Садақа балони қайтарадими?

11:00 01.04.2018 1490

Ҳикоя қилишларича, бир аёл тушида бир одамни заҳарли илон чақиб, ўлдирганини кўрди. Бу туш аёлни жуда қўрқитди. Тонг отгач, аёл ўша тушида кўрган одамнинг уйига бориб, кўрган тушини унинг ўзига айтиб берди. Ундан эҳтиёт бўлишни, ҳушёрроқ бўлиб юришни илтимос қилди. Аёл кетгач, ҳалиги одам Аллоҳ учун иккита қўй сўйиб, садақа қилишни назр қилди...

Шояд, ўша сўйган қўйлари сабабли халиги қўрқинчли тушнинг хатаридан саломат бўлса. Ўша куни кечга яқин иккита қўйни сўйиб, қўшнилар ва қариндошларни уйига чақирди... Улар учун шоҳона зиёфат уюштирди. Ҳамма гўштни тарқатиб, ўзида қўйнинг биргина оёғи қолди. Қалбини тўлдирган қўрқув, тинчини бузган безовталик сабабли ўзи ҳали таом ва гўштдан тотиб кўрмаган эди. Бояги оёқни нонга ўради-да, ейиш учун энди оғзига олиб келган ҳам эди, бир қари кампир қўшниси эсига тушиб қолди...

У заифлиги ва қарилиги туфайли зиёфатга кела олмаган эди. Бояги киши ўзини маломат қилиб: “Сен у кампирни эсдан чиқарибсан. Мана шу оёқ унинг насибаси бўлади” деди-да, тезда ўша кампирнинг уйига чопди...

Бориб, қўй оёғини кампирга тутқазди ва бундан бошқа гўшт қолмаганини айтиб, узр сўради... Қария аёл бундан жуда севинди ва гўштни еб, суягини ташқарига улоқтирди...

Ўша кечаси халиги оёқ суягидан келаётган ёқимли ҳидга бир илон судралиб келди ва суякда қолган гўшт қолдиқларини ея бошлади. Бир пайт суякнинг бир учли жойи илоннинг бўғзига тиқилиб қолди. Ҳар қанча уринса ҳам илон ундан қутула олмади. Унинг барча уринишлари бесамар кетди. Суяк унинг томоғига санчилиб қолган эди...

Эртаси куни тонг отгач, ҳалиги одамнинг ўғиллари уйларининг орқасида бир нарсанинг ҳаракат қилганини ва шитир шитир қилган овозини эшитдилар. Оталарига бунинг хабарини етказдилар. Бояги киши дарҳол воқеанинг тафсилотини билиш учун уйининг орқа тарафига ўтди. Қараса, бир илон ерда типирчилаб ётибди, оғзида эса тиқилган СУЯК...!

Дарров уни ўлдирди ва ундан қутқаргани учун Аллоҳга ҳамду  санолар айтди. Уйига кириб, оиласига бўлган воқеани гапириб берди. Кейин кўчага чиқиб, қўниқўшниларига ҳам ўша ҳодисани сўзлаб берди.

Бу қисса тилдан тилга кўчиб, мана бугунги кунгача етиб келди. Одамлар бу қиссадан қуйидаги мақолни пайдо қилишган: “Луқманинг кўплиги балони қайтаради”. Яъни кўп садақа қилиш, кишиларга кўп таом улашиш сендан балоларни даф қилади...

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, жаннатда бир уй бор. Унинг ташқариси ичкарисидан, ичкариси ташқарисидан кўринади. Аллоҳ у уйни кишиларга – таом берган ва саломни кенг ёйган ва одамлар ухлаётган чоғда, кечаси намоз ўқиганлар учун тайёрлаб қўйган”.

Аллоҳ таолодан нафсимизни тўлдирадиган роҳат, қалбимизни кўмадиган ризо, Ўзини рози қиладиган амал, юзимизни олий қиладиган саодат, душманимизни мағлуб этадиган ёрдам, вақтларимизни машғул қиладиган зикр, гуноҳларимизни ювадиган афв, ғамларимизни ўчирадиган енгиллик сўраймиз...

Муҳаммадсоли ИМИНОВ,

Андижон вилоятидаги "Полвонтош" жомеъ масжиди имом-хатиби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!