Саодатли аёлнинг сабри: Умму Сулайм розияллоҳу анҳо

16:00 03.05.2018 801

Дунё яралибдики, у турли синов ва имтиҳонлардан иборат. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қийинчиликларни енгиб, фарзандини жамият учун манфаатли шахс қилиб тарбиялаган оналар ҳамиша ўрнак бўлиб келган. Буни биргина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир замонда яшаб, у зот олиб келган динга эргашган Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ҳаёти мисолида кўришимиз мумкин. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо мадиналик ансория аёллардан бўлиб, исми Румайсо бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг жаннатий экани ҳақида: “...Менга жаннатда Абу Талҳанинг аёли Румайсо кўрсатилди...”, – деганлар.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида қариндошлик алоқалари бор эди. Чунки бу аёл Хазраж қабиласининг Бани Нажжор уруғидан, Нажжор уруғи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тоға бўлади.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо дастлаб мадиналик Молик ибн Назир деган киши билан турмуш қурган эди. Мана шу турмушдан энг узоқ умр кўрган машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дунёга келган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари Мадинага етганида биринчилардан бўлиб Умму Сулайм розияллоҳу анҳо исломни қабул қилган эди.

Эрининг вафотидан сўнг Умму Сулайм розияллоҳу анҳога оғир кунлар бошланди. Чунки энди оила ташвиши ва фарзандининг нафақаси аёл боши билан ўзига қолган эди. Эрининг вафотидан сўнг Умму Сулайм: “Ўғлим Анас улғайиб, балоғатга етмагунча турмушга чиқмайман”, – дея аҳд қилди. Чунки агар турмушга чиқсам, эрим бегонасираб, ўғлимнинг тарбиясига эътибор бермаслиги мумкин, деган андишаси бор эди. Умму Сулайм ягона фарзандига чиройли одоб бериб тарбиялади.

Анас шундай гўзал одобли бўлиб улғайдики, ёшлигидан бошлаб онасининг ҳаққига: “Эй Аллоҳим, онам менга чиройли тарбия берди. Ўзинг унга улуғ ажр бергин!” – деб дуо қиларди.

Умму Сулайм ўғли Анасни тарбиялар экан, унинг мурғак қалбида Ислом дини таълимотларини гўзал тарзда қуйиб борар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида эса ўғлини у зотга топширди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга нубувват хонадони энг гўзал тарбия мактаби бўлди, унга Сарвари коинотнинг ўзлари муаллим бўлдилар. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мен ўн ёшда эдим. Бир куни онам қўлимдан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб борди ва у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Шаҳримизда ташрифингизни қутлаб, совға-салом ила келмаган бирор эркак ва аёл қолмади. Фақат мен қолдим. Сизга совға беролмайман, илло шу ўғлим Анас сизга маъқул келганича хизматингизни қилсин”, – деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. У зот мени бирор марта урмадилар, сўкмадилар, койимадилар, ҳатто бирор марта қовоқларини солиб ҳам қарамадилар”.

Анас розияллоҳу анҳунинг ёшлигида Умму Сулаймга Абу Талҳа исмли бой-бадавлат, аммо ҳали мусулмон бўлмаган бир киши совчи юборди. Умму Сулайм қилган аҳдини билдириб, унинг совчисини рад этди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу улғайиб, вояга етганида Абу Талҳа яна совчи қўйиб: “Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган ва сўз айтадиган бўлди”, – деб олдинги таклифини эслатди. Умму Сулайм унга: “Эй Абу Талҳа, мен сен билан турмуш қуришим мумкин, аммо афсус, сен мушриксан, мен муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас”, – деб жавоб қилди.

Абу Талҳа: “Бу қандай ҳам нолойиқ гап, эй Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёқдаю, сенинг айтаётган бу гапинг қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр”, – деди. Умму Сулайм жиддий туриб: “Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, ёғочга ибодат қилишдан уялмайсанми! Агар сен Исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлсин. Менга бошқа нарса керак эмас!” – деди.

Одатда араб аёллари ўзлари учун тайёрланадиган сепларга, маҳрига бериладиган олтину кумуш тақинчоқларга жиддий эътибор беришар эди. Аммо буюк саҳобия Умму Сулайм бу борада аёл зотига қиёматга қадар бир хайрли ўрнак қолдирди.

Умму Сулайм ўзининг келинлик учун маҳр сифатида оладиган бойликларини ўзга бир инсоннинг иймони дея “қурбон қилиши” Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб тополмади. Аллоҳ таоло беқарор давлату ўткинчи шараф соҳиби бўлган Абу Талҳани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда кўрдим, деб башорат берган аёл сабабли ҳидоятга бошлади.

Менинг Исломимга ким гувоҳ бўлади? – деб сўради Абу Талҳа.

Расулуллоҳнинг ўзлари гувоҳ бўладилар. У кишига бориб айт, – деди Умму Сулайм.

