Раббоний уламолар кимлар?

19:00 10.12.2017 1600

Улар Аллоҳнинг рисолатини одамларга етказадилар, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда ҳақни тарқатадилар. Аммо зулмга таянадиганлар, мансаб ҳою ҳавасига мойил бўлганлар Раббоний уламолардан эмаслар. Улар фитна, зулм қуроли, мол дунё ва мансаб кетидан қувган кимсалардир. Бутун дунё уламолари кенгаши, ҳоким, подшоҳ ва амирларга ёв эмас. Улар зулм ва туғёнга қаршилар холос.

Доктор Алий Муҳйиддин Қора Доғий, бутун дунё уламолари кенгаши раиси, Овропадаги фатво ва тадқиқотлар кенгашининг ноиби.

Ислом дан олдинги динларда агар ўша дин аҳли ёки олимлари тўғри йўлдан оғиб, диндаги матнларни ўзгартириш томон одимласа, пайғамбар ва расуллар келиб, динни янгилар ва тўғри йўлни баён қилиб берардилар. Оқибатда уммат ҳақ томонга юрар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар борки, қачон (улардан биронтаси ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса шайтон унинг қироатига (асли оятдан бўлмаган нарсаларни) ташлагандир. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани бекор қилур, сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ Билгувчи ва ҳикмат Эгасидир. (Аллоҳ) шайтон ташлайдиган нарсани дилларида мараз бўлган (мунофиқлар) ва тошдил кимсалар (яъни, кофирлар) учун фитна-синов қилиш учун (пайдо қилур). — Дарҳақиқат, золим-кофирлар мангу ихтилофдадирлар. Ва илм ато этилган кишилар у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган ҳақиқат эканини билиб, унга иймон келтиришлари, бас, диллари у сабабли таскин топиши учун (Аллоҳ шундай қилур). Дарҳақиқат, Аллоҳ иймон келтирган зотларни Тўғри Йўлга Ҳидоят қилгувчидир” (“Ҳаж” сураси, 52 - 54-оятлар).

Лекин Аллоҳ таоло Қуръони каримни охирги рисолат, мукаммал, барча нарсани ўзида қамровчи ўлароқ тақдирга битди. Расули Муҳаммад алайҳиссаломни набий ва расулларнинг хотимаси қилди. Шунинг учун ушбу динни муҳофаза қилишга ва ҳимоялашга кафил бўлди. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Албатта, бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз".

Изоҳ: Ушбу ояти карима асрлар оша Қуръоннинг Илоҳий Китоб эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Узоқ ўтмишни қўйиб турайлик, мана шу бизнинг асримизнинг ўзида бу азиз Китобни йўқ қилиш учун қанчадан-қанча хуружлар бўлмади. Уни ўтда ёқдилар, дарёларга оқиздилар, қабрларга кўмдилар. Бугина эмас! Яна Қуръонни ёд олган ёки ҳаётини шу Илоҳий Китобга амал қилиб ўтказмоқни истаган миллионлаб улуғ зотларни қириб, отиб юбордилар. Кейин-чи? Кейин бошқа миллионлар қўлларида, тилларида ва дилларида бирор ҳарфи ҳам заҳарланмаган шу азиз китоб билан пайдо бўлдилар! «Шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз», деган Илоҳий Сўзлар ўз тасдиғини топди. Ислом  таълимотига Қуръон Илоҳий Китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин, мана шу оятда уни то қиёмат йўқотмай, бузмай сақлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олгандир. Шу боис, бошқа – илгариги умматларга нозил қилинган Илоҳий Китобларга ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг етмишдан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас). Қуръон мана, ўн тўрт асрдан буён пайғамбар алайҳиссаломга қандай нозил қилинган бўлса, (йўқ қилишга уринишлар, бало-офатлардан асралиб) худди ўшандай сақланиб келмоқда.

Демак, ушбу динни муҳофаза қилишни кафолатини олиш билан баробарида умумий тарзда умматни ва хос тарзда уламоларни Аллоҳнинг динига даъват қилишни ҳамда пайғамбарлар вазифасини давом эттириш масъулиятини ҳам юклаган. Зеро ҳадисда: "Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир", деб айтилган. (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).

