Нега иймон ҳаловатини ҳис этмаймиз?

04:00 13.06.2018 706

Бу савол кўпроқ ёшлардан келади. “Нега Аллоҳга У Зот буюрганидек мукаммал ибодат қила олмаяпмиз?”, “Нега иймонимиз нури зиёда бўлаётганини ҳис қилмаяпмиз?”, “Нега ибодат лаззатини сезмаяпмиз?” деб сўрашади. Қуйида шу саволларга жавоб беришга уринаман.

Электрон почта орқали ушбу масла тўғрисида кўплаб саволлар келади. Яъни тақвони, иймон ҳаловатини сезмаслик, Аллоҳ азза ва жалладан узоқликни ҳис қилиш ҳақида саволлар келади. Ҳар бир мўмин Роббисига яқин бўлишни орзу қилади. Лекин унда узоқлашаётгандек сезги бўлади.

Ушбу муаммо ҳақида ўйлаб кўрдим. Унинг ечими борасида изландим ва бу ечимни топдим. Иймон ҳаловатини сезмалик, Аллоҳдан узоқликни ҳис этишнинг энг катта, асосий сабаби – Қуръондан узоқлигимиздир.

Қуръон – Аллоҳ таоло ҳақида сўзлайдиган китобдир. Биз Аллоҳни кўзларимиз билан ҳам, ақлларимиз билан ҳам кўра олмаймиз. Чунки, У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. Лекин Аллоҳ таолонинг бизга раҳмати шуки, У Зот Китобини бизнинг орамизга қўйиб қўйди. Агар биз Аллоҳга яқин бўлишни истасак, Унинг Китобига кўпроқ яқинлашишимиз керак.

Хўш, Қуръонга қандай қилиб яқинлашамиз? Жавоб оддий: Қуръонни тушуниш билан яқинлашамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. (Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.) (Нисо сураси, 82-оят).

Агар биз ўтган барча Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг сийратларига назар солсак, ҳаммалари иймон ва ишончлари зиёда бўлиши учун Аллоҳдан ўзларига мўъжиза, аломат кўрсатишини сўраганларининг гувоҳи бўламиз.

Мана, саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом Роббиларига қилган нидоларини Аллоҳ таоло шундай келтирган:

“Эсла, Иброҳим: “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деганда, У зот: “Ишонмадингми?” деди. У: “Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун”, деди (Бақара сураси, 260-оят).

Демак, Иброҳим алайҳиссалом хотиржамлик ва иймоннинг зиёда бўлишини сўраяптилар.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга осмон ва ер ҳақида ўйлаб кўришни амр этган. Нега? Аллоҳга бўлган иймонлари зиёда бўлиши учун. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шудай деган:

“Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатамиз” (Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз.) (Анъом сураси, 75-оят).

Азизларим! Аллоҳнинг яратган нарсалари ҳақида тафаккур қилишга эҳтиёжингиз борлигини ҳис қилганмисизлар?

Аллоҳнинг Китобини ёдлаш, ўрганиш, оятларининг маъносини тушуниш кераклигини ҳис қилганмисизлар?

Қуръонни ҳаётингиздаги энг муҳим нарса деб эътиқод қиласизларми?

Ўйлашимча, жавобинглар “Йўқ” деган сўз шекилли. Чунки, агар жавобинглар “Ҳа” деган сўз бўлганида, ҳеч қандай муаммо қолмаган бўларди.

Ҳаётдаги турли вазиятлар, ҳолатлар, жамиятнинг ғамлари, сиёсий, иқтисодий, ижтимой муаммолар сизларнинг фикрларингизни, мияларингизни банд этиб қўйган. Мияларингизда Қуръонни ўрганиш ҳақида фикрлашга бўш жой йўқ.

