамайди, масжиддан чўчиб қолиши мумкин. Лекин имом тушунтириш олиб бориши, тоқат қадар саф ҳукмларига риоя қилиш керак. Зотан бу бидъат эмас, Муқтадо имомимиз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амалларидир.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!