Саҳобалар ҳаётидан: Муҳаммад ибн Ҳанафийя

01:00 17.05.2018 341

Улуғ тобиенлардан бўлган бу зот Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўғли  Муҳаммад бўлиб, аҳли байтнинг аъзоси, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг ота бир укаларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган эдилар:

– Ё Расулуллоҳ! Агар Сиз вафот қилганингиздан кейин фарзандли бўлсам, унга исмингизни қўйиб, кунянгиз  билан атасам бўладими?

У зот: “Ҳа бўлади”,− дедилар.

Орадан кунлар ўтди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Бир неча ойлар ўтар-ўтмас Ҳазрат Алининг аёллари Фотима онамиз ҳам оламдан ўтадилар.

Ҳазрат Али Бани Ҳанифа қабиласидан Хавла бинт Жаъфар исмли аёлга уйландилар. Ундан бир ўғил фарзанд кўрдилар. Исмини Муҳаммад қўйиб, Расулуллоҳнинг кунялари – Абулқосим деб атадилар.

Лекин одамлар Муҳаммад ибн Ҳанафийя деб чақиришар эди. Кейинчалик тарихда ҳам шу ном билан танилди.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик муддатининг охирларида туғилди. Отаси Али ибн Абу Толибнинг қарамоғида ўсиб-улғайди, тарбия топди. Отасидан ибодат, зоҳидликни ўрганди. Қувват ва шижоат, фасоҳату-балоғатда ҳам отамерос бўлди. Ҳарбий билим ва бошқа соҳаларда ҳам илғор эди. Тун қоронғуси, одамлар уйқу оғушидаги паллада ибодатда қойим бўлар эди. Икки акаси Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларга юксак ҳурматда бўлар эди. Баъзан отаси Муҳаммадга акаларига қарганда оғирроқ вазифа топширар, у эса тараддудланмай гўзал равишда топшириқни бажарар эди. Одамлар Муҳаммадга: “Нега отанг акаларинга эмас, балки сенга оғир топшириқларни буюради?” −  деб сўрашганида, у: “Чунки акаларим отамнинг икки кўзи, мен эса қўли вазифасини бажараман. Ахир кўзини қўли билан ҳимоя қилади-да!” деб гўзал фосоҳат билан жавоб берарди.

Али ибн Абу Толиб билан Муовия ўрталарида бўлиб ўтган Сиффин жангида Муҳаммад ибн Ҳанафийя отасининг байроғини кўтарар эди. Қизғин уруш пайти бир воқеа рўй берди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя ҳикоя қилиб беради: “Сиффинда биз Муовия аскарлари билан тўқнаш келиб, жанг қизиб бораётганида, биздан ҳам улардан ҳам бирор тирик жон қолмаса керак, деб ишнинг хавфи ва хатарини ўйлаб турсам, тўсатдан бир овозни эшитиб қолдим:

‒ Ҳой мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳой мусулмонлар! Аёллар ва болаларга ким қарайди?! Дин ва обрўни ким ҳимоя қилади?! Ташқи ғанимга ким қарши туради?! Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмонни қонини тўкманг!

Шу воқеадан бошлаб мусулмонга қарши қурол кўтармайман деб аҳд қилдим”.

Вақтлар ўтиб бошқарув Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўлига ўтди. Муҳаммад ибн Ҳанфийя бошлиққа ҳар қандай вазиятда итоат қилар, Муовия розияллоҳу анҳу ҳам Муҳаммад ибн Ҳанафийяга қаттиқ ишонар, ўзининг ҳузурига таклиф қилиб турар эди.

Рум подшоси Муовия розияллоҳу анҳуга мактуб ёзди. Мактубда: “Бизда подшолар бир-бирларига ажойиб нарсаларни тортиқ қилиб турадилар, мамлакатларидаги қизиқ нарсаларда беллашиб турадилар, биз ҳам орамизда шундай нарсалар ўтказсак нима дейсиз?” деб ёзилганди. Муовия бунга рози бўлдилар.

Рум подшоси ўз паҳлавонларидан иккитасини жўнатди. Бири ўта новча, йўғон ва бақувват, иккинчиси эса йиртқичлардек кучли паҳлавон эди. Булар билан бир хат бериб юборди, унда: “Мамлакатингда новчалик ва кучлиликда буларга тенг келадигани борми?” деб айтилганди. Шунда Муовия розияллоҳу анҳу Амр ибн Осга: “Анави новчасига тенг келиб, керак бўлса ундан ўтадиганини топдим, у Қайс ибн Саъд ибн Убода. Аммо кучлисига келсак, нима дейсан?”

Амр ибн Ос эса “Бунга бас келадиган иккитаси бор-ку, лекин улар сиздан узоқда. Бири Муҳаммад ибн Ҳанафийя ва Абдуллоҳ ибн Зубайр”,‒ деди. Муовия айтди: “Муҳаммад ибн Ҳанафийя узоқда эмас”.

Амр ибн Ос: “Лекин шундай обрў-эътиборли киши ҳаммани олдида румлик бир киши билан беллашишга рози бўлади деб ўйлайсизми?” − деди.

Муовия: “Ҳа, агар Муҳаммад ибн Ҳанафийя Исломга шараф келтирадиган бундай ва бундан ортиқроқ ишни кўрса албатта рози бўлади”, − деди.

Сўнг Муовия Қайс ибн Саъд ва Муҳаммад ибн Ҳанафийяни чақиртиди. Кенгаш йиғилгач, Қайс ибн Саъд кийимини ечиб, румлик рақибга отди-да, уни кийишга буюрди. У кийганди унга катта келди. Одамлар кулиб юборди.

Энди Муҳаммад ибн Ҳанафийяга навбат келганди. У киши ҳам рақибини бир зумда ерга ағнатди. Шундай қилиб икки румлик мағлубият билан, юртларига қайтдилар.

Кунлар ўтиб борар, Муовия розияллоҳу анҳу, Язид ва Марвон ибн Ҳакамлар вафот этганларидан сўнг мусулмонлар ўртасида яна фитналар, қирғинбарот урушлар бошланди. Муҳаммад ибн Ҳанафийя эса бу фитналардан ўзини олиб қочар, мусулмоннинг қони тўкилишига асло рози бўлмас эди. Натижада кўп қийинчиликларга дуч келди, лекин сабр-бардош билан уларни енгиб ўтди.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя ўзининг ибодатлари ва юксак ахлоқлари билан ўрнак бўлиш ила кифояланмай, балки доимо одамларга илм улашиб ва яхшиликка чақирар эди. Ҳадисларни кўпинча отаси Ҳазрат Алидан ривоят қилади.

Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қилинади, у киши отасидан, у (Али ибн абу Толиб) розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Намознинг калити покликдир, унинг (дунёвий ишларни) ҳаром қилишлиги такбирдир ва ҳалол қилишлиги саломдир”.

Муҳаммад ибн Ҳанафийя розияллоҳу анҳу ҳижрий сананинг саксон бирида Мадина мунавварада вафот этади. Жанозасини Мадинанинг волийси Абон ибн Усмон ўқиди. Бақиъ қабристонига дафн қилинган.

Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли,

Хожа Бухорий ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!