Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаларнинг хонадонлари ҳам муаммодан холи бўлмаган ("Исломда оила" рукнидан)

19:59 20.09.2017 929

Аллоҳ таоло айтади: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар” (Аъроф сураси 201-оят).

Яхши одамларнинг хонадонлари ҳам турли оилавий муаммолардан холи бўлмаган. Лекин яхши кишилар бу ишлар шайтон истаганидек ва унинг хоҳишига қараб авж олиб кетишига йўл қўймайдилар. Балки шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайдилар. Ишларини тўғрилаб олиш, бирлашиш, ораларини тузатиш ҳисобига шайтоннинг макрини йўққа чиқарадилар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) билан юз берган бир воқеани эслайлик. У зот (розияллоҳу анҳу) ўғиллари Абдураҳмонга меҳмонларни қўшиб уйларига юбордилар. Анчадан кейин келиб қарасалар, меҳмонлар у киши келгунларича овқат ейишни кечиктириб ўтиришибди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундан уйдагиларига ҳам, меҳмонларга ҳам жаҳл қилдилар ва ҳеч нарса емасликка қарор бердилар. Норозиликларидан меҳмонларга: “Иштаҳам йўқ”, дейишгача бордилар. Меҳмонлар ва уй бекаси Абу Бакр емасалар, улар ҳам емасликларини билдирдилар. Шу орада Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўзларини ўнглаб, бу ғазаблар шайтондан эканини эслаб қолдилар ва Аллоҳнинг исмини тилга олдилар. Таомга юзландилар ва меҳмонлар ҳам юзлари ёришиб, “олинг-олинг”га ўтишди. Аллоҳ таоло таомларига барака берди.

Шу билан шайтон ташлаган ва олди олинмаса, ёйилиб, давом этаверадиган иғво, дилхираликлар тўри парчаланиб, самимият тикланди. Ғазаб келганида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўзларини босиб, ўйлаб кўрарканлар, бу ҳодиса шайтондан эканига эътибор қилганлари туфайли шундай бўлгани ибратлидир.

Бу каби ҳодисалар ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларида ҳам рўй берган.

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишига: “Сенинг мендан розилигинг ва норозилингни биламан”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Буни қаердан биласиз?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мендан рози бўлганингда: “Йўқ, Муҳаммаднинг Раббисига қасам”, дейсан. Мендан норози бўлганингда: “Йўқ, Иброҳимнинг Раббисига қасам”, дейсан”,  дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Ҳа, Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, фақат исмингизни ҳижрон қиламан, холос” (Муттафақун алайҳ).

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Айтди: “Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига киришга рухсат сўрадилар. Оиша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га овозларини кўтариб гапираётган эканлар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Эй фалончининг қизи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га овозингни кўтарасанми?” дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ораларига тушдилар. Сўнг Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ташқарига чиқдилар. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оиша (розияллоҳу анҳо)ни кўнгилларини олиб: “Мени кўрдингми? Сен билан у кишининг ўрталарингга тушдим”, дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) яна бир бор киришга рухсат сўрадилар ва улар кулаётганларини эшитдилар. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Уришларингга шерик қилганларингдек тинчликларингга ҳам шерик қилинглар”,  дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан Аллоҳ таолонинг: “Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!” (Таҳрим сураси 4-оят), деган Сўзидаги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг икки аёллари ҳақида сўрашга қизиқар эдим. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳаж қилганларида мен (ҳам) ҳаж қилдим. Ўзларини четга олдилар. Мен ҳам сув идишни кўтариб, ўзимни четга олдим. Ёзилиб келдилар. Мен сув идишдан қўлларига сув қуйдим ва таҳорат қилдилар. Мен: “Эй мўминлар амири, “Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди!” (Таҳрим сураси 4-оят) дейилган ояти Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қайси икки аёллари ҳақида?”  дедим. Умар (розияллоҳу анҳу): “Сени қара, Ибн Аббос? Улар Оиша ва Ҳафса”, дедилар. Сўнг Умар (розияллоҳу анҳу) воқеани айтиб бердилар: “Мен ва ансор қўшним бўлар эди. У Мадинадаги машҳур Умайя ибн Зайднинг фарзандларидан эди. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига навбатлашиб бир-кун бир-кун бориб турардик. Мен борганимда ваҳий нозил бўлса ёки бирон воқеа рўй берса, қўшнимга айтиб берар эдим. У борганида келиб менга ҳикоя қилиб берар эди.

Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун келар эдик. Мадинага келганимизда ансорларнинг хотинлари устун эканини кўрдик. Бизнинг хотинларимиз ансорлар хотинларининг одоб-ахлоқидан таъсирлана бошлашди. Хотиним менга бақириб гапирди ва буни яна такрорлади. Мен бошқа бундай қилмаслигини айтдим. Хотиним: “Нимага такрорламаслигим керак? Аллоҳга қасам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хотинлари ҳам такрорлар экан. Уларнинг бири кун бўйи кечгача гаплашмаган”, деди. Бу сўздан қалтираб кетдим ва унга: “Қайси бири шундай қилган бўлса ҳам, катта хато қилибди”,  дедим. Сўнг кийимларимни кийиб, Ҳафсанинг олдига бордим ва унга: “Сизлардан биронтангиз бугун кечгача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га аччиқ қилиб юрдими?”  дедим. У: “Ҳа”, деди. Мен: “Хато қилибсан. Адашибсан. Аллоҳнинг элчисига ёмон муомала қилиб, Аллоҳнинг ғазабидан омон қоласанми? Ҳалок бўласан? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўп гапирма, бирон нарсани қайта такрорлама. У Зотга аччиқ қилма. Сенга керак нарсани мендан сўра. Қўшнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га суюклироқ бўлиши сени йўлдан урмасин (бу сўзлари билан Оиша (розияллоҳу анҳо)ни назарда тутган эдилар)”, дедим.

Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Ғассон қабиласи бизга қарши жанг қилиш учун тайёргарлик қилаётгани ҳақида гаплашган эдик. Қўшним навбати куни кетди ва кечга яқин қайтиб келиб, эшигимни қаттиқ тақиллатди ва: “У хато”,  деди. Қўрқиб унинг олдига чиқдим. У: “Бугун дахшатли иш бўлди”,  деди. Мен: “Нима бўлди? Ғассон келдими?” дедим. У: “Йўқ. Бундан ҳам каттароқ ва даҳшатлироқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотинларини талоқ қилдилар”, деди. Мен: “Ҳафса хато қилди ва адашди”,  дедим. Шундай бўлади деб ўйлаган эдим.

