Имом Бухорий ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар (4- қисм)

18:51 10.10.2017 499

“Ал -Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ёзилган шарҳлар:

1. “Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий” қозилар қозиси, ҳофизларнинг сўнггиси Абу Фазл Шиҳобуддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Ҳажар ал-Киноний ал- Асқалоний ал-Мисрий аш-Шофеъий.

773 ҳижрий йил 12 шаъбон ойида Мисрда туғилганлар. Илм талабида Искандария, Шом, Ҳалаб, Ҳижоз ва Яманга борганлар. Араб тилида шеър битиш ва ёзувчиликда юксак даражага етганлар.

У кишининг ёзган китоблари инсонлар орасида яхши қабул қилинди. Инсонлар турли шаҳарлардан зиёратларига кела бошладилар. Шухратлари кенг ёйилди, ҳатто, устозлари ва шайхлари ўзларидан олдинга қўйиб эслайдиган бўлдилар.

852 ҳижрий сананинг 18 зулҳижжа ойида, шанба куни кечқурун Қоҳирада вафот этдилар. Қарофадаги Имом Дайламийнинг қабрлари рўпарасига дафн қилиндилар. У кишининг жанозаларига мўминлар амири, султон ва улардан бошқалар ҳам қатнашдилар. Тобутларини кўтаришда амирлар ва катта мансабдор кишилар кўп бўлган. У кишини ҳимматлари жуда баланд бўлган. Сунан Ибн Можани тўрт мажлисда ўқиганлар. Саҳиҳи Муслимни бўлса, хотимаси билан беш мажлисда ўқиганлар. У кишининг ёзган китоблари 150 тага етиб боради. У кишининг китоблари Имом Суютийнинг китобларидан яхшироқ ва жамловчироқдир. Имом Суютийнинг китоблари сони жиҳатидан кўп бўлсада, ҳажми ва ажойиб фойдалилиги ҳамда манфаатлилиги жиҳатидан ибн Ҳажарники устунроқ туради.

Ибн Ҳажарнинг ёзган китоблари:

Ибн Ҳажарнинг ёзган китоблари ичидаги энг машҳури – “Фатҳ ул-Борий шарҳу Саҳиҳ ал-Бухорий”дир. Бу китобни тугатганларидан кейин 500 динорга зиёфат қилиб берганлар.

У кишининг “Саҳиҳ ул-Бухорий”га бунданда каттароқ ёзган шарҳлари бор. Уни “Ҳадюс – Сарий” деб номлаганлар. Лекин уни тугата олмаганлар.

У кишининг ёзган китобларидан айримларини келтирамиз:

1-   Дироя фий тахрижи аҳодисул ҳидоя

2-   Таҳзибут таҳзиб

3-   Нухбатул фикр фий мусталаҳи аҳлил асар

4-   Шарҳул нухба

5-   Ийзоҳ бинукати ибн салоҳ

6-   Исобату фий тамййиз саҳоба

7-   Тахриж аҳадисул азкор

2. Танқиҳул ал-фозил жомеъ ус-саҳиҳ

Муаллифи: Бадриддин Муҳаммад ибн Баҳодир ибн Абдуллоҳ Заркаший.

745 ҳижрий санада туғилганлар. Ҳофиз Бадриддин аз-Заркаший илмни Мағлатий ибн Қолиж ибн Абдуллоҳ ал-Ҳанафийдан олганлар. Ҳадис илмини эса Жамолиддин ал-Иснавийдан олганлар. Фиқҳ ва ҳадисни Исмоил ибн Умар ибн Касир ва Шиҳобиддин ал-Азраийдан олганлар.

Ёзган китоблари:

У кишининг Шофеъий мазҳаби фиқҳи ва Қуръон илмлари борасида ёзган китоблари бор. Унинг китобларидан машҳурлари:

1- Рофеъийнинг китобидаги ҳадисларнинг тахрижи. У  беш жуздан иборат.

2- Саҳиҳул Бухорийга бошқа шарҳлари, уни ибн Мулқоннинг китобларидан қисқартириб олганлар ҳамда унга ўзларидан зиёда қилганлар.

3-   Шарҳу жамъул жавомеъ, икки жузлик.

