Пашшадан фил ясаш “санъати”

11:05 16.02.2018 7252

Зиёвуддин Раҳимнинг сайтимизда эълон қилинган “Миллат хоинларини танлаб олинг!” мақоласи ўқувчилар эътиборини тортиши эҳтимоли катта эди, бироқ “халқаро миқёс”да муҳокама этилиши бироз кутилмаган ҳолат бўлди. Муаллиф ижтимоий тармоқда “текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб” ўтирадиган бекорчилардан эмас, қатор диний китоблар муаллифи, ўзининг ҳам, сўзининг ҳам қадрини яхши англайдиган инсон. Айни омил сабаб унинг Фейсбук тармоғида қолдирган учта пости жамланган ҳолда сайтимизда берилганди. Унда асосий урғу “ойнаи жаҳонда” намойиш этилаётган маиший мавзудаги сериаллар, уларнинг миллат маънавий-аҳлоқий қадриятларига салбий таъсири, бундай хуружлар  жуда юмшоқ айтганда, яхшиликка олиб келмаслиги ҳақида  эди. Муаллиф ўз фикри баёнида бироз ҳиссиётларга берилгани бор гап. Илло бундан пашшадан фил ясамаслик, миллат ахлоқи ҳақида жон куйдираётган инсонларни бузғунчига чиқариш ярамайди. 

“Озодлик” радиосига ортиқча таъриф шарт эмас. “Бор бўлса – кўролмайди, йўқ бўлса – беролмайди” деган мақоли айни радионинг тирноқ орасида кир қидиришни санъат даражасига олиб чиққан ходимлари учун айтилгандек. Улар кимнинг аравасида ўтиргани ва қандай қўшиқ айтишининг ҳам сирли жойи қолмаган. Шу боис Зиёвуддин Раҳим мақоласи юзасида махсус эшиттириш тайёрлаганидан кўпам ажабланишга ҳожат йўқ. Бироқ гап миллат маънавияти, ахлоқий тамойилларига бориб тақалар экан, “Озодлик”нинг  мазкур чиқишига мухтасар муносабат билдиришга эҳтиёж сезилади.

Бугун “ойнаи жаҳон”да намойиш этилаётган айрим сериаллар, улардаги ғоя миллат маънавиятига таҳдид соляптими? Ҳа! Айниқса, “Севги изтироблари” (ҳолбуки, мақолада айни сериал хусусида гап кетмаган)! Баски,  бу ҳақда бонг урмоқликнинг нимаси ёмон? Нимаси таҳдид? Фаҳш, разолат, хиёнат каби иллатлар “муҳаббат либосига” ўралган ҳолатда тақдим этаётган бу каби “экран дурдоналари” миллонлаб юртдошларимизнинг онгини заҳарлаётгани бор гап эмасми? Куни кеча айрим сериаллар ҳукумат раҳбари томонидан танқид қилингани ҳақида ижтимоий сайтлар хабар тарқатди. Бундан англашиладики, муаммонинг кўлами кенг, унинг олдини олиш кечиктириб бўлмас масалага айланган. Доимо ҳушёр ва сергак “Озодлик” эшиттириш тайёрлаш жараёнида айни шу ҳолатга “эътибор бермагани” уларнинг асл мақсадини аён қилмаяптими?  

Ваҳимани қаранг: “Матбуот агентлиги артистларни "миллат хоини"га чиқарган исломий сайтга чора кўрилишини айтди”. Аввало, Azon.uz исломий сайт эмас, балки ахборот-таҳлилий портал.  Қолаверса,  била туриб,  маънавиятга қаттиқ зарба бўлиб тушаётган серилларни экранга чиқишида жонбозлик кўрсатаётганларни миллат учун қайғурадиганлар сафига қўшиб бўладими? Эҳтимол, “хоин” дейилиши бироз бўртиб кетгандир, бироқ “дўст” демоққа тил айланадими? 

“Озодлик” мухбири “Муаллиф Зиëвуддин Раҳим ўз мақоласида “акс ҳолда охири ёмон бўлади!” дея таҳдид қилади”, дея жазавага тушибди. Бу ерда “охири ёмон бўлади” дейиш орқали бунинг маънавий зарарлари, кундалик ҳаётимизда рўй бериши мумкин бўлган муаммолар назарда тутилганини ёш бола ҳам тушунади. Илло “таҳдид” хусусида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аслида, катта “таҳдид”  “Озодлик”нинг ўзи. Неча йилларки дунёга Ўзбекистонни “бир томонлама кўрсатиб”, шу орқали “араванинг эгаси” ташлаган суякни ғажиб келаётган радио ходимларининг фаолияти ижтимоий таҳдид ҳисобланади. 

Сериаллар эфирга чиқариш жараёнида меҳнати сингган соҳа ходимларининг олаётган ҳақининг ҳалол ёки ноҳалоллиги бироз баҳсли масала. Бу борада ҳар кимнинг ўз қарашлари мавжуд. Зиёвуддин Раҳимнинг бу борадаги фикри ўзгача эканини ҳам тўғри тушунмоқ керак. Унинг фикрига қўшилиш-қўшилмаслик ҳар кимнинг  ўз ихтиёри, аммо айни фикри учун муаллифни салкам “бузғунчига” чиқариш курак тугул, куракда турмайдиган гап.

Бугун  дунё ғоялар уруши майдонига айланган. Бу майдонда миллий-аҳлоқий қадриятларни сақлаб қолган миллатгина ғалаба қозониши мумкин. Акс ҳолда, таназзул муқаррар. Бу жараёнда ҳиссиётлар бироз жўшиб кетишидан фожиа ясамаслик лозим.  Ғоявий хуружлар турли сериаллар шаклида ҳам олиб борилишини англаш  фурсати  аллақачон етган. Миллатнинг маънавий-аҳлоқий қадриятлари муҳофазаси йўлида имкони қадар қайғураётганларни “бузғунчига” чиқараётганлар бу ғоявий муҳорабада қайси томон “аскари” эканиниям билдириб қўймоқда. Шуни унутмасак, бас!

Бошқа гапимиз йўқ.

Azon.uz ахборот-таҳлилий портали таҳририяти.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!