Саид ибн Зайд

18:30 29.05.2018 471

Ҳаётлик чоғидаёқ жаннатга кириш башоратини олган саҳобийлардан бири Саид ибн Зайддир. Онаси Фотима. Отаси Зайд. Отаси Зайд ҳақ дин излаб, турли сафарлар уюштирган, кўплаб насоро ва яҳудий олимлар суҳбатида бўлган. Лекин олимларнинг ҳеч бир сўзи унинг кўнглини тинчлантира олмасди. Ниҳоят у Иброҳимнинг (а.с.) йўллари ҳанифликни танлади.

  Саид отасидан ҳанифлик таълимотини эшитиб улғайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Исломни тарғиб қилаётганларидан хабар топиб, уни ўрганиб чиқди ва манбаларда башорати келган дин эканлигига ишонч ҳосил қилди. Ривоятларга кўра, Саид мусулмонлар Арқамнинг уйида йиғилишни бошлашларидан аввал иймон келтирган. Аёли ҳазрати Умарнинг сингиллари Фотима эди. Ўз навбатида ҳазрати Умар унинг синглиси Отикага уйланганлар.

  Куёви ва синглисининг Исломга кирганидан хабардор бўлган Умар ибн Хаттоб дарғазаб ҳолда улар Қуръон тиловат қилишаётган уйга етиб келади. Умар Саидни дўппослаётганини кўрган Фотима эрини акасининг чангалидан қутқаришга уринади ва ўзи ҳам калтак ейди. Шундан кейин у бор кучини тўплаб, акасига қарата Исломдан ҳеч қачон воз кечмаслигини айтиб хитоб қилади. Синглисининг гапидан сергак тортган Умар ўзини ўнглаб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига йўл олади ва Исломни қабул қилади.

  Ҳижрат қилингач, Рифоа ибн Абдулмунзирнинг (р.а.) уйида меҳмон бўлди. Ривоятларга кўра, Абу Лубоба билан, бошқа ривоятларга кўра эса, Рафиъ ибн Малик билан қиёматли дўст тутинган.

  Саид Бадрдан ташқари барча жангларда иштирок этган. У Расулуллоҳнинг (с.а.в.) энг ишончли саҳобаларидан бири эди. Бир марта Расулуллоҳ (с.а.в.) уни Талҳа билан биргаликда Суриядан қайтаётган Қурайш карвони ҳақида хабар олиб келиш учун Мадина атрофига жўнатганлар.

  Саид умрининг сўнгги кунларини Мадинага яқин Ақиқ водийсидаги даласида ўтказди. Ўша ерда ҳижрий 50 (баъзи манбаларда 51) йилда вафот этди. Абдуллоҳ ибн Умар Саиднинг вафотидан хабар топгач, унинг Ақиқ водийсидаги уйига бориб жанозасига бош-қош бўлди. Саиднинг маййити Мадинага олиб келиниб, Саъд ибн Абу Ваққос томонидан ювилиб кафанланди. Унинг жаноза намозини Абдуллоҳ ибн Умар ўқиди. Аллоҳ рози бўлсин!

 

Шоакмал Исроилов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!