Қорилар тарихи: Шайх Маҳмуд Халил Хусарий

09:00 31.03.2018 1225

Миср ва Сурия Ислом оламида Қуръони Карим қироатини энг яхши ва хуш савт билан ўқийдиган қориларнинг юртлари сифатида донғи чиққан. Айниқса, Абдулбосит Абдуссамад, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мустафо Исмоил, Али Банно каби Қуръон ҳофизларининг шуҳрати оламга кенг ёйилган. Улар орасида устоз қорилардан, Қуръони Карим ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Хусарий алоҳида ўрин тутади.

Машҳур қори Маҳмуд Халил 1917 йили Миср қишлоқларидан бирида туғилган. Унинг отаси бўйра тайёрлаб сотарди. Бўйрани арабчада “хасир” дейишади. Шунинг учун у кейинчалик “Хусарий” тахаллуси билан машҳур бўлди. Маҳмуднинг болалик ва ёшлик йиллари отасига тирикчилик ишларига ёрдам бериш билан кечди. Орада Қуръони Каримни ҳифз этишни бошлади ва ўн ёшидаёқ мураттаб қори бўлди. Ўша даврнинг машҳур Қуръон ҳофизи Иброҳим Саломдан сабоқ олди. Тенгдошлари Мустафо Исмоил, Маҳмуд Али Банно кабилар билан мусобақалашиб Қуръонни ўрганишди, тадқиқ қилишди.

Қуръони Каримни тажвид қоидаларига биноан комил қилиб, хуш савт билан тиловат қилиши Маҳмуд Халил Хусарийни бутун мамлакатга машҳур қилиб юборди. У 1944 йили Миср радиоси ташкил этган қорилар танловида икки юз нафар қори ичида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳоннинг энг кучли қориларидан бири эканини исботлади.

У Қуръон ҳофизи бўлибгина қолмади. Тинимсиз изланишлар, чуқур тадқиқотлар эвазига Қуръони Карим ҳомилига, яъни Қуръонни ёддан ўқиш билан бирга, маъноларини тушуниб, уни ҳаётга татбиқ этувчи, унга амал қилувчи кишига айланди. 1965 йили уни Миср Вақф ишлари вазирлигига Қуръони Карим бўйича маслаҳатчи вазифасига тайинлашди. Кейинчалик муқаддас Қуръони мажид соҳасида илмий-тадқиқот ишлари учун унга “Қуръон фанлари доктори” деган унвон берилди.

Қуръон ҳомили илоҳий ваҳийнинг дахлсиз ва ўзгаришсиз асралишида катта қатъият ва фидокорлик кўрсатди. Исроилда Қуръони Карим изоҳлари бузиб талқин қилинганида Маҳмуд Хусарий бу сохтакорликларни биринчи бўлиб кескин рад этди. Шундан кейин у Қуръонни тўлалигича тартил билан қироат қилиб, магнит тасмаларига ёздиришга қарор қилди ва бу вазифани ҳам биринчи бўлиб амалга оширди.

Машҳур қори кўплаб Ислом ўлкаларига ташриф буюриб, ўша мамлакатлар мусулмонларининг Қуръон билан боғланишларини мустаҳкамлаш, Илоҳий каломни тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилишда, қорилар тайёрлаш ишларида уларга холисона кўмаклашди. Бу хайрли амалларда кўп ғайрат ва шижоат кўрсатди. Унинг ана шу саъй-ҳаракатлари натижасида ғайримуслим ўлкалардаги бошқа диндагиларнинг Исломга киришлари сезиларли даражада кўпайди.

Қуръон ҳофизи ва ҳомили Маҳмуд Халил Хусарий 1970 йили Кувайтга кетаётиб, йўлда вафот этди. Унинг Аллоҳ каломини дунёга ёйиш соҳасидаги хайрли ишларини бугун Миср ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги юзлаб шогирдлари давом эттиришмоқда.

Абдуносир МУРТАЗО

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!