Дўстларим! Барча нарсадан олдин Қуръонга бўлган қарашларингизни ўзгартиришингиз шарт! Ҳар бир лаҳзангизда Қуръон билан яшашингиз шарт! Мен ўзим шу ишни машқ қилдим. Биласизларми, таъриф қилиб бўлмас даражада саодатни ҳис қилдим. Тушида Қуръон ва унга боғлиқ мусалаларни кўрган бир инсонни тасаввур қилиб кўринглар. У уйғонганидан кейин ҳам Аллоҳнинг Каломи ҳақида ўйлайди. Қаерга бориб ўтирса ҳам атрофидаги нарсалар унга Аллоҳни эслатади. Шундай инсон бирор мусибат, машаққат, сиқилишга дучор бўлиши мумкинми?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

“Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир” (Анкабут сураси, 69-оят).

Эй қадрдоним! Билингки, Қуръонни тинглашнинг ўзи Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишдир. Аллоҳнинг яратган нарсалари устида тафаккур қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилишдир. Қуръонни тадаббур қилиш ҳам Унинг йўлида жидду жаҳд қилишдир. Эсингиздан чиқмасинки, энг катта жидду жаҳд – Қуръонни ўрганишга, тушунишга бўлган ҳаракатдир.

Қуръонни қандай ўрганамиз? Бир оятини оласиз. Унинг тафсирини ўрганасиз, ўша оятдаги эъжоз (ақлни ожиз қолдирувчи жиҳат)ни ўрганасиз ва бошқа мўминларга ҳам ўша маълумотларни ўргатасиз. Бу нарса – Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга даъватнинг илк кунларида амр қилган нарсадир. У Зот Қуръонда шундай деган:

“Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!” (Фурқон сураси, 52-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу оятдаги “у билан” деган сўзни “Қуръон билан” деб тафсир қилган эканлар.

Қуръон билан жиҳод қилиш дегани – Қуръоннинг мўъжизаларини, ажойиботларини ўрганиш, улар ҳақида тафаккур, тадаббур қилиш деганидир. Биз илм асрида яшаяпмиз. Шунинг учун ҳар бир оятни илмий тафсири билан ўрганишга ҳаракат қилинг!

Психология илми айтяптики, кўпчилик инсонлар бошидан кечирадиган руҳий изтиробларнинг аксари “норозилик”дан келиб чиқар экан. Ҳаётдан норозилик, воқеликдан норозилик, жамиятдан норозилик, хотиндан норозилик, эрдан норозилик, ризқдан норозилик, соғлигидан норозилик ва ҳоказо. Соҳа мутахассислари “Ўзидан, ҳаётидан, воқеликдан рози бўлиб яшовчилар ҳаётда энг кўп муваффақиятга эришадилар” дейишяпти.

Азизим! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қандай қилиб ҳар куни рози бўлиш мумкинлигини ўргатганлар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким “Розийту биллаҳи Роббан ва бил ислами дийнан ва бимуҳаммадин росулан” (Аллоҳни Робб деб, Исломни Дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул деб рози бўлдим) деса, жаннатга киради”. Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд, Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилишган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси бир мусулмон банда тонг оттирганда ва кеч киргизганда уч марта “Розийту биллаҳи Роббан ва билислами дийнан ва бимуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама набийян” (Аллоҳни Робб деб, Исломни Дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Набий деб рози бўлдим) деб айтса, Қиёмат куни уни рози қилиш Аллоҳнинг зиммасида ҳақ бўлади” дедилар”. Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ривоят қилишган.

Агар Аллоҳ таоло мазкур калималарни айтган бандасини қиёматда – ўша банда жудаям қийин вазиятда турган пайтда – рози қиладиган бўлса, у бандасини бу дунёда ҳам рози қилмасмиди?!

Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Тонг оттирганда ва кеч киргизганда” деб алоҳида вақтини таъкидлаяптилар. Нега?

