Расулуллоҳ қандай рўза тутганлар?

04:00 19.05.2018 2017

Абдуллоҳ ибн Шақиқ дедилар: «Мен Ойша (р.а.)га Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам)нинг рўзалари ҳақида савол қилдим. Ойша онамиз дедилар: “Расулуллоҳ  (саллалоҳу алайҳи васаллам) баъзи ойларда шундай рўза тутар эдиларки, биз энди бу ойда оғиз очмасалар керак, дер эдик. Баъзи ойларда шундай оғиз очиқ юрар эдиларки, биз энди бу ойда рўза тутмасалар керак, дер эдик. Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам) Мадинага келганларидан кейин ҳеч бир ойни бутун рўза билан ўтказмадилар. Магар танҳо Рамазон ойини тўлиқ тутар эдилар».

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Мен Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам)нинг хеч бир ой рўзасини Шаъбон каби кўп тутганларини кўрмадим. Шаъбонда шундай рўза тутар эдиларки, озгина кун тутолмай қолар эдилар. Балки баъзи вақтларда бутун Шаъбонни рўза билан ўтказар эдилар».

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам) аксари душанба ва пайшанба кунларининг рўзасига эҳтимом қилар эдилар”.

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Жаноби Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам) баъзи ойда шанба, якшанба ва душанба кунларида рўза тутар эдилар. Баъзи ойда сешанба, чоршанба кунларида рўза тутар эдилар».

***

Муоз (р.а.) дедилар: «Мен Ойша (р.а.)дан сўрадим: “Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам) ҳар ойда уч кун рўза тутар эдиларми?” Дедилар: “Ҳа”. Мен дедим: “Қайси кунлари тутар эдилар?” Дедилар: “Қайси кунлар бўлишида парво қилмас эдилар (Яъни, тўғри келган кунларда тутаверар эдилар)”.

***

Ойша (р.а.) дедилар: «Ашуро куни (яъни, муҳаррамнинг ўнинчи куни) Қурайш жамоаси рўза тутар эди. Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи васаллам) ҳам ҳижратдан илгари ўша куни нафл рўза тутар эдилар. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам тута бошладилар. Умматга ҳам тутишлари вожиб эканини эълон этдилар. Кейин Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг вожиблиги мансух қилинди ва мустаҳаблиги боқий қолди. Энди ким хоҳласа тутиб, ким хоҳламаса тутмайдиган бўлди».

“Шамоили Муҳаммадия” китобидан

Манба: ЎМИ расмий сайти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!