Ризқ ҳақида кўнглингиз хотиржам бўлсин!

22:05 03.12.2017 1206

Ҳар бир банданинг ризқи Аллоҳ тарафидан белгилаб қўйилган. Инсон онаси қорнидалигидаёқ ризқи, қанча умр кўриши тақдир қилинади. Одам боласи дунёга келгач, тақдирига ёзилган насибаси – хоҳласа-хоҳламаса – келаверади. Инсон ҳечам хавотир олмасин, пешонасига битилган ризқ-рўзини охиригача емагунича дунёни тарк этмайди.

Қуръони карим бизни ризқ борасида хотиржам бўлишга чақиради: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билади. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Ерда, осмонда, сувда, ер остида қимирлаган жонзотлар ризқини етказиш Аллоҳнинг зиммасидадир. Ҳар бир нарса Лавҳул маҳфузда тақдир этиб ёзиб қўйилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким мусулмон бўлса, етарлича ризқлантирилган, Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатли қилиб қўйган бўлса, аниқ нажот топибди”.

Эрталаб уйқудан турганингизда тан-жонингиз соғ, тўрт мучангиз омон, юртингиз тинч, ейишга бир бурда нонингиз бўлса, мана шу бахт эмасми? Аллоҳ сизга ризқ-рўз, саломатлик, хотиржамлик неъматини берибди, шукр қилиб яшанг. Атрофга бир қаранг: дунёда тинчлик-хотиржамликдан бебаҳра одамлар қанча?! Шукрки, Аллоҳ диёримизни тинч, осмонимизни мусаффо, заминимизни баракали қилиб қўйган. Бу неъматларга шукр қилсак, Аллоҳ янаям кўпайтириб беради.

Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Аллоҳ уларга ҳам, сизларга ҳам ризқ беради. У Эшитувчи, Билувчидир” (Анкабут сураси, 60-оят).

Аллоҳ ҳар бир тирик жоннинг ризқини етказиб туради. Ризқ-рўзини эплаб тополмайдиган, ҳеч вақоси йўқ қанчадан-қанча заиф жонзотлар бор. Аллоҳ уларнинг ҳеч бирини насибасиз қолдирмайди, барчасини ризқлантиради.

Эътибор берсангиз, руҳий безовталик, ҳаловатсизлик кўпинча тирикчилик билан боғлиқ муаммолар сабабидан келиб чиқади. “Энди нима бўлади? Қандай тирикчилик қиламан?” каби саволлар инсон миясида чарх уради, тинчини бузади, оромини ўғрилайди. Аммо мўмин киши учун бундай хавотир бегона. Нега десангиз, у Аллоҳнинг ваъдасига ишонади, ризқ талабида ҳаракат қилади. “Аллоҳ ризқ-насибамни етказади” деган ишонч билан ҳалол меҳнат қилган одамнинг кўнгли хотиржам бўлади. Ҳалолликда гап кўп. Ҳалол ишлаш, ҳалол яшашнинг ҳузур-ҳаловатига ҳеч нарса етмайди.

Зиёвуддин Раҳим,
“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!