Рус давлати нега Исломни танламаган?

05:04 13.06.2018 2763

Россиянинг марказий телеканларидан бири “Первый”да мамлакатда 12 июнь – “Россия куни” байрами нишонланган санада намойиш этилган “Князь Владимир – Рус давлати чўқинтирувчиси” фильмида қадимги Рус давлати эътиқодининг айнан нима сабабдан юнон талқинидаги православлик томон юз бургани борасида ҳикоя қилинади. Islamnews нашри бунга эътибор қаратди.

Фильм ижодкорлари сценарийни ёзишда тарихчи Нестор қаламига мансуб манбага таянишган.

Маълум бўлишича, сиёсий иттифоқчи излаётган князь Владимир ҳузурига турли дин даъватчилари келган.

Владимирнинг Хазария яҳудийлари вакилига жавоби қуйидагича бўлган:

“Ўзларингиз Худо томонидан рад этилиб, ер юзининг турли нуқталарига сочилиб кетган ҳолингизда халқимни нимага ҳам даъват этардингиз? Ёки бизларгаям шуни истайсизми? Сизнинг давлатингиз вайрон этилиб, пароканда бўлмиш. Ёки бизнинг ҳисобимиздан уни тиклашни истайсизми?”

Князнинг мусулмон элчига жавоби янада кутилмаган кўриниш олди:

“Русда ичкилик анъанаси бор – бусиз ҳаёт кечира олмаймиз”.

Тарихчилар бу сўзларни кўпинча Россиядаги ичкиликка ружу қўйишнинг ибтидоси ўлароқ талқин қилишади.

Рус одатига кўра, князь дастурхонида маслакдошлар жам бўлишарди. Тушлик дастурхони атрофида муҳим сиёсий қарорлар қабул қилинар ва бу давлат бошқарувининг бир қисми ўлароқ кўрилар эди. Ҳукмдорнинг ўз аъёнлари билан ичишдан бош тортиши ҳукуматдан бош тортиш сифатида баҳоланган. Князь ўз аъёнларига қай даражада боғланган бўлса, улар ҳам князга шу қадар боғлиқ эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!