Бошқа бир далилда уламоларни, Аллоҳ элчиларининг ҳаворийлари ва ердаги ишончли кишиларидир", деб айтилган. Ва яна Аллоҳ таоло уларни Ўзининг олий Зоти ва фаришталарига гувоҳлар қилгани айтилади: "Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи – ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир" (“Оли имрон” сураси, 18 оят).

Шунинг учун олимлар ҳақ сўзни айтиб, ҳақни баён қилишлари, Ислом  ҳақиқатини ҳеч қандай ўзгаришсиз, Ислом нинг гўзаллиги, иззати ва раҳматини камчиликка йўл қўймаган ҳолда ва ҳаддан ошмаган ҳолда баён этишлари даркор. Аллоҳ йўлида барча нарсаларини қурбон қилиш устиларидаги мажбуриятдир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ушбу илмни, жоҳиллар ўзгартиришини, ботилни ўзлаштириб олганлар ва ғулувга кетганларни таъвилидан ҳимоя қиладиган адолатли ўринбосарлар кўтаради", деб айтганлар.

Аллоҳ таоло уламоларни Раббоний бўлишларини, яъни якка оламлар Роббига мансуб бўлишни буюрган. Дунё матоларига чалғитувчи бошқа нарсаларга мансуб бўлмасликка чорлаган. "Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: «Аллоҳни қўйиб менга банда бўлинглар», дейиши асло мумкин эмас. Лекин одамларга: «Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг», дейди" (“Оли имрон” сураси, 79 оят).

Имом Табарий тафсирларида: "Раббоний деганда фиқҳ, ҳикмат ва ислоҳотчи, деган сифатга эга кимсалар тушунилади. Яъни, улар одамларга яхшиликни таълим берадилар, манфаатли нарсага чақирадилар. Улар Аллоҳ учун тақводор, ҳаким ва валий зотлар бўлиб, ислоҳотчи ва адолатли кимсаларнинг йўналишида бўладилар", деб айтдилар.

Ибн Ҳажар айтадилар: “Ибн Аббос Раббоний уламони таърифлаб, у ҳаким, фақиҳ бўлади, деганлар”.

Ибн Аъробий: "То олим, муаллим ва амал қилувчи бўлмагунича у кишини Раббоний олим деб аталмайди", дедилар.

Раббоний уламо Набий ва Расулларнинг дастури асосида яшайди. У даъват, ҳақни етказиш ва ҳақни айтишга машғул бўлади. У, мана шу йўлда маломатчининг маломатидан, ҳокимнинг тажовузи ва султоннинг қаматаман ёки оч қолдираман деган таҳдидидан қўрқмайди.

Ибн Қоййим: "Раббоний уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир, уларнинг умматларига ўринбосардир. Мана шу мартаба расул ва набийлардан кейинги мартабададир. Мана шулар Раббоний уламолардир, улар илмда мустаҳкам бўлганлардир. Улар Расул ва унинг уммати орасидаги элчилардир. Ана ўшалар пайғамбарларнинг ўринбосарлари, яқин дўстлари, жамоаси, хослари ва динини юргизувчилардир", деб айтдилар.

Раббоний олимнинг сифатларидан:
1. Омонлик ва хавф пайтида ҳам уммат ғамини бор кучи билан кўтариб юради. Бор кучи, илми, тажрибаси ва қувватини ишлатиб, ишончли насиҳатгўй, одамларга яхшиликни буюриш, ҳақиқатларни нозиклик билан баён қилиш, башорат берувчи, огоҳлантирувчи, ишончли манба, диний ва дунёвий манфаатларни амалга оширувчи кимсадир.

"Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаса эди (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устивор қилмаса эди), айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз" ("Нисо" сураси, 83-оят).

Ушбу оят бир неча муҳим муаммоларга далолат қилади.
а) Уммат омонлик ва хавф ҳолатида, умматга далиллардан ҳужжат чиқариш, таҳлил қилиш учун забардаст аҳли илмларга мурожаат қилинади.

