“Қиёмат куни Ватандан қарздор бўлиб қолмайлик…”

20:00 09.01.2018 1239

16 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда “Қуддус – мусулмон дунёсининг дарди” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда туркиялик жамоат арбоби ва ёзувчи Ўзер Реванўғлу Қуддус ҳамда “Ақсо” масжидининг аҳамиятидан сўз очиб, бир аскарнинг қалбларни титратадиган ҳикоясини ёдга олди.
  
Биринчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагач, усмонийлар салтанати парчаланиб кетди. Унинг улкан ҳудуди, жумладан, Қуддус шаҳри ғолиб давлатларнинг бошқарувига ўтди. Бироқ халқаро қоидалар ва ўша пайтда умум қабул қилинган анъаналарга мувофиқ бу ерларга француз-инглиз кучлари келгунга қадар усмонийлар империяси тартиб-нтизомни сақлаш учун ўз қўшинини қолдириши даркор эди.

Қуйида ёзувчи Ўзер Реванўғлу Қуддусдаги “Ақсо” масжидини қўриқлаш топширилган усмонийлар аскари ҳақида ҳикоя қилган: “1972 йилда мен ва журналист дўстим “Ақсо”ни зиёрат қилиш учун отландик. Масжидда айланиб юрганимизда соч-соқоли оқарган, кексайган, жуда озғин, бўйи қарийб икки метр келадиган одамни кўрдик. Қордай оппоқ соқоли унинг ажинларга тўла, аммо нурли юзига ярашган эди. Қари қўллари билан милтиқни маҳкам ушлаб олган, катта-катта кўзлари билан эса маҳзун қараб турар эди.

Энг аввало, ғалати бичимдаги кийими ва унинг пальма сингари расо туриши диққатинимни тортди. Либоси қуёшнинг нурларида буткул униқиб кетганди. Шуниси аниқ эдики, бу унинг ягона кийими ёки уни анчадан бери кийиб юрибди. Унга яқин келганимизда бизни гўёки чақмоқ ургандек бўлди: эгнидаги усмонийлар давридаги аскарларнинг ҳарбий формаси эди! Биз гиддан бу одамнинг кимлигини сўрадик. Гид эса унинг кимлигини билмаслигини, аммо шаҳарнинг энг кекса кишиларидан бири эканини айтди. “У ҳар куни масжидга келади ва тошдек қотиб туради. Афтидан, эси оғган бўлса керак”, – деди у.

Юрагим ўша одам билан суҳбатлашишга ундар эди. Ниҳоят, гаплашишга ўзимда журъат топдим ва унга яқинлашиб, салом бердим: “Ассалому алайкум, бобожон”. Менинг овозим нариги дунёдан эшитилган чинқириқдай уни бир силтаб юборди. У менга ғамгин, айни пайтда меҳрибон кўзлари билан қараб жавоб қайтарди: “Ва алайкум ассалом, ўғлим”. Ҳа, у турк тилини билар эди. Энди мен тошдай қотиб қолгандим. Бир сониядан кейин шитоб билан унинг ёнига келиб чўккаладим ва ҳали ҳам қуролини маҳкам ушлаб турган қўлларини ўпдим.

– Бобожон, сиз кимсиз? Нега бу ерда турибсиз? – сўрадим мен. 
– Мен 20-пиёдалар корпуси, 36-батальон, 8-пулемётчилар ротаси ефрейтори Ҳасанман. Масжидни қўриқлаш учун қолдирилган усмонийлар аскарларидан тирик қолганлардан охиргисиман. Барча қуролдош дўстларим ё шаҳид бўлишди, ёки кексаликдан вафот этишди. Қўлимдан келганича Аллоҳ олдидаги бурчимни адо этмоқдаман. 

Шундан сўнг у кўзларини менга тикиб шундай деди: 
– Ўғлим, бир илтимосим бор. Иложи бўлса, бажо келтирсанг. Бу менга қолдирилган омонат, уни бир одамга етказиш керак. 
–  Албатта, айтинг. Илтимосингизни амалга ошириш учун қўлимдан келганини қиламан. 
– Ўғлим, Туркияга қайтганингда Истанбулдаги Тўпқапи саройига бориб, Мусо афандини топ. Агар тирик бўлса, аввало менинг номимдан қўлларини ўп. У менинг қўмондоним. Унга айт, улар қолдирган ўқчилар-пулемётчилар ротаси Аллоҳ, қолаверса, султонимиз олдидаги бурчини адо этди ва этмоқда. Улар қолдирган 11-мотоўқчилар отрядининг қўмондони, иғдирлик Ҳасан ҳали-ҳамон ўз постида турибди. Ўлсам, вазифамни адо этолмай қоламан. Мени ва барча қуролдош дўстларимни кечирсин. Рухсат берса, мени ва дўстларимнинг руҳини бизга юклатилган вазифадан озод этсин, токи Қиёмат кунида қабрларимиздан Ватан олдида қарздор бўлиб турмайлик. 

Шу сўзлардан сўнг у улкан қоя мисоли яна қаддини ростлади…” 

“Усмонийлар салтанатининг сўнгги аскари эллик йилдан ортиқ вақт хизмат қилиб келаётганди, – деди Ўзер Реванўғлу. – Сержант Ҳасан ўз вазифасини масъулият ва жасорат билан адо қилаётганди. Уни ташлаб кетишганидан, эсдан чиқаришганидан ўкинмади. Қорни оч, кийими эски эканидан шикоят қилмади, Аллоҳ ва Ватани олдидаги бурчини эллик беш йил давомида адо этди. Бу ҳикоядан ўзимизга қандай сабоқ чиқаришимиз керак? Ҳеч қачон умидсиз бўлманг, ҳурматли мусулмонлар. “Ақсо” масжиди ва Қуддус шаҳрининг улкан аҳамиятини барчамиз билишимиз ва уларни қалбларимизда сақлашимиз зарур. Ислом қадриятларини асраш учун масъул эканимизни унутмайлик”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!