Шундай қилиб, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мусулмон бўлди. Кейин Умму Сулаймнинг гапларини айтди. У зот Умму Сулайм билан Абу Талҳани ўша шартга мувофиқ никоҳлаб қўйдилар. Умму Сулайм қачон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолса, ўғли Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳаққига дуо олар эди.

Бир куни у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: “Ходимингиз Анаснинг ҳаққига дуо қилинг”, – деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Парвадигоро! Анаснинг молига, болаларига ва яна ўзинг унга ато этган бошқа неъматларингга барака бер!” – деб дуо қилдилар. Шу дуонинг ижобати сабабли Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу узоқ умр кўрди. У зотнинг фарзандлари, набира ва абиралари юздан ошиб кетди.

Умму Сулайм Абу Талҳа билан саодатли ҳаёт кечирарди, Аллоҳ таоло иккаласига кўз қувончи ва дил севинчи бўлган бир ўғил фарзанд ато қилди. Абу Талҳа ўғлига шу қадар меҳр қўйдики, уни ҳеч кимга ишонмас, ҳаётини бу суюкли фарзандисиз тасаввур этолмас эди.

Тўсатдан гўдак касалликка чалинди. Бу ҳол Абу Талҳанинг фикру хаёлини машғул этди. У рўзғор ишлари билан кўчада юрар экан, уйига келган заҳоти ўғлининг ҳолидан хабар олар эди. Ана шундай кунларнинг бирида ўлим бу маъсум гўдакни уларнинг бағридан юлиб олди. Ўша замон Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида эди. Шўрлик она нима қилсин? Кўзининг оқу қораси, жигарининг бир парчасини йўқотди! Барчага маълумки, бундай ҳолатда оналар ўзларини йўқотадилар, дод-фарёд кўтарадилар.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бу ўринда ҳам барча оналарга дарс бўладиган гўзал сабр соҳибаси эканини кўрсатди. Аввал ҳали жаннат ифори кетмаган гўдакнинг юзларидан тўйиб-тўйиб ўпди, кейин ювди, кафанлади, хушбўй нарсалар сепди ва гулдек юзларига боқиб, оналик меҳри жўшиб, кўзларидан аччиқ-аччиқ ёшлар тўкди. Боласини ҳеч кимга ишонмайдиган меҳрибон отаси Абу Талҳа келишидан олдин боланинг устига чойшаб ёпиб қўйди. Сўнг ўғли Анас розияллоҳу анҳуга укасининг вафоти ҳақида отасига ҳеч нарса демаслигини тайинлаб, Абу Талҳани чақириб келиш учун юборди.

Абу Талҳа келиши билан ўғлининг аҳволини сўради. Умму Сулайм: “Ухлади. Худодан сўрайманки, шояд шу уйқуси роҳатли бўлса!” – деб намга ва ғамга тўлган кўзларини яширди. Абу Талҳа хотинининг бу жавобидан бола соғайиб қолибди, деб гумон қилди. Ўша куни Абу Талҳа рўза тутган эди. Ифторлик қилди. Тун кирди. Шунда ҳам Умму Сулайм қалбидаги маҳзунликни билдирмади. Тонг чоғи эри масжидга отланар экан, Умму Сулайм секин гап бошлади: “Абу Талҳа, агар бир киши бировдан омонат олса, сўнг эгаси у нарсани сўраса, олган киши уни қайтармасликка ҳаққи борми?”. “Йўқ, омонат эгасига қайтарилади. Бермайман дейишга ҳаққи йўқ”, – деди эри. Шунда Умму Сулайм мақсадга кўчди: “Аллоҳ таоло омонатга ўғил берган эди. Энди ўша омонатини қайтариб олди”. Абу Талҳа: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (Биз ҳаммамиз Аллоҳникимиз, яна Унинг ҳузурига қайтамиз) деди. Бошқа ҳеч сўз айта олмади. Чиқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди. Намоз ўқиди. Сўнг кеча шом арафасида ўғли вафот этганини, бундан бехабар тонг оттирганини баён қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Парвардигоро! Буларнинг шу кечасини ўзинг баракотли қилгин”, – деб дуо қилдилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига осмон эшиклари очилди. Суюкли фарзандини йўқотган бу оилага Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Абу Талҳани берди. Абдуллоҳга эса 9 фарзанд ато қилди. Ҳаммалари Қуръон ҳофизи бўлишди. Айниқса, тўнғич ўғли Исҳоқ ибн Абдуллоҳ йирик фақиҳ даражасига кўтарилди.

Ушбу саҳобия аёлнинг ҳаёти оналаримизга, азиз опа-сингилларимизга дунё ва охират саодати сари йўлни кўрсатиб турувчи тарих десак, муболаға бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат оналар оёқлари остидадир”, – деганларида ана шундай сабрли аёлларни назарда тутганлар.

Абдурасул Тошпўлатов,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Ҳофиз Кўҳакий” жомеъ масжиди имоми-хатиби

Манба: Mumina.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!