Қорилар устозининг панд-насиҳатлари

20:00 13.03.2018 808

Мовароуннаҳр диёрининг илм аҳллари орасида Абдулазиз қори отани билмаган, у киши ҳақларида эшитмаган одам кам топилса керак. Абдулазиз қори ота 1902 йилда Андижоннинг Хонабод туманида туғилди. Ўткир зеҳнли, фаросатли Абдулазиз ота-онасининг қизиқтириши билан Қуръонга муҳаббат қўйди. Бўш қолди дегунча Каломуллоҳни қўлдан қўймасди. Ўн беш ёшида Аллоҳнинг Каломини ёдлаб, Қуръон ҳофизи бўлди .

Қори ота ўтган асрнинг 30-йилларида машҳур силсилавий устоз Рўзи қори домладан ижозат олган мураттаб  қорилардандир. Кўплаб шогирдлар чиқариб, бўҳронли йилларда Қуръон садоларини қалблардан ўчирмай олиб ўтишга ҳисса қўшган мўътабар зотдир.

Юртимиздаги юзлаб қориларга устозлик қилган, бир умр Қуръонга ошно бўлган Абдулазиз қори ота 2006 йил 7 август куни 107 ёшда фоний дунёни тарк этди. Аллоҳ таоло у кишининг охиратдаги мақомини улуғ қилсин!

Абдулазиз қори ота юз ёшдан ўтган бўлишларига қарамай ўткир хотира, воқеалар тафсилотини эслаб қолиш билан кишини ҳайратга солардилар. Қуйида у кишининг хотираларини, панд-насиҳатларини ҳавола қиламиз.

Абдулазиз қори ота:

– Мен етмиш беш йиллик Тошкент тарихини биламан. У пайтлар онда-сонда хатми Қуръонлар бўларди. Уни ҳам ўзига тўқ бой-бадавлат кишилар қилиб беришарди. Ўртоқларимиз қори бўлишганида Тошкентга келардик. Поезд Андижондан бу ергача уч кунда юрарди. Комилжон бой деган яхши одам бўлардилар. Расул қори аканинг дадалари. Шуларникида хатмлар ўтказиб, ўн-ўн беш кун туриб кетардик.

Советнинг дастидан диндорларга кун йўқ эди. Одамлар динини асраш учун ватанни тарк этишга мажбур бўлган кунларни кўрдик. Ўзимиз ҳам устозларимиз билан бирга Андижондан ҳозирги Хитойга қарашли Хўтанга ўтиб кетганмиз. Озиқ-овқатсиз, ҳатто сувсиз қолиб, рўзалар тутганмиз. Ҳамсафарларим мени таровеҳ намозларида хатмга ўтказишарди. Зоди роҳила бўлар деб умид қилардик.

Мана шунақа кунларни кўрдик, болаларим. Шунинг учун бу кунларнинг қадрига етайлик. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, иншааллоҳ.

– Айтишларича, шундай улуғ ёшга кириб ҳам, бир кеча-кундузда Қуръонни хатм қилиб бера оларкансиз. Ёшларга ибрат бўлсин учун Каломуллоҳни унутмай, ёдда сақлашда нималар қилиш кераклигини гапириб берсангиз.

– Қорилик атои Ҳақ. Зеҳни ўткир одам тез ёдлайди. Қуръонни ёдда сақлаш учун мунтазам такрорлаб, ўқиб бориш, малака ҳосил қилиш керак. Мен масжидга бориб келгунча бир пора Қуръон ўқирдим. Ҳолбуки масжидимиз яқин эди. Бошладимми, дилдан ўтаверарди. Буни малака дейди. Кўп-кўп такрор қилганда ҳосил бўлади. Ҳар қандай ишда ҳам кўп такрор қилиш маҳорат ошишига сабабдир. Қуръон ўқишда ҳам шундай.

– Қуръон ўргатишда қандай йўл тутилган маъқул. Ёдлатишнинг осон услублари борми?

– Аввало, болалар зеҳн даражасига қараб ажратилади. Бир хил болалар бир кунда Қуръондан бир варақ, баъзилари бир бет, яна бошқалари ярим саҳифа ёдлай олиш зеҳнига эга бўлишади. Домла тажрибакор эмасми, буни дарҳол пайқайди. Ҳар куни ўқиб берганидан билинади-қолади. Бола дастлаб ёдлашга киришганида бир кунда қанча ўқиб бера олса, шу миқдор унга меъёр қилиниб, бундан камайтирмаслик талаби қўйилади. Домла шу ёдланган қисмни неча марта такрорлаш зарурлигини ҳам белгилаб беради.

