Оила бугунги муаммолар қаршисида. Талоққа шошилманг

15:56 16.09.2017 601

Абдуллоҳ Носиҳ Алвон айтади: “Ислом дини эр-хотин олдига бир-биридаги ҳақларни баён қиладиган йўлни белгилаб берган. Бу йўлни ўзларига аниқлик билан татбиқ қилсалар, бахтиёр ҳаёт кечирадилар. Муаммолар қайғуси ва кундалик ташвишлар дилларини хира қилмайди”.

Лекин, афсуски, эр ёки хотин ёхуд иккиси ҳам ҳақларни адо қилишда Ислом ўрнатган йўлдан ўзларини олиб қочади. Бунинг оқибатида зиддиятлар келиб чиқади ва муаммолар пайдо бўлади. Улар бир-бирига адоват ва нафратни ичларида сақлаб юришади. Айрим ҳолларда қарама-қаршиликлар аланга олиб, зиддият авжига чиқади. Ишнинг охири эса ажрашиш ёки талоққа етиб боради. Масалан, хотин эрига ёмон муомала қилса, шариат юзасидан қараганда, эр дарҳол талоқ айтишга ўтиши керакми ёки аввалига Ислом кўрсатган йўлга амал қилиши лозимми? Ёки, аксинча, эр хотинига ёмон муомала қилганида, хотин шу заҳотиёқ ажрашишни талаб қилиб туриб олиши лозим кўриладими ёки олдин бундай ҳолатда муқаддас динимиз амрига қулоқ тутиш маъқул ҳисобланадими?

Жуда ҳам зарур ҳолатларни истисно қилганда, Ислом талоқ тушишининг олдини оладиган эҳтиёт чораларини қўллайди.

Бундай чоралар иккига бўлинади:

Турмуш қуришдан олдинги эҳтиёт чоралари.

Турмуш қургандан кейинги эҳтиёт чоралари.

Турмуш қуришдан олдинги эҳтиёт чоралари:

1. Дин ва одоб-ахлоқ асосида ўзига жуфт танлаш.

2. Эркак насаб, мартаба, бойлик, касби-кор ва бошқа жиҳатлардан аёлга тенг бўлиши.

3. Никоҳдан олдин йигит ва қиз ўзаро бир-бирини бевосита кўриши.

Турмуш ўртоғи шу асосда танланганда, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар камроқ содир бўлади. Ораларидаги зиддият ҳам авж олиб кетмайди.

Турмуш қургандан кейинги эҳтиёт чоралари:

1. Олийжаноблик билан ҳаёт кечириш. Ислом эр-хотинга ўзаро чиройли муомала қилиш ва аҳил ҳаёт кечиришни буюради. Талоқ тизгини қўлида бўлган эркакка гўзал тарзда кўрсатма беради: “Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).

2. Насиҳат ва кўрсатма бериш. Айтайлик, хотин эрининг ҳақларига эътиборсизлик қилди ёки уйи ва болалари борасидаги мажбуриятларида камчиликка йўл қўйди. Бунда Исломнинг кўрсатмаси аниқ: эр хотинига ётиғи билан насиҳат қилиши, мажбуриятларини эслатиши, ёмон муомала оқибатидан огоҳлантириши керак. Масалан, ўлим, охират дунёси ва ҳисоб-китоб куни каби тушунчаларни эслатиши лозим. Шояд, хотин шу билан ўзидаги ёмонликни кетказиб, яхши тарафга ўзгарса. Натижада хушмуомала ва  масъулиятини ҳис қиладиган, эри, уйи ва болаларининг ҳақларини адо қиладиган инсонга айланиб қолса.

3. Ётоқни алоҳида қилиш. Яхши гап таъсир қилмаса, Аллоҳни ва охират кунини эслатиш фойда бермаса, тўшагини алоҳида қилиб кўради. Хотин ёлғиз ётаркан, эри ундан қаттиқ хафа бўлганини тушуниб, виждони қийналганидан ўзига келса, бўйнидаги вазифаларни кўнгилдагидек адо этишга киришса, ажаб эмас.