4-   Шарҳул минҳаж, икки жилдли.

5-   Минҳажнинг мухтасарининг шарҳи, бу ҳам икки жилдли.

6-   Усулул Фиқҳда “Тажрид” деган китоб ёзганлар.

У кишининг шеърий китоблари ҳам бор.

У киши “Жомеъ ас-саҳиҳ”га шарҳ ёзишларининг сабабини китобларининг муқаддимасида: “Мен бу китобни ёзишимдан мақсад, жомеъдаги ғариб сўзларни шарҳлашдир…”, – деб изоҳлаганлар. Шарҳларида саҳиҳдаги сўзларнинг маъноларини ҳамда грамматик қоидаларни баён қилганлар

Вафотлари: 794 ҳижрий санада ражаб ойининг учинчи куни бўлган.

3. Таълиқул масобиҳ  абвабул  жомеъ ас- саҳиҳ

Муаллифи: Абу Абдуллоҳ Бадриддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Умар ибн Абу Бакр ал-Қураший ал-Махзумий ал-Искандарий

763 ҳижрий санада туғилганлар. Илм талаб қилишликни ёшлик чоғларидан бошлаганлар. У киши ўткир фикрли, тез тушунадиган ва ёдлашлари ҳам кучли бўлган. Араб адабиётида юксак даражаларга кўтарилганлар. Наҳв, назм, наср каби илмларни жуда пухта эгаллаганлар. Бу илмлар билан бирга фиқҳ ва ундан бошқа илмларни ҳам ўргана бошлаганлар. Азҳари шарифда наҳв фанидан устозлик қилганлар. Сўнгра Искандарияга қайтганлар. Тижорат билан шуғуллана бошлаганлар. Сўнгра яна илм йўлига қайтиб, Яман шаҳарларига борганлар. Сўнгра Ҳиндистонга борганлар. Аҳмадобод шаҳрига кириб келганларида инсонлар жуда яхши кутиб олишган. Султон яшаш харажатларини ўз зиммасига олгандан сўнг, шу ерда неъматлар ичида яшаганлар.

Ёзган китоблари:

Ҳадис борасида: Таълиқул масобиҳ абвабул жомеъ ас- саҳиҳ

Шарҳи ташил

Шарҳ ул-хазражия

Жавоҳир ул –буҳур ва бошқа китоблар.

Вафотлари: 827 ҳижрий сана шаъбон ойида бўлган.

4. Ал-ломеъ ас- саҳиҳ фий шарҳ ил–жомеъ ас-саҳиҳ

Муаллифи: Аллома, Муҳаққиқ Шамсиддин Муҳаммад ибн Абу Доим ибн Мусо ибн Абду Доим ибн Абдуллоҳ ан-Нуаймий (кичик Нуаймга нисбатан айтилган) ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Асқалоний ал-Бирмавий ал-Мисрий аш-Шофиъий

763 ҳижрий сана Зулқаъда ойида туғилганлар. У зот илм талабида катта бўлдилар.

Бурҳон ибн Жамоа ва Тожиддин ибн Фасиҳ, Бадриддин Заркаший, ибн аш-Шайхо, Сирожуддин ал-Балқийний ва Зайниддин ал-Ироқий ва бошқалардан таълим олганлар.

У киши фиқҳ, усул ул-фиқҳ, араб тили илмларида аллома, имом бўлганлар. Бадриддин аз-Заркашийни лозим тутганлар. У кишининг ақлли шогирдларидан эдилар. У киши жуда кўп китоб ёзганлар. Китоб ҳошияларини фойдали маълумотлар билан тўлдирганлар. Китобларга чиройли тарзда таълиқлар ёзганлар. У кишининг чиройли хат билан ёзилган ажойиб фатво китоблари бор. Чиройли ахлоқ соҳиби ҳамда виқорли ва тавозеъли, камгап инсон бўлганлар.

Ёзган китоблари:

Ал-ломеъ ас-саҳиҳ фий шарҳил жомеъ ас-саҳиҳ. Бу китобни имом Кармоний ва Заркашийнинг шарҳларидан қисқартириб олганлар ҳамда унда ибн Ҳажарнинг “Фатҳул Борийда”ги муқаддималаридан фойдали маълумотларни иқтибос қилиб келтирганлар.

