Қиёматда айблари ошкор этилмайдиган банда

00:00 24.03.2019 4310

Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида, Аллоҳ таолога иймон келтиришга ва солиҳ амаллар қилишга чақирилади. Шу билан гуноҳ ишлар қилмаслик, ёмонликлардан узоқ бўлишга тарғиб этилади. Солиҳ амалларга қанчалик тарғиб, ёмонликларни не қадар таъқиқ этмасин, яхшига савоб, ёмонга гуноҳ ваъда қилинмасин, гуноҳкорнинг дунёдаги жазосини ҳад ёки таъзир тимсолида белгиламасин, шариатимиз жиноятчининг гуноҳини исбот этишда, унга ҳукм қилишда ўзига хос йўл тутади, услуб қўллайди. Жинояти исбот бўлгунича, уни айбламайди, яширин тутади.

Бу ҳукмлар билан танишган инсон, Исломнинг нақадар инсонпарвар дин эканига, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилганлигига амин бўлади. Бу ҳукмларга тааллуқли мавзуни шариатимизда “сатр”, дейилади. Луғатда, сатр – бир нарсани ўраш, ёпиш маъноларини англатади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ ҳаёли ва ёпувчидир, ҳаёли ва ёпувчини севади”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Уламолар, мўминдан содир бўлган айб, гуноҳ ёки фужурга гувоҳ бўлиб қолган кишига, уни яширмоқликка, яъни сатр этмоқлик мустаҳаблигига ижмоъ қилишган. Хусусан, бундай ножўя ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган, бузуқилик билан танилмаган ва унга тарғиб этмайдиган кишидан содир бўлса, буни оммага ҳам, хосга ҳам, ҳокимга ҳам, қозига ҳам ошкор қилмаслик керак бўлади. Мусулмоннинг айбини яшириш, тойинишини пойлашдан қайтариш хусусида кўп ҳадислар ворид бўлган: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким мўминнинг айбини яширса Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ривоятда: "Аллоҳ таоло, унинг айбини дунё ва охиратда яширади", дейилади (Имом Термизий ривояти). Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиларингиздан, адашишларида кўз юмингиз" дейдилар (Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: "Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ таоло  унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади", дейилади (Имом Ибн Можжа ривояти).

Чунки, айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан воқеъ бўлган ишни сўзлаш ҳаром этилган ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Уламолардан бирлари айтганлар: "Осийларнинг айбини яширишга ҳаракат қил. Чунки уларнинг айби ошкор бўлиши аҳли Исломга айбдир. Ишларнинг авлоси – айбларни яширишдир". Фузайл ибн Иёз айтадил: "Мўмин яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса ошкор қилади ва айблайди".

Аммо киши озор, фасод, ошкора фосиқлик ва гуноҳга бепарволик билан танилган бўлса, унинг ҳолини одамларга очиб, уларга маълум қилиш лозим бўлади. Чунки одамлар, ундан ҳазарда, ёмонлигидан эҳтиёт бўлишсин. Балки унинг ишлари, агар катта муаммолардан қўрқилмаса, ҳокимга олиб чиқилиши лозим. Чунки бундаги сатр унинг озор, фасод ва гуноҳларга яна журъат қилишига умидвор этади ва бошқаларда, унингдек бўлишга жасорат пайдо қилади. Унинг фисқи кучайиб, одамлардан ҳайиқмайдиган бўлиб қолса, жиноятини яширмасдан валиюл амрга кўтариб чиқиш энди вожиб бўлиб қолади. То у осийга одоб берсин, бузғунчилигига яраша шариатда кўрсатилган ҳад ёки таъзирни ижро қилсин!

Бу ҳукмларнинг барчаси ўтмишда бўлиб ўтган гуноҳларни яширишга тегишли. Аммо кишини гуноҳ устида ушланса, уни тезликда қайтариш, имкони борича ундан қайтариш вожиб бўлади. Кечиктириш ва сукут этиш ҳалол эмас. Қайтаришдан якка ўзи ожиз бўлса, арзиҳоли бундан ортиқ муаммога сабаб бўлмаса, ҳокимият вакилига арз қилмоқ керак бўлади. "Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ўзгартирсин! Бу эса иймоннинг энг заифидир", деганлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом (Имом Муслим ривояти).

Бу бобга тегишли уламоларнинг яна бир сўзи бор. Яъни, ҳеч кимга мусулмонлардан бирови айбини пойлаш, жосуслик қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло: "Жосуслик қилманг", дейди (“Ҳужурот” сураси, 12-оят). Жосусликдан қайтарилган ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно: Ровийларни, гувоҳларни, садақа, вақфлар ва етимларга аминларни текширишга ҳожат бўлганида, уларнинг лаёқатига путур етказадиган айбини яшириш ҳалол бўлмайди. Бу айбларни ошкор қилиш ҳаром этилган ғийбат эмас, балки вожиб насиҳатдан саналади.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!