Олий Маъҳад талабаси Қуръонни 58 кунда тўлиқ ёдлади (видео, Tas-IX)

07:00 15.12.2017 12921

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабаси Фатҳуллоҳ Дадаев Қуръони каримни 58 кун (салкам 2 ой)да ёдлай олди. 

Azon.uz’га маълум қилинишича, Фатҳуллоҳ қори 2-босқичда “Таҳфизул Қуръон” кафедрасига ўтган. Қуръони Каримни кафедра устози Зафар қори Маҳмудов қўл остида 2016-2017 ўқув йилининг аввалги ойларида тамомлаган. Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони Каримни ёдлашни бир бетдан бошлаган бўлса, сўнгги порада ўн етти бет топширган.

Ҳозирги вақтда 3-босқичда таълим олаётган Фатҳуллоҳ қори кафедра устози Аҳмадхон қори Рашидовга Қуръон каримни ҳар куни 3 пора ёддан ўқиб бермоқда. 

“Аллоҳ насиб қилса шу ўқув йилининг охиригача бир мартада тўлиқ 30 порани ёддан ўқиб беришни ният қилганман”, – деб айтади Фатҳуллоҳ қори Azon.uz сайтининг “Бу биз” лойиҳасидаги суҳбатида.

Қайд этиш керакки, Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси Қуръони Каримни ёдлашга ихтисослашган юртимиздаги ягона олий даргоҳ бўлиб, “Новза” масжидининг имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов кафедра мудири ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг каломини қиёматгача етказишга хизмат қилаётган барча устозлардан Ўзи рози бўлсин! Уларни қилаётган меҳнатларига яраша мукофотласин!

Youtube:

Tas-IX:

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!