Санкт-Петербургда Катта Лангар Қуръони намойиш этилди

12:30 09.06.2018 579

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” II конгресси доирасида Қуръони Каримнинг қадимий Катта Лангар нусхаси намойиш этилди. 

Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида мазкур қўлёзманинг 81 саҳифаси сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И. Ю. Крачковский ўзининг «Араб қўлёзмалари устида» китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.

Маълумотларга кўра, бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида, тасаввуфдаги Ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида “Катта Лангар Қуръони” номини олган. У VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган бўлиб, бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда – Қашқадарё вилоятида, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълум.

ЎзАнинг ёзишича, кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан 13 аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассислар фикрича, у Қуръони Каримнинг ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади. 

2017 йилда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!