Психологлар “Уйқудан бироз олдин ва уйғонгандан бироз кейин ботиний ақл билан зоҳирий ақл энг мустаҳкам боғланиш ҳолатида бўлар экан” дейишди. Шунинг учун мия ва ботиний ақлнинг қайта дастурлаштириш жараёнида бу икки пайт энг муҳим ўрин тутар экан. Биз “Розийту биллаҳи Роббан ва би-л-Ислами дийнан ва би-л-Қуръани имаман ва би Муҳаммадин набийян ва росулан” деб такрорлаганимизда, миямизга ўзимиздан, Аллоҳнинг бизга тақсимлаган ризқидан рози бўлиш кераклиги тўғрисида мактуб юборган бўламиз.

Аллоҳни Робб деб рози бўлиш – Аллоҳнинг барча ишларидан, қазоси, қадари, ризқидан ва бошқа барча ишларидан рози бўлиш деганидир.

Аллоҳ таоло биз учун ихтиёр қилган дини – Исломдан рози бўлиш дегани Исломнинг барча ҳукмларидан, амрларидан, таъқиқларидан рози бўлиш деганидир. Дунё муаммолари қанчалик кўп ва катта бўлмасин, Аллоҳнинг бизга ато этган Ислом неъматини эсга олганимизда, Ислом дини барчамизни бизга саодат келтирадиган ишларга буюриб, бахтсизликка олиб борадиган ишлардан қайтаришини эслаганимизда муаммолар кўзимизга кичик кўрина бошлайди. Шунинг учун биз бу буюк диннинг таълимотларига оғишмасдан амал қилишимиз керак. 

Аллоҳнинг Китобидан рози бўлиш – Қуръонда келган барча нарсага қаноатланиш, Қуръон ҳаётимиз мазмуни бўлиши, унда биз учун шифо, ҳидоят ва раҳмат бор деганидир.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди”. (Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг. У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.) (Юнус сураси, 57-оят).

Ҳа, Қуръон Аллоҳнинг раҳматидир! Биз Аллоҳнинг раҳмати билан шод бўлишимиз керак!

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:

“Сен: “Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”. (Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир.) (Юнус сураси, 58-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози бўлиш – у кишини Набий, Расул, Раҳмат, биз учун Шифо деб рози бўлиш, у зот алайҳиссалом буюрган барча ишни бажариб, у зот алайҳиссалом қайтарган барча ишдан тийилишдир.

Қадрдонлар! Агар сиз ҳаётингизнинг ҳар бир лаҳзасида бахтни ҳис қилишни истасангиз, Аллоҳ таолога ихлос билан юзланинг!

Ҳар бир ишингизда Унга таваккул қилинг!

Барча ишларингизни Унга топширинг!

Барча муаммоларингизнинг ечимини Ўзидан сўранг! У Зот барча нарсага қодирдир.

Аллоҳ таоло сизга ўз нафсларингиздан ҳам яқинроқлигини ҳис этинглар!

Аллоҳнинг динига, Қуръонга бўлган қарашингизни ўзгартиринглар!

Буюк Холиқ бўлган Аллоҳнинг қадрига етинглар!

Аллоҳ таоло сизлар қилаётган ҳар бир ишларингизни кўриб, кузатиб турганини, ҳар бир шитирлаш, хаёлдан ўтган нарса, гапирилган ёки гапириладиган сўзни, миянгизда айланаётган барча фикрларни билиб турганига чин қалбдан ишонинглар!

Мана шу айтилганлар, менинг назаримда, ўзимиздан, Аллоҳдан рози бўлиш сари, ҳақиқий бахт сари олиб борадиган йўлдир.

Юқорида айтилганларга амал қилсак, ҳар бир ибодатимиз саодат манбаига айланиб боради. Аниқроғи, ўша саодатни биз ҳис қиладиган бўламиз. Ана шунда ҳар бир ўқийдиган оят иймон ҳаловатини ҳис этишимизга сабаб бўлади.

Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбларимиз баҳори, маҳзунликларимизнинг ҳайдовчиси, дилларимиз нури, ғамларимиз ва муаммоларимизнинг кетказувчиси қилгин, омин!

 

Мақола муаллифи: Абдуддоим Каҳел

Таржимон: Нозимжон Иминжонов

 

Манба: muslim.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!