Шайтон зулм кўрди (1-қисм)

14:30 14.04.2018 1384

Ахсор Аш номли шайтон бир куни берилиб ваъз қилаётган жоҳил сўфига йўлиқиб қолди. Унга: “Нима учун динни яхшилаб ўрганмайсан? Шунда уламоларнинг сийратларини тарқатиб, инсонлар орасида ҳалол ҳаромни ёярдинг. Одамларга ҳидоят ва яқин илмдан дин ишлари тўғрисида фатво берардинг”, деди.

Жоҳил сўфи эса: “Аллоҳнинг лаънатига учрагур, сенга ишонайми?! Мени сенга алданади, деб ўйладингми? Агар сени асл табиатингда насиҳат қилиш бўлганда, шайтон бўлмас эдинг. Сен мени илмга чақириш ила Аллоҳнинг зикридан қайтармоқчисан! Мен эса асло бундай қилмасман”, дея жавоб қилди.

Шайтон айтди: «Золим подшоҳни ҳузурида ҳақ сўзни айта оласанми? Шунда сенга ҳақиқий жиҳод қилувчиларнинг ажри бўлади”. Жоҳил сўфи: «Жим бўл, Аллоҳнинг ғазабига учрагур! Сен мени уларнинг адоватига йўлиқтириб, натижада мен зиндонбанд қилиниб, одамлар мени ваъзу иршодимдан маҳрум қолишларини хоҳлайсанми?” деди.

Шайтон: «Буҳам бўлмаса, анавиниси ҳам бўлмаса, нима учун обрўйингни сақлаш, муҳтож фақирлар, ҳаждан тўсилиб қолганлар, масжид қуриш ё яхшиликка ишлатиш учун мол-дунё жамламайсан?» деди.

Жоҳил сўфи кулиб: «Қойил, буниси эса ажойиб! Молни қаердан оламан?», деди.

Шайтон: «Аллоҳга қасамки, сендек нодонни кўрмаганман. Муридларингга қара, сен уларни охиратларини сақлайсану, улар сен учун дунёйингни сақламасинларми? Сен уларни қалбларини обод қиласану, улар сенинг киссангни обод қилмасинларми? Сен уларни руҳларига ҳаёт бағишлайсану, улар сени хонадонингга ҳаёт бағишласмасинми?» деди.

Жоҳил сўфи муридлари киссасига қўл чўзди. Уларни ўзининг киссасига бўшатди. Мол-дунёнинг кўплиги бугуную эртасининг ташвишидан беҳожат қилди. Тўғри, сўфи аввалига уларни Аллоҳ йўлида инфоқ қилишни ўйлаб ҳам кўрмаган, дейиш ёлғон бўлади. Сўфи бунча мол-дунёни нима қилиши ҳақида ўйлаб, шайтонга маслаҳат солди. Шайтон: «Агар молни хазинангда сақлаб қолсанг ундан хабардор ўғридан ҳам, бирор офат-балодан ҳам, еб ётаверадиган фарзанддан ҳам сақлаб қололмайсан. Ундан кўра , ер ва экин-текин сотиб олақол», деди. Жоҳил сўфи: «Жуда яхши насиҳат қилдинг. Мени кетма-кет келувчи балодан сақлаб қолдинг», деди.

Лекин унинг қилмиши ва ҳаромдан топган мол-дунёси одамларга фош бўлиб қолди. Муридлар қўлига қўл солиш эса ҳамон давом этарди. Жоҳил сўфи дўсти шайтон билан машварат қилди. Шайтон: «Миниладиган улов сотиб олиш, уй-жой қуриш, қасрларни безатишдан холи эмассан», деди. Жоҳил сўфи: «Одамлар орасида яна уялиб қолишдан қўрқаман», деди. Шайтон: «Аллоҳ сени ислоҳ қилмагур, уларни хотининг, фарзандларинг номига олсанг ҳам бўлаверади-ку! Ахир улар кўп бўлса», деди. Жоҳил сўфи шундай қилди. Лекин, мол-дунё жоҳил воиз шайхнинг киссасига тошиб келаверар эди. У нима қилиши ҳақида устози шайтон билан маслаҳат қилар эди. Аммо, устози ёлғончилик, ёмонликка васваса қилишда шогирди билан рақобатлашиб қолди. У рақобатчи шогирдининг масаласини ҳал қилиш учун шайтонларнинг навбатдан ташқари мажлисини чақирди. Иблис бошчилигидаги мажлис ўз ишини бошлади.

Шайтон воқеа тафсилоти бўйича сўз олди: «Айбдор аслида жоҳил инсон бўлиб, мен ўзимнинг зукколигим ва макр-ҳийлам билан уни ақлли шайтонга айлантирган эдим. Мен уни ҳурматимни жойига қўяди, мен билан рақобатчи бўлмайди деб ўйлардим. Лекин, у мен билан хавфсираганим –ҳамтовоқларимни ҳам ўзига оғдириб оладиган даражада рақобатга киришди. У иғво қилишда мен билмайдиган йўсинни қўллади. Ундай бўлишини кутмаганим – ҳамтовоқларимни ҳам ўзига оғдириб олди».

 

Абдуллоҳ ҒОФУРОВ таржимаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!