Муфассал фиқҳ. Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ишлар (давоми)

21:00 13.06.2018 214

Рўзадорни илон чақса рўзаси бузилмайди. Чунки чақиш унинг ихтиёри билан бўлмаган ва бундан танасига фойда йўқ.

Рўзадорнинг ичига хато ўлароқ тўсатдан кириб кетган оғиз очувчи нарсалар рўзани бузади ва унга қазо тутиш вожиб бўлади, каффорат эмас. Масалан оғиз чаяётган ёки бурун қоқаётган пайтда, рўзадорлиги ёдида бўла туриб, сув кириб кетган ҳолатга ўхшаш.

Рўзани очадиган нарсаларда хато бўлгани каби вақтни белгилашда ҳам хато бўлади. Тонг отмади деб ўйлаб жимо ёки саҳарлик қилса, сўнг тонг отганини аниқ билса ва билган заҳоти жимони узса, ёки ейишни тўхтатса, рўзаси фосид бўлади. Рўзани бузиш қасди йўқлиги учун каффорат эмас, фақат қазо вожиб бўлади.

Қуёш ботгани ҳақида шак қила туриб таом еса, сўнг ботишдан олдин егани маълум бўлса, унга қазо ва каффорат баробар вожиб бўлади. Чунки аниқ нарса, яъни кундузи тугамагани, шак билан кетмайди. Аммо ғолиб гумони бўйича қуёш ботган деб овқатланган бўлса, сўнг қуёш ботмагани аниқ маълум бўлса, унга фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Чунки ғолиб гумон аниқ нарса каби ҳисобланади.

Мана шу ҳолатларда хатосининг ҳақиқати унга маълум бўлмаса ва рўзасида давом этса, унинг тутган рўзаси саҳиҳдир, қазо вожиб бўлмайди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!