Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан суҳбат: "Биз Аллоҳнинг фирқасимиз"

21:00 09.01.2018 419

— Ҳазрат, бугун Исломий уйғониш тўғрисида гапириш мумкинми?
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Албатта. Фақат умумжамият диний уйғониши замирида. Менимча диний жонланиш борасида бошқа динларга қараганда насронийларда ҳаракат кучлироқ. Биздаги маълумотларга кўра христианлар бугунгача 10 мингдан ошиқ черковларни давлатдан қайтариб олишган. Бошқа дин вакиллари эса 2 минг атрофидаги ўз биноларига қайта эгалик қилмоқда. Аввало Парвардигорнинг инояти билан қайта қуриш берган эркинлик туфайли мусулмонлар ҳам ўз фаолиятларида бир қанча ижобий ўзгаришга эришмоқда. Масжид ва мадрасалар қуришяпти, ота-боболардан қолган тарихий – илоҳий китобларни ўқиб ўрганишмоқда. Мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба бу йил бир минг беш юз киши Макка мукаррамада ҳаж сафарида бўлдилар. Бу мусулмон оламида катта таассурот қолдирди. Саудия Арабистонининг подшоҳи Фахд бинни Абдулазиз жаноблари туҳфа сифатида бир миллион дона Қуръони Карим юбордилар. Яна бир эришган қулайлигимиз Душанба шаҳрида Олий Ислом маъҳади очдик.

— Ўлкамиздаги сиёсий-диний аҳволни қандай баҳолайсиз?
— Астрахан шаҳрида юзага келган мусулмон уйғониш партияси таъсирида Ислом партиясини тузишга уринишлар бўлмоқда. Бу ҳаракат иштирокчилари Туркистон Ислом партиясини барпо қилмоқчилар. Биз диндорлар албатта бундай уринишларга қаршимиз. Чунки Исломга нисбатан «партия» сўзининг ишлатилиши ножоиз тушунча. У 1400 йилдан буен ҳеч қандай «партия» бўлмасдан яшаб келяпти. Чунки бизнинг Қуръони Каримдек муқаддас дастуримиз ва суннати набавиядек ўз ҳаёт йўлимиз бор. Бундан ташқари Ислом ҳар қандай партиядан юқоридир. Чунки ҳар қандай кўринишдаги партияларнинг программаси, дастурини олиб қарайдиган бўлсак, уни у ёки бу партияларнинг бир гуруҳ аъзолари ишлаб чиқишган. Ислом дастурини эса ўн саккиз минг оламни яратган Парвардигор тузиб берган. Шунинг ўзиёқ Ислом мавқеи қай даражада эканлигини белгилаб беради.

— Бугун Исломнинг ўз ичидан туғилаётган хавф-хатар тўғрисида гап-сўзлар чиқяпти. Масалан, ваҳҳобийлар билан аҳли сунна ва жамоа ўртасида.
— Ҳа, айрим ғаразли шахслар Исломни мусулмонларнинг ўз қўли билан пароканда қилмоқчи. Уларни иши ва мақсади бизга жуда яхши маълум. Ана шу, соялар иғвосига учган, гуруҳлар диний бошқарма фаолиятига қарши чиқишларни уюштиришмоқда. Хайриятки, улар ўртага қўяётган талаблар асоссиздир.

… Бу ҳаракатлар энг аввало ҳокимият учун бўлмоқда. Иғволарни уюштираётганларга фақат бир нарса керак. Бу ҳам бўлса муфтийни олиб ўрнига ўз одамини қўйиш. Афсуски улар хато йўлни танлашган. Бу мусулмонлар ўртасига ихтилоф солишдан бошқа нарса эмас. Айнан шу мақсадда ҳаракат қилаётганларни айрим партия ва совет ташкилотларининг раҳбарлари қўллаётганлиги кишини ҳайратга солади. Бундай «раҳбарлар» Москва ва бошқа жойлардан туриб уларга йўл-йўриқ кўрсатишяпти.

— Ҳозирги Исломий жонланиш хориждагиларни, асосан ватандошларнинг эътиборини ўзига жалб этаётганлиги, қолаверса, Исломни янада кучайтириш борасида қандайдир кучлар тўпланаётганлиги хусусида кўпроқ гапиришмоқда.
— Бундай гап-сўзлар асосиздир. Қайта қуриш туфайли Исломга эркинлик берилди ва у жонланмоқда, деб қарайдиган бўлсак, бизга қайта қуришдан олдин ҳам хорижий меҳмонлар кўп келишган. Улар (мухбирлар, исломшунослар ва бошқалар) ўлкамизнинг мусулмонлар гавжум яшайдиган даҳаларида бўлишган. Ана ўшалар ўз юртига боргач, фақат Ислом социализмга қарши куч сифатида жонланиши мумкин, деган гап-сўзлар тарқатишди. Гўёки уларнинг фикрича Эрон ва Афғонистон билан ўзаро алоқада бўлган шўро мусулмонлари Ўрта Осиёдаги шўро ҳокимиятига қарши бош кўтаришади. Бу ҳақда жуда кўп ёзишяпти. Афсуски, на фақат хориждаги, балки ўзимиздаги, Москвадаги исломшунослар ҳам айнан шу кайфиятдадир. Булар ҳали таъкидлаганимдек, асоссиз уйдирмалар.

Ҳозирги фожиамиздан яна бири – ўзини мусулмон санаган юзлаб кишилар Исломнинг асл моҳиятини билишмайди. Гўё улар учун беш вақт намоз ўқиш билан мусулмончилик эгалланади. Нимани хоҳласа қилиш мумкин. Мусулмонлар партиясини тузамиз, деяётганлар ҳам шу гуруҳдагилар.