4. Қаттиқ оғритмайдиган қилиб уриш. Олдинги чоралар бирон самара бермаган тақдирда, эр қаттиқ оғритмайдиган қилиб уриши мумкин. Яъни, бунда урган жойи кўкармаслиги керак. Юзи, танасига озор берадиган ёки жиддий жароҳат етказадиган қилиб уриш мумкин эмас. Масалан, қорин ва кўкрак қисмига урилмайди. Муовия ибн Ҳийда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Мен: “Ё Расулуллоҳ, бизнинг бўйнимизда хотинларимизнинг қандай ҳақи бор?” – дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Овқат еганингда унга овқат берасан. Кийим кийганингда уни кийинтирасан. Юзига урмайсан. Таҳқирламайсан. Алоқаларни уйнинг ичидагина узасан”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Кўриниб турибдики, бу уриш озор етказишдан кўра танбеҳ беришга яқинроқ. Эркак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашган ҳолда, хотинини урмагани яхшироқ, албатта. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон қўллари билан аёлни ҳам, хизматчини ҳам ва бирон жонзотни ҳам урмаганлар”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Фақиҳларнинг айтишича, эр бу босқичларни босиб ўтишга мажбур бўларкан, енгилроқ чора фойда бериб турганида оғирини қўллаши мумкин эмас. Хотин яхши гапга қулоқ тутаётган экан, эр тўшагини алоҳида қилиши ёки уриши тўғри бўлмайди. Тўшагини алоҳида қилганининг самараси сезилаётганида уришга ёки талоққа ўтмаслиги лозим.

Эр оилавий ҳаётини тузатиш, тўғри изга туширишда Қуръони карим кўрсатмаси асосида иш кўриши керак. Хотинига муомала қилаётганда Аллоҳни эсдан чиқармаслиги, зулм қилса ёки камчиликка йўл қўйса, Аллоҳ олдида жавоб беришини ёдда тутиши лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Бу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳудуд (чегара)ларидир. Улардан (ошиб) тажовуз қилмангиз! Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир” (Бақара сураси 229-оят).

5. Керакли ўринда талоқ. Оилавий муносабатларни яхшилашга қаратилган юқоридаги услублар натижа бермай, хотин билган ишини қилаверса, ёмон муомаласини давом эттираверса, бундан эрнинг тоқати тоқ бўлса, эр-хотинлик муносабатларини чиройли кўринишга қайтариш ва хотин эрига яхши муомала қилиши учун Ислом бошқа чораларни қўллашга кўрсатма беради:

а) ҳайзи тўхтагандан сўнг яқинлик қилмасдан талоқ қилиш. Борди-ю, ўша вақтда ҳайз кўраётган бўлса, ҳайзи тўхташини кутади. Ҳайзи тугаганидан сўнг яқинлик қилгани ҳолда, яна ҳайзи келиб, ундан покланишигача сабр қилиши лозим бўлади. Шундан кейингина талоқ айтиши мумкин.

Бу кутишдан кейин эр айтган талоқ ҳис-ҳаяжондан эмас, балки ўйлаб кўриш, фикр юритиш ва идрок қилиш натижаси бўлади.

б) хотинига бир талоқдан кўпини айтмайди. Чунки эр-хотинлик муносабатлари тикланиши ва қайтадан биргаликда ҳаёт кечиришга имкон қолдириши керак.

Шариатда бу “сунний талоқ” деб номланади. Сунний талоқдан сўнг хотин эр уйида идда ўтиради. Бу билан эр-хотинлик муносабатлари қайта тикланишига умид қилинади.

Хотин иддада ўтирган пайтида эр никоҳ ўқитмасдан, янгидан маҳр бермасдан ва хотинининг рухсатисиз унга қайтиши мумкин. Бунда “Сени қайтиб олдим”, “Сен менинг хотинимсан” каби сўзларни айтиши кифоядир. Шу қайтишидан кейин у яна ҳақиқий хотини бўлиб қолади. Шариатда бу “ражъий талоқ” дейилади.

Лекин идда тугаганидан сўнг эрнинг уни қайтиб олишига имконият бўлмайди. Бу ҳолда хотини билан яшаши учун унинг розилигини олиш, никоҳ ўқитиши ва маҳр беришига тўғри келади. Буларнинг барчаси эр-хотинлик муносабатларини тиклаш умидида қилинади. Шариатда бу “кичик боин талоқ” деб аталади.

Эр талоқни уч марта такрорласа, хотинни никоҳига олиши мумкин бўлмай қолади. Лекин вақт ўтиб, хотин бошқага турмушга чиққан ва у ҳаёти ҳам бузилган бўлса, биринчи эри яна никоҳига олишига йўл бор.

Шариатда бу “катта боин талоқ” дейилади.

Ўша хотинни мажбур этмасдан ва келишувсиз бирон эркак шаръий никоҳига олса, сўнгра мажбур қилинмасдан ва келишувсиз талоқ қилса, иддаси чиққач, уни биринчи эри никоҳига олиши мумкин. Бунда аёл рози бўлиши, никоҳ ўқилиши ва маҳр берилиши шарт қилинади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!