Рўзадордан талаб этиладиган ишлар (8-мақола)

19:40 02.06.2018 402

Оғиз очар пайтда рўзадорга таом бериш

Рўзадорни ҳурматлаб ва рўза ибодати учун тақдирлаб ифтор бериш мустаҳаб ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким рўзадорга ифтор берса, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда унга рўзадорнинг ажри мисличалик савоб бўлади”.

Бунда рўзадор камбағал бўлиши шарт қилинмайди. Чунки ҳадис бой ва камбағални қамраб олган мутлақ ҳадисдир. Лекин ифтор қилиш суннати ёнида садақа маъноси ҳам борлиги учун, камбағал рўзадорга ифтор бериш афзалроқдир.

Ифторда такаллуф – сохтакорлик ва ўзини қийнаш жоиз бўлмайди. Чунки Исломда бундай ишларда такаллуф этиш наҳйи қилинган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Такаллуфдан қайтарилдик”. Шунингдек бу ибодатга риё ва сумъани олиб кирадиган кўп ва дабдабали таомлар тайёрлаш ҳам такаллуф ҳисобланади. Бу ҳол ифтор қилувчиларни камайишига ҳам сабаб бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким унда (яъни Рамазонда) рўзадорга ифтор қилса, унинг гуноҳлари учун мағфират ва ўзини дўзахдан озод қилиш бўлади. Унга рўзадорнинг ажридан камайтирилмаган ҳолатда ўшанчалик ажр бўлади”, дедилар. Шунда (саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор берадиган нарса тополмаймиз”, дейишганда, у зот айтдилар: “Аллоҳ бу савобни рўзадорнинг оғзини бир дона хурмо ёки бир ичим сув ёки аралаш сут билан очган кишига ҳам беради”.

 

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!