Хориждаги мусулмонлар хусусидаги хабарларга келсак, Гулбиддин Ҳикматёр ва Аҳмадшоҳ Масъуд ҳамда муҳандис Баширлар ҳақида бизнинг рўзномаларимиз кўп ёзишди. Гўёки улар чегара орқали Тожикистонга керакли адабиётлар жўнатишганмиш.

Яқинда мен Афғон урушида қўлга олинган ҳарбий асирларни (ватандошларимиз)ни қутқариш мақсадида сафар қилган гуруҳ билан Покистонда бўлдим. Гулбиддин Ҳикматёр билан учрашдим. У киши билан қуйидаги савол-жавоб тариқасида суҳбатлашдик:

— Гулбиддин! Келинг, очиқ гаплашайлик, биздаги матбуотларнинг ёзишича, сиз бошлиқ гуруҳлар, ҳокимият тепасига келишгач, Ўрта Осиёдаги мусулмонларни шўро ҳокимиятига қарши оёққа турғазармишсизлар?
— Нималар деяпсиз? Биз Ўрта Осиё мусулмонларини ўз устозимиз деб биламиз. Чунки Ислом дини бизларга сизлар орқали етиб келган. Биз сизларни ҳурмат қиламиз. Қолаверса, бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, харобага айланган ҳозирги Афғонистонни қайта тиклаш учун камида 40 йил керак бўлади. Ҳокимиятни олган тақдиримизда ҳам, оғир аҳволни бошимиздан кечира туриб, қудратли бир давлатга қарши курашмаймиз.

— Ҳозир мамлакатимизда миллатлараро низолар жуда танглашган бир аҳволда. Ана шундай нозик масалаларни масжидлар ижобий томонга ҳал қилиша оладими?
— Диний бошқарма ҳам, масжидларимиз ҳам Фарғонада содир бўлган тўқнашувларда, Паркентдаги жанжалли воқеаларда ўз муносабатларини билдиришди. Бошқармамиз ходимлари, масжидларимиздаги имомлар маҳалла-кўйларда бўлишиб кишилар билан фаол мулоқотда бўлдилар. Жанжалли масалаларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирдилар. Ноҳақ қон тўкиш, одам ўлдириш нақадар оғир гуноҳ экани халққа тушунтирилди. Парвардигорга шукрлар бўлсинким, одамлар бизни тинглашди.

— Кўпчилик динни миллатчилик ҳомийси деб тушунишади.
— Йўқ! Асло ундай эмас. Баъзи гуруҳлар айнан шундай тушунча билан бизнинг қўллаб-қувватлашимизга умид қилдилар. Уларга дин ҳар қандай миллатчилик тушунчасидан устун эканлигини айтдик. Чунки Ислом ҳеч қачон миллат ажратишни маслаҳат бермайди. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ва Аллоҳнинг бирлигига иймон келтирган мусулмон токи Исо алайҳиссаломни тан олмагунча мусулмон бўлмайди. Қуръонга ишониб, Инжил ёки Тавротни рад этиш ҳам мусулмончиликда йўқ. Ҳар бир мўмин Биби Марямни ҳам ҳурмат билан тилга олиши керак. Бу ҳақда Қуръони Каримда бутун бошли сураи карима бор.

Албатта инқилобдан кейинги йиллар кишиларни ўз динидан, ўз пайғамбарлари тарихидан, уларнинг кўрсатмаларидан йироқлаштирди. Ҳозир одамлар ўз динини жуда юзаки биладилар. Уларга кўпроқ тушунтириш, йўл-йўриқ кўрсатиш лозим.

— Сиз диний арбоб бўлишингиз билан бирга, мамлакат халқ ноибисиз. Вазифалар бир-бирига ҳалал бермайдими?
— Агар мен халқ ноиби бўлмаганимда кўплаб диний муаммолар муаммолигича қолаверарди. Мени сайлаган кишилар талабини ҳал этиш учун баъзан Кремлгача боришга тўғри келди. Мамлакатимиз президенти Михаил Сергеевич ва Олий ҳокимият раиси Анатолий Лукьяновлар билан учрашиб, мусулмонларнинг ҳақли талабларини тушунтирдим. Кишилар кўплаб масжидлар мадрасалар, қуришни талаб этишаётганлиги, ҳажга борувчилар сонини ошириш лозимлиги, Қуръон сўрашаётганлигини айтдим. Хайриятки, улар тўғри тушунишди. Тегишли ёрдам кўрсатишди.

— Мамлакат Олий Кенгаши йиғинларида иштирок этаётган Ўрта Осиёлик ноиблар «сукут сақловчилар» деган ном олишяпти. Сизнинг ҳам маърузаларингизни кўрмаяпмиз. Буни қандай тушуниш мумкин?
— Менимча ноиблар фаолияти уларнинг ҳадеб сўзга чиқишида эмас. Ўзингиз ўйланг. Ҳозир қайси ўлка ноиблари кўп сўзга чиқишяпти. Албатта москваликлар, ленинградликлар. У ерлардаги сайловчиларнинг яшаш шароити қандай? Бизнинг «Сукут сақловчи» ноибларимиз сўзга чиқмаса-да тегишли масалаларни ҳал этишяпти. Масалан пахта тўғрисидаги тортишувлар ҳал бўлди. Унинг нархи оширилди. Ва бошқа масалалар ҳам тегишли вазирликлар билан ҳал этиляпти.

Менимча, бугунги оғир шароитдан фақат сабр-бардош, бир-бирини тушуниш билан чиқиш мумкин. Ана шундагина, иншооллоҳ ҳаётимиз ўз изига тушиб кетади.

«Комсомольская правда», 8 декабрь, 1990 йил.

Манба: Ziyouz.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!