Пентагон Россияни ИШИДга қарши курашга халал беришда айблади

19:00 13.02.2018 380

Сурияда Россия ҳарбийларининг борлиги АҚШнинг ушбу мамлакатда ИШИДга қарши операциялар ўтказишини қийинлаштирмоқда. АҚШ Мудофаа вазирлиги бош инспекторати ҳисоботида ана шундай дейилган.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Москва Вашингтонни ва унинг иттифоқчиларини Сурияни тарк этишга мажбурламоқда. Ҳолбуки, Россиянинг ўзи уруш тугаганини эълон қилишига қарамай, ҳалигача Сурияда қолмоқда.

“Россия АҚШни Суриядан қўшинларини олиб чиқишига чақирмоқда, аммо ўзи Суриядаги икки базасида ҳарбийлар сонини кўпайтирмоқда. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, Сурия режими кучлари билан бирга 3000-5000 россиялик ҳарбийлар ва сони ноаниқ россиялик хусусий пудратчиларнинг аскарлари урушмоқда”, – дейилади ҳисоботда.

АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Сурияда 2014 йилдан бери операциялар ўтказмоқда. Россия эса бу ерда ҳарбий операцияларни 2015 йилнинг сентябрида бошлаган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!