Кийиниб чиқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бомдод намозини ўқидим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бир хонага кириб ёлғиз қолдилар. Ҳафсанинг олдига кирганимда йиғлаб ўтирган экан. Мен: “Нимага йиғлаяпсан? Сени шундан қайтармаган эдимми? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларни талоқ қилдиларми?”,  дедим. У: “Билмайман”, деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳали ҳам ёлғиз ўтирардилар. Чиқиб минбарнинг олдига бордим. У ерда бир неча одамлар бўлиб, баъзилари йиғлаш билан овора эди. Улар билан озроқ ўтирдим. Сўнг чидаб тура олмадим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғиз ўтирган хона олдига келиб, хизматчиларига: “Умарга рухсат сўра”,  дедим. У кириб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан гаплашди ва қайтиб чиқиб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га сизни айтган эдим, индамадилар”,  деди. Сўнг минбар олдидаги кишилар ҳузурига қайтиб бордим. Тоқатим тугади, яна хизматчи йигитнинг олдига келиб: “Умарга рухсат сўра”,  дедим. Кириб чиқди ва: “Сизни айтган эдим индамадилар”, деди. Яна минбар яқинидаги кишилар олдига қайтдим. Лекин сабрим чидамади ва яна хизматчига: “Умарга рухсат сўра”, дедим. У кириб чиқди ва менга: “Сизни айтган эдим, индамадилар”, деди. Қайтиб кетаётганимда хизматчи мени чақириб қолди ва: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) сизга рухсат бердилар”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига кирсам, бўйра устида ёнбошлаб ётган эканлар. Тўшак солинмагани учун баданларига бўйранинг изи тушиб қолибди. Ичига хурмо дарахтининг пўстлари солинган тери ёстиққа суяниб ўтирар эдилар. Салом бердим, сўнг турган ҳолимда: “Ё Расулуллоҳ, хотинларингизни талоқ қилдингизми?” дедим. Менга қараб: “Йўқ”,  дедилар. Мен: “Аллоҳу акбар”, дедим ва турган ҳолимда гаплашдим: “Ё Расулуллоҳ, бир қаранг! Биз қурайшликлар хотинларимиздан устун эдик. Мадинага келганимизда уларнинг хотинлари устун экан”,  дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилдилар. Сўнг айтдим: “Ё Расулуллоҳ, менга қаранг! Ҳафсанинг олдига кириб, унга: “Қўшнинг сендан чиройлироқ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га суюклироқ бўлиши сени йўлдан урмасин”, дедим”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир бор табассум қилдилар. Табассумларини кўриб ўтирдим. Уйларига кўз югуртириб чиқдим. Аллоҳга қасам, уйларида учта жиҳоздан бошқа нарса кўзга ташланмади. Мен: “Ё Расулуллоҳ, умматингиз мўл-кўлчиликда яшашини сўраб Аллоҳга дуо қилинг. Форс ва румлар Аллоҳга ибодат қилмайдилар. Лекин улар тўкин-сочинликда бадавлат яшайдилар”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суяниб ўтирган жойларидан ростланиб ўтирдилар ва: “Эй Хаттобнинг ўғли, сен шундай фикрдамисан? У қавмларга яхши кўрган нарсалари бу дунёда тезлаштириб берилган”,  дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтинг”, дедим.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га танбеҳ бергач: “Мен уларнинг олдига бир ой кирмайман”, деб хотинлари олдига тунагани бир ой кирмасликка қарор қилдилар. Йигирма тўққиз кечадан сўнг Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг олдиларига киришдан бошладилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз бир ой кирмайман деб, қасам ичгансиз. Йигирма тўққиз кун бўлди, яна бир кун бор”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир ой йигирма тўққиз кеча бўлади”, дедилар. Оиша (розияллоҳу анҳо): “Сўнг “танлаш” ҳақидаги “Эй, Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси 28 – 29-оятлар) ояти тушди. Биринчи мендан бошладилар ва мен У Зотни танладим”,  дедилар. Сўнг барча хотинларига ихтиёр бердилар. Улар ҳам Оиша (розияллоҳу анҳо) айтган: “Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми? Мен Аллоҳни, Расулини ва охират ҳовлисини танлайман”, дедилар.

Али (розияллоҳу анҳу)нинг ҳаётларига бир қаранг! Аллоҳ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўради, Аллоҳ ва Расулуллоҳ (алайҳиссаломни) ҳам уни яхши кўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари ва жаннатий аёллардан бўлган Фотима (розияллоҳу анҳо) билан гоҳида аразлашиб қолар эдилар. Шундай пайтлари аччиқланиб, масжидга бориб ухлар эдилар.

Саҳл ибн Саъд Соъидий айтди: “Али (розияллоҳу анҳу)нинг энг яхши кўрган исмларидан бири Абу Туроб эди. Шу исм билан чақирилса, хурсанд бўлиб кетар эди. Бу ном билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номлаган эдилар. Бир кун Фотима (розияллоҳу анҳо)га аччиқ қилиб чиқдилар ва масжид деворига суяндилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг орқаларидан келаётиб: “У деворга суяниб турибди”,  дедилар. Келганларида орқалари тупроқ бўлиб кетгани кўзга ташланди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Али (розияллоҳу анҳу)нинг орқаларидаги тупроқни қоқиб: “Эй Абу Туроб, ўтир”,  дер эдилар”.

Демак, эр-хотин орасида муаммо пайдо бўлса, ораларида ўтган ишни ўйлаб кўришлари керак. Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрашлари, бўлиб ўтган ишларини тузатишлари ва келишмовчиликлар эшигини ёпишлари лозим. Эрнинг жаҳли чиқса ёки хотин аччиқланса, иккиси ҳам Аллоҳдан паноҳ сўрашлари, таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқишлари керак. Бири турган бўлса, ўтириб олсин, ўтирган бўлса, ёнбошлаб олсин. Ёки бири бошқасини кечирсин, қучоқласин, хато қилган бўлса, узр айтсин ва Аллоҳ розилиги учун кечириб юборсин.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!