– Рўзи қори домла ҳам сизни шу услубда ўқитганларми?

– Ҳа, домла ҳам мени шу услубда ўқитганлар. Дастлаб бир варақ ўқирдим, кўрмаган жойимдан. Бора-бора бир кунда икки юз марта такрорлаб ўқийдиган бўлдим. Бир меъёрга ўргангандан сўнг, ўзингиз ҳар куни шуни тўлдирмагунингизча кўнглингиз жойига тушмайдиган бўлиб қолади.

Қайтармасида – такрорлашда ҳам шундай меъёрлар бор. Эрталаб тушиб, саҳар айлантириб, хатм қиладиган қори бўлгандан сўнг ҳам бир йилгача қорихонадан қўйиб юборишмасди. Бир йиллик такрорлашлардан кейингина фотиҳа беришарди.

Ўша йиллари мударрислар айтиб турадиган бир ҳикмат бор эди: “Ад-дарсу ҳарфун, ват-такрору алфун”, яъни, “Бир марта дарс олсанг, минг марта такрор қил”. Рўзи қори домла ҳам биз шогирдларидан шу қоидага риоя этишимизни талаб қилардилар.

– Шундай фотиҳа олишда Қуръонни бир ўтиришда бошидан-охиригача ўқиб беришар экан, деб эшитганмиз.

– Бунда ёш қорилар қандай оиладан экани эътиборга олинган. Агар камбағалроқ оиладан бўлса, унинг қироатини домламизнинг ўзлари охирги марта текшириб, назоратдан ўтказиб берардилар. Бойларнинг фарзандлари қори бўлса, бошқа бир удум – хатми нашас ўтказиларди. Бунинг маъноси шуки, яқин атрофда яшайдиган тажрибали қорилардан беш-ўн нафари таклиф этилиб, бир уйда давра қуриб ўтиришар, ёш қори эса Қуръони карим тиловатини бошларди. Бунда ҳам домлалардан бири алоҳида текшириб турарди. Бир кеча-кундузда тугаллаб топшириш лозим эди. Шундан сўнг йиғилган домлалар ёш қорига фотиҳа беришарди.

Бухорода бундай имтиҳоннинг “даҳяк” деган бошқача бир кўриниши ҳам бўлган. Яъни, амирлик тарафидан уюштирилган қорилар мусобақаси бўлган. Шаҳарнинг катта майдонида ўтказилган. Бунга ҳам шаҳардаги барча устоз қорилар, олимлар чақирилган. Одамлар ҳам роса тўпланиб келишган. Шунда қозикалон имтиҳон қилинувчи қорига хоҳлаган жойдан бир сура ўқишни буюрган. Ёш қори жамоат олдида сўралган жойдан адашмай ўқиб кетса, унга бир дўконнинг ижараси вақф қилиб берилган. Бу, ёш қори ўн олти танга маошга эга бўлди дегани эди. У энди таъминотдан ҳеч қайғурмай, илм таҳсилига бел боғлаши мумкин эди. Ёш қори сал адашиб, иккиланиб ё тутилаб қолдими, уни даврадан чиқариб юборишарди. Хуллас, бу бир одилона имтиҳон эди. Устозларимиздан Қодиржон қори домла ана шундай “даҳяк” олганлардан эдилар.

– Ҳозирги ёшларга тилакларингизни билдирсангиз.

– Мен турли-туман замонларни кўрдим. Бир вақтлар бўлди, бойлар ҳам чит чопон кийишарди. Нега? Яхшисини кийсак, кибрланиш бўлмасин, камбағаллар кўнглини ўкситиб қўймайлик, деб шундай қилишарди. Ҳозир эса ҳою ҳаваслар, “мўда” деб бойлигини кўз-кўз қилишлар, бозорга солишлар, қисқаси, исрофгарчилик кўпайиб кетди. Бу нимадан? Бугунги тинчлик-хотиржамлик, тўкинчилик қадрига етмасликдан эмасми? Ҳозиргидек тараққиёт, ободончиликни Тошкент сира кўрган эмас. Бунга мен қатъий ишонаман. Аллоҳ таолога шукр қилиб, истиғфор айтиб, эл-юртимизга берилган улуғ неъматлар қадрига етишимиз керак...

Зиёвуддин РАҲИМ

“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!