Нью-Йоркнинг “Метрополитан” музейидаги Самарқандда ёзилган Қуръон оятлари

22:00 15.01.2018 658

Айни пайтда АҚШда бўлган юртдошимиз барчамиз учун қизиқ бўлган маълумотни юборди:

“Нью-Йоркнинг “Метрополитан” музейини томоша қилиш асносида Умар Ақто томонидан ёзилган Қуръон саҳифасига кўзим тушди. Саҳифада Муборак каломнинг “Қасос” сураси 82-84-оятлари тасвирланган.

Музейда мазкур саҳифа тўғрисида қуйидагича маълумот берилган:

“Ушбу саҳифа дунёдаги энг катта ҳажмда ёзилган Қуръон нусхаларидандир. Нусханинг ҳар бир қатори 90 см бўлиб, ҳар бир саҳифаси 2 метрдан узунроқ ҳисобланади. Бу китоб, тахминларга кўра, Амир Темур буйруғи билан кўчирилган бўлиб, хаттот Умар Ақто қаламига мансуб. Китоб Самарқанд шаҳрида, 1405 йилдан олдин ёзилган. Музейга Самуэл Т. Питерс томонидан 1918 йилда ҳадя қилинган”.

Azon.uz изоҳи: “Қасос” сурасининг 82-84-оятлари қуйидагича:

“Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга ютгизар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар. (Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди).

Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Ўша илмлилар айтган охират диёрини ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларнинг ер юзида бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади).

Ким бир яхшилик келтирса, унга у (яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор. Ким бир ёмонлик келтирса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазоланурлар. (Яъни, яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади. Ёмонлик эса, ўз ҳолича жазога тортилади. У кўпайтирилмайди).

Беҳзод ҲОШИМОВ
АҚШдан Azon.uz учун махсус

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!