Қаноат – энг гўзал фазилат

08:00 25.01.2018 228

Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг гўзалидир. Бундай фазилатли кишилар сабрли, матонатли ва  ҳасаддан холи бўладилар. Уларнинг  ҳаётлари бахтли, тинч, осойишта кечади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон батаҳқиқ, нажот топибди” (Муслим ривояти). Қаноатли кишини бахор чоғида гуллаб-яшнаб турган дарахтга ўхшатсак, қаноатсиз кишини қиш қаҳратонидан шохида бирор барг қолмаган дарахтга ўхшатиш мумкин. Бундай ўхшатишнинг боиси қаноатсиз инсон ўзида бор нарсага қаноат қилмаганлиги натижасида ўзида бор нарсалардан ҳам айрилиб қолиши эҳтимоли бор. Натижада қаҳратондан барглари қолмаган дарахт каби бўлиб қолади.

Қаноатли инсон эса аксинча, ўзида мавжуд нарсаларга қаноат қилса, борган сари барча ишлари яхши бўлади. Қаноат билан  эртаю кеч Аллоҳга ибодат қилиб сўраса, албатта ўйлаган ишлари амалга ошади. Сўнг гўё гуллаб турган дарахт каби яшнайди. Ҳаётда ҳам арзимаган сабаблар туфайли қоқилмайди. Чунки уларни қаноат билан енгиб ўтади.

Инсоннинг қалби ҳеч қачон хеч нарсадан қониқмайди. Бори билан қаноатланмайди ҳам. Масалан, тинимсиз еган одам хеч качон тўйдим демайди. Лаззатга мойил бўлса, яна ва яна хоҳлайверади. Бу эса кўп кулфатларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Инсон эҳтиросларини жиловлашни билиши керак. Аввало, кам ейишни одат қилмок керак. Оз еган киши оз ухлайди. Йўқчиликка чидамли бўлади. Ўткинчи дунё ҳою ҳавасларига берилмайди. Ҳашам ва лазатбаҳш ишларга муккасига кетмайди.

“Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратли нарса ҳирс ва ғазабдир” деган Абу Али  ибн Сино бобомиз. Меъёрида овқатланиб, озига қаноат қилган киши ҳеч ҳам табибга мухтож бўлмайди, тани соғ, умри узоқ бўлади, аксинча, нафсини қулига айланган инсонлар бир куни келиб табибларнинг мижозига айланади.

Ҳар биримиз Ҳак ризоси учун яшаймиз. Уни топмок учун  Аллоҳ берган ризкка қаноат килиб, нафсимиз – қорнимизни эмас, қалбимизни озиқлантирайлик.

Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг насиҳатларидан: “Аллоҳ сенга тақсимланган нарсага рози бўл, инсонларнинг бойи бўласан”. Яъни, дунёда бахтли яшаш учун кўпгина молк-мулк эмас, балки ўзингга тақсимланган ризққа қаноат қилиш керак.

Бишр Хофий (рахматуллоҳи алайх): “Қаноат фақат мўминнинг  қалбида бўладиган мулкдир”, деганлар.

“Тоат – ибодат инсонни  қўриқловчи қўриқловчи қўрғон  бўлса, қаноат унинг иззат обрўсидир”, деганлар Шайх Шибровий.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларга бундай деганлар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутишга емак кифоя. Агар жуда лозим бўлса,  қориннинг таом учун учдан бир қисми, ичимлиги учун  учдан бири, ва нафаси учун учдан бири” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада берган таълимларини замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлайди: қорин тўймасдан туриб овқатланиш натижасида баданда турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Шифокор олимларнинг аниқлашича, инсон вужуди жисмоний меҳнатдан эмас, овқатни ҳазм қилишдан чарчаб, кўп қувват йўқотар экан. Келинг, танамизга, руҳимизга озор етказмайлик.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳатларини ҳаётимизга татбиқ этиб, уларнинг фойдасидан баҳраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.

Севара ҒАНИЕВА
Хадичаи Кубро аёл-қизлар 
ўрта махсус Ислом билим юрти мударрисаси

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!