Қон топширишнинг ҳукми

09:33 02.11.2017 963

Савол: Баъзида бемор, хусусан жароҳатлангани бир миқдор қон қуйишга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳолда кўпинча қонни сотиб олишга мажбур бўлинади. Ислом шариати бунга нима дейди?

Жавоб: Ихтиёрий қон топшириш одамлар учун зарурий ишлардандир. Унинг ҳукми фарзи кифоя, яъни баъзи одамлар топширса қолганлардан соқит бўладиган, аммо ҳеч ким қилмаса ҳамма мусулмонлар гуноҳкор бўладиган ишлардандир. Чунки бунда турли ҳодисаларда касал бўлган ва жароҳатланган кишиларнинг ҳаёти қутқариб қолинади.

Инсон қон топширганда уни ихтиёрий ва Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда эвазсиз бериши шартдир. Чунки Аллоҳ инсонни мукаррам яратган: “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят). Демак топширилган қон учун ҳақ олиб бўлмайди. Чунки инсон азиз-мукаррам, сочини ва сутини сотиб бўлмаганидек, бошқа аъзолари учун ҳам ҳақ олиш ҳалол бўлмайди.

Аммо беморга қон фақат сотиб олиш орқали топиладиган бўлса, бу ҳолда қонни сотиб олиш жоиздир. Гуноҳ олувчига эмас, балки сотувчига бўлди.

Шунингдек ўрни келганда айтиб ўтиш керак; қон қуйдирувчи ва қон топширувчи ўртасида эмизишда бўлгандек қариндошлик, яъни никоҳи ҳаром бўлиш юзага келмайди.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!