Норвегия масжидларида азонни тақиқлашга ҳаракат қилишмоқда

11:00 28.04.2018 321

Норвегиядаги ўзининг расистлик қарашлари билан танилган Ривожланиш партияси (Fremskrittspartiet – FrP) мамлакат масжидларида азонни овоз кучайтиргич орқали чақирилишига қаршилик кўрсатишда давом этмоқда. Бу ҳақда Islam.ru хабар тарқатди.

Ривожланиш партиясининг муҳожирлар сиёсати билан шуғулланувчи вакили Юн Ҳельгҳаймнинг журналист билан суҳбати давомида билдиришича, ушбу таклиф ҳафта охирида бўлиб ўтадиган партиянинг съездида кўриб чиқилади.

“Ушбу масала инсон ҳуқуқлари бўйича қонун доирасида қандай кўриб чиқилишининг менга фарқи йўқ. Мен учун масжид атрофида яшайдиган одамларнинг хотиржамлиги муҳим. Азон чақирилиши ноқулайлик келтириб чиқармаслиги керак. Ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Конвенцияда азон янграшига тақиқ қўйиш мумкин эмаслиги белгиланган бўлса ҳам, бу мени ўйлантирмайди”, деди Ҳельгҳайм.

Норвегияда азон минорадан чақирилмайди. Балки масжид ичига ўрнатилган овоз кучайтиргич орқали янграйди. Шу сабабли унинг овози кўчага эшитилмайди.

Шунга қарамай Ривожланиш партияси бир неча бор мусулмонларнинг ибодати билан боғлиқ тақиқлар ўрнатилишини талаб қилиб келади.

Ўз навбатида Норвегия Адлия вазирлиги азоннинг тақиқланиши диний эркинлик ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг принципларига номувофиқ эканини билдирди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!