б) Мана шундай уламолар уммат учун манба вазифасини ўтайдилар. Бу каби уламолар масъулиятли, омонатни кўтара оладиган, илмли, хулқли ва амал қиладиган кишилар бўлади. Ҳар қанча қийин бўлмасин ҳақ устида собит туради. Улар алдаши ёки ҳақни яшириши дуруст эмас, балки ишончли, омонатли, аҳли зикр ва тажрибали киши бўлиши лозим. Бунга энг яхши мисол Раббоний олим Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудирлар. Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан тушкунликка тушиб қолишганида, ҳатто Умардек забардаст саҳоба ҳам у зотнинг ўлимларини инкор қилганларида Абу Бакр Сиддиқ ушбу ҳолатни бартараф қилиб, ишонч билан ўша вазиятни бартараф қилиб, уларга хотиржамликни қайта олиб келдилар.

Абу Бакр: "Аммо баъд! Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, Муҳаммад вафот қилдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тирикдир, У ўлмайди", дедилар.

"Муҳаммад фақат бир пайғамбардир, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас агар у (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса, ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизларми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди" (“Оли имрон” сураси, 144 оят).

Ибн Аббос ҳам ўша ерда мавжуд эдилар. Гўёки одамлар ушбу оят нозил бўлганини билишмас эди. Ҳатто Абу Бакр тиловат қилганларида одамларнинг барчалари тиловат қилишни бошлашди.

2. Пайғамбар дастурини, суннатини ва йўналишини маҳкам ушлаб, намуна бўлиши ҳамда одамларга айтган сўзи амали билан тўғри келиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)", (“Саф” сураси, 2 - 3-оятлар), деб айтган.

Аллоҳ таоло баъзи аҳли китобларни огоҳлантириб: "Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки ўзларингиз Китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?", деб айтган. (“Бақара” сураси, 44-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар ўзингиз учун мени суннатимни ва тўғри йўлга бошловчи халифаларимнинг йўлини лозим тутинглар. Уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тутинглар", деб айтдилар. (Абу Довуд ривояти).

Бу ердаги суннатдан мурод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари юрган ўртача ва мўътадил бўлган васатийликдир. Бу йўлда камчиликка ҳам йўл қўйилмаган ва ҳаддан ҳам ошилмагандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас", деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

3. Умматга раҳмдил ва шафқатлидир. Бу билан далиллар чегарасида уларга енгилликни ва машаққатни аритишни истайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай бўлганлар. Аллоҳ таоло у зотни оламларга раҳмат ўлароқ юборгандир.

"(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик" (“Анбиё” сураси, 107-оят).

Шунинг учун одамларга танглик олиб келадиган, ўта далилсиз нарсаларни келтириб маҳрум этадиган, одамларга қийинчилик ва машаққатни истайдиган ёки уларни кофирга чиқарадиганлар Раббоний уламолар эмасдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Хушхабар беринглар, бездирманглар. Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар», дер эдилар». (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилувчилар ҳам Раббоний уламолардан эмас. Ғулув ва ҳаддан ошишни ман этиб, дин енгилликдир, соғлом фитратга мувофиқдир каби сўзларни айтади. Бу каби сўзлар Қуръони карим оятлари ва ҳадису шарифларда тўлиб ётибди.

Аллоҳ таоло йўлидаги даъват, амру маъруф, наҳий мункар, ҳақни баён этиш, уни яширмаслик каби ишлар Раббоний улармоларнинг мажбуриятларидандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: "Эсланг, (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Аллоҳ китоб берилган кимсалардан «Албатта у (китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар» деб аҳд-паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳд-паймонни ортларига ташладилар ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди!" («Оли имрон» сураси, 187-оят).

"Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин яширадиган кимсаларни шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўъминлар) лаънатлагай" («Бақара” сураси, 159-оят).

4. Аллоҳ таолодан қўрқиш. "Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг амру-фармонларини (бандаларга) етказадиган, У Зотдан қўрқадиган ва Аллоҳдан ўзга бировдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳисоб қилгувчидир" (“Аҳзоб” сураси, 39-оят).

"Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Мағфиратлидир" (“Фотир” сураси, 28-оят).

"Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар" (“Исро” сураси, 107-оят).

"Улар йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг ҳокисорликларини зиёда қилур", (“Исро” сураси, 109-оят).

5. Ҳақга чақирганда етадиган бало ва озорларга сабр қилиш. Шунинг учун амру маъруф ёки наҳий мункар ҳақидаги оятни кўрсак, албатта унинг ортидан сабр ҳақидаги сўз кўпинча зикр қилинади.

"Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (Йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ Йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)" (“Аср” сураси, 1 - 3-оятлар).

"Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг мақсадга мувофиқдир" (“Луқмон” сураси, 17-оят)

"Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар", (“Сажда” сураси, 24-оят).

Демак, Аллоҳнинг амрига чақирувчиларга сабрли бўлиш шарт қилинди.

6. Ҳикмат ва гўзал мавъиза билан ҳамда энг гўзал тарзда мунозара қилиш ҳам Раббоний уламоларнинг сифатларидандир.

"(Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингизнинг йўлига – динига донолик – ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кимсаларни ҳам жуда яхши билур" (“Наҳл” сураси, 125-оят).

Олим киши сўзида ҳақ, адолатли ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлиши лозим. Шу билан бирга пала партиш ҳам бўлмаслиги керак. У сўзида, ишида, тасарруфида, одамлар билан бўладиган муомаласида, Аллоҳга даъват қилишида ҳаким бўлиши лозим.  

Юқоридаги оят яхшилик ва унинг таъсирини ўз ичига олган бўлиб, даъват йўлида ақл, тажриба ва имкониятларни ишга солишни тавсия қилади. Ундан ташқари мулойимлик ва оҳисталик билан таъсир этувчи қиссаларни айтиб, жавоб беришда кучли мантиққа, яъни илмий исботланган нарсаларга ва бошқалар тажриба қилиб кўрган нарсалар билан ҳам даъватда фойдаланилади. Қўйингки, мунозара ва тортишувларда ҳам таъсир ўтказувчи услублардан қўлланилиб, даъват йўлида замонамиздаги барча қонуний имкониятлардан истифода қилинади.

Ушбу оятдан яна шуни англанадики, Раббоний олим илмли, қалб кўзи очиқ, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан бошқасида ғазаб қилмайдиган ва босқичли мақсад билан юрадиган, стратегик режаси бор киши бўлади. У ўзи учун маълум бир муддатга таъйинлаган лойиҳа ва унга керакли ускуналар билан жиҳозланган бўлади. У атрофдаги муаммоларга теран қараб, уни муолажа қилиш фикри билан юради.

7. Таълим ва тазкия. Аллоҳ таоло Расулини васф қилиб: "У (Аллоҳ) омилар (яъни, аҳли Китоб бўлмаган илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб — Қуръон ва ҳикмат — ҳадисни ўргатадиган бир Пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига Пайғамбар келганидан) илгари очиқ залолатда эдилар" (“Жумъа” сураси, 2-оят).

Раббоний уламолар Қуръон тиловати, зикр, қалб тазкиясига машғул бўлиб, инсоний руҳиятни юксалтириб, чўққига чиқишга интилиб, рози бўлувчи ва рози бўлинган нафс даражасига чиқмоқлари лозим. Ҳамда одамларга Қуръон ва ҳикматни, яъни ваҳийни, соғлом ақл ва тўғри фитрат қабул этадиган даражада тушунтирмоқлари керак.

8. Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш, Аллоҳнинг китоби, пайғамбарнинг суннати ва ижмоъ билан фатво бериб, сўнгра агар эҳтиёж туғилса бошқа аҳли илмлар билан маслаҳатлашиб, бошқа далилларни айтиши керак. Чунки Аллоҳ таоло: "Ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг", деб айтган. (“Оли имрон” сураси, 159-оят)

9. Оммага ва хосларга насиҳатда бўлиш. Бу ҳақда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар. «Ким учун?» дедик. «Аллоҳ учун, У Зотнинг китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар». (Сунан соҳиблари ривоят қилишган).


Изоҳ: «Насиҳат» луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва: «Ким учун?» деб сўрадилар. Яъни, «насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканини баён қилиб бердилар:

– «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб насиҳат қилишдир.

– «У Зотнинг китоби учун», яъни, Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.

– «У Зотнинг Расули учун», яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.

– «Мусулмонларнинг имомлари учун». 
Улар учун насиҳат қилиш, уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.
– «Мусулмонларнинг оммаси учун». 

Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом  йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.

Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.

10. Аллоҳ туширган Ислом  динига мухолиф бўлганларнинг барчасини нотўғрилигини исботлаб бериши лозим. Улар, адашган, ғулувга кетган, қўпол, такфирчи, илмоний каби оқимлардир. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!