Таҳлил

Сени соғингандик, “Аё София”!

4245

Ким нима деса десин, қандай жазавага тушса тушсин, вазиятга истаганча сиёсий тус берса бераверсин, энди бизга барибир – 2020 йилнинг 10 июли тарихда қолади! Адолат қарор топган кун сифатида, Фотиҳ Султон Муҳаммаднинг васияти бажо этилган кун сифатида, “Аё София” мусулмонларга қайтарилган кун сифатида қолади. 

Саксон олти йилдан кейин “Аё София”га масжид мақоми қайтарилди, у яна мусулмонларга қучоқ очмоқда. 

Кеча Туркиянинг Маъмурий ишлар бўйича олий суди (Давлат Кенгаши) Вазирлар Маҳкамасининг “Аё София”ни музейга айлантириш ҳақида 1934 йилнинг 24 ноябридаги қарори ноқонуний деб топилганини эълон қилди. Ўша қарорга кимсан, Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк имзо чеккан эди. 

Суд қарори эълон қилиниши ортидан президент Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг “Аё София”ни Дин ишлари бошқармаси тасарруфига ўтказиш ва ибодатга очиш тўғрисидаги фармони чиқди. Эрдоғанинг шахсан ўзи хушхабарни етказди: 24 июль, жума куни “Аё София”да намоз ўқиш бошланади! 

“Аё София” шунчаки тарихий обида ёки оддий масжид эмас, айни пайтда мусулмонлар фатҳининг тимсолидир. Уни музейга айлантирганлар ана шу тимсолга соя солишга уринган, шавкатли ислом қўшинининг зафарини унуттиришга уринган бўлса не ажаб. Мусулмонлар фатҳини ҳалигача ҳазм қилолмаётганлар бугун ҳам аюҳаннос солишмоқда, “Аё София”нинг масжидга айланишига қарши чиқишмоқда. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Истанбулни фатҳ қилиш ниҳоятда муҳим иш эканини таъкидлаб, унинг фотиҳи ва эгаллашда иштирок этадиган аскарларини мақтаб, шундай деганлар: “Албатта Қустантания (Истанбул) фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир” (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ “Муснад”да, имом Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилганлар). 

Ана шу мақтовга, юксак шарафга усмонийлар ҳукмдори, 21 ёшли Фотиҳ Султон Муҳаммад ноил бўлди: унинг бошчилигидаги қўшин 1453 йилнинг 29 майида Истанбулни фатҳ этди. Фотиҳ Византия салтанатининг юраги бўлмиш “Аё София”ни черковдан масжидга айлантирди ва уни вақф мулки қилиб белгилаб қўйди. Вақф ҳужжатида шундай жумлалар бор эди: “Бу менинг “Аё София” вақфиямдир, шунинг учун ким ушбу “Аё София”ни масжидга айлантириш вақфиямни ўзгартирса, бир моддасини бўлса ҳам ўзгартирса ёки бекор қилса, “Аё София”нинг вақф ҳукмига заррача бўлса ҳам зиён етказса, аслини ўзгартирса, эътироз билдирса, ҳатто бу ишни қилмоқчи бўлганларга ёрдам берса, сохта ҳужжатлар тайёрласа, масжид ҳукмини ўзгартирмоқчи бўлса, шуни таъкидлаб айтаманки, энг катта ҳаром ишни қилган бўладилар ва гуноҳга ботадилар”.

Кечаги суд қарорида ҳам ана шу жиҳатга – “Аё София”нинг вақф мулки экани ва ундан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин эмаслиги, қадастр ҳужжатларида ҳам ушбу муаззам обида масжид сифатида қайд этилгани таъкидланган. Энди айтинглар-чи, “Аё София”ни музейга айлантирганлар Фотиҳ Султон Муҳаммаднинг васиятига хиёнат қилмаганми?.. Вақф мулкини тортиб олиб, қароқчиликка қўл урмаганми?..

“Аё София”нинг мақоми ўзгаришини, у ерда ҳатто Қуръон ўқилишини истамаётган давлатлардан бири – Греция. Греклар ҳали ҳам Византия императори Юстиниан I буйруғига биноан 537 йилда қуриб битказилган бу обидани ўзларига тегишли деб ўйлашса керак. “Аё София”да Қуръон ўқилиши унинг моҳиятига тўғри келмас эмиш. Бутун Европа бўйича масжиди йўқ ягона пойтахт Афина экани негадир уларни ташвишлаштирмайди. Усмонийлар даврида барпо этилган масжидларни кўргазма залларига айлантиришганини ўйлашмагани қизиқ. Лекин Истанбулдаги “Аё София” ҳақида ташвишланиб, дод-вой солишади!..

Танқид ва таҳдидларга қарамай, “Аё София”ни масжидга айлантириш ҳақида қарор қабул қилингани айни пайтда Туркиянинг кучли сиёсий иродага эга эканлигини ҳам кўрсатди. Президент Эрдоған таъкидлаганидек, “Аё София”дан қандай мақсадда фойдаланиш бу Туркиянинг суверен ҳуқуқидир ва мазкур масалага аралашишга ҳеч қайси давлатнинг ҳаққи йўқ. 

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Истанбул аэропортида қолиб кетган юртдошларимиз ҳақида. Улар қайтарилади...

268 09:40 04.08.2020

АҚШнинг нефть шартномасидан Сурия ҳам, Туркия ҳам норози

592 18:30 03.08.2020

Туркия: қурбонлик гўштлари 23 мамлакатда тарқатилди

1391 17:30 02.08.2020

Туркияда карантин чоралари яна кескинлаштирилади

996 15:30 01.08.2020

Грециялик руҳоний Аё Софиянинг масжидга айланиши тўғри эканини тасдиқлади 

3778 13:00 01.08.2020

Киевда энг катта масжид қурилади

741 13:51 30.07.2020
« Орқага