Усулул фиқҳ борасида “Алфийя” ёзганлар ҳамда уни шарҳлаганлар. Уни шарҳлашда Шайхлари имом Заркашийнинг китобларидан фойдаланганлар.

“Шарҳул умда” – фиқҳ борасида ёзилган.

“Шарҳу ломийятул афъол ибн Молик” – наҳв борасида ёзилган.

“Манзумату фий асмои рижал” ҳамда шу китобларининг шарҳи.

Фароиз илмида “Манзума” ёзганлар.

831 ҳижрий сана 12 Жумадус соний ойи пайшанба куни вафот этганлар. Жума куни масжидул Ақсода у кишига жаноза ўқилган. Шайх Абу Абдуллоҳ ал-Қурашийнинг ёнларига дафн қилинганлар. Вафотларидан сўнг китоблари кенг тарқалиб кетган.

5. Иршадус-сарий фий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий

Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Абдул Малик ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ал-Қасталоний ал-Мисрий аш-Шофиъийдир.

851 ҳижрий сана 12 Зулқаъда ойида Мисрда  таваллуд топганлар. У киши Мисрда вояга етганлар. Етти ёшларида Қуръонни ёдлаб, ўқиб берар эдилар. Сўнг бошқа илмлар билан шуғуллана бошладилар. Аҳмад ибн Абдулқодир ан-Нашавийга Саҳиҳул Бухорийни тўлалигича беш мажлисда ўқиб берганлар. “Ғомрий”  жоме масжидида ваъз – насиҳат қилар эдилар. У кишининг маърузаларига жуда кўпчилик тўпланар эди. Сўнгра китоб ёзиш билан шуғулланганлар. Ўзларидан кейин уммат қабул қилган китоблар қолдирганлар.

Ёзган китоблари:

Иршадус-Сарий Фий Шарҳи Саҳиҳ-Бухорий  китоблари, унда “Фатҳул Борий”  ҳамда “Шарҳул Кармоний”дан чиройли тарзда жамлаганлар.

“Мавоҳубул ладунийя”, “Адимун назр”, “Ал-Уқуд ас-Сунния фий шарҳил муқаддиматил Жазарийя”, “Латоифул ишорат фийл ашрил қироат”.

“Шарҳу алаъ аш-Шотибийя”. Бу китобларида ибн Жазарийдан бошқа шарҳларда учрамайдиган  фойдали нарсаларни келтирганлар..

“Машориқул Анвор ал-Музийя фий мадҳи Хойрил Барийя”. Бу китоблари Қасидаи Бурдани шарҳи бўлиб, жуда чиройли тарзда ёзилган.

“Туҳфатус Сомеъ вал Қорий би Хотми Саҳиҳул Бухорий”.

У киши 923 ҳижрий сана 7-Муҳаррам ойининг жума куни Қоҳирада вафот этганлар. Жума намозидан кейин Азҳар масжидида жаноза ўқилди. Уйларини ёнида бўлган ал-Айнийя мадрасасига дафн қилинганлар.

6. Шарҳул Кармоний ъала Саҳиҳул Бухорий

Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф ибн Али ибн Абдул Карим ал-Кармоний ал-Боғдодий

717 ҳижрий сана жумадул охир ойининг 16 куни туғилганлар. Бошланғич таълимни оталаридан олганлар. Сўнгра Шайх Қози Аздиддиндан 12 йил дарс олганлар. Кейин бошқа шаҳарларга сафар қилганлар. Миср, Шом, Ҳижоз, Ироққа борганлар. Сўнгра ўзларига Боғдодни ватан қилганлар. 30 йил мобайнида шу ердан илмни тарқатганлар. У киши дунёга муҳаббат қўймаган. У зот мутавозеъ ҳамда илм аҳлини ҳурмат қилувчи инсон эдилар. У зот бир тепаликдан йиқилиб тушганларидан кейин, доимо ҳасса билан юрар эдилар.

786 ҳижрий сана Муҳаррам ойининг 16 куни Маккадан қайтаётганларида вафот этдилар. Жасадлари Боғдодга олиб келинди. У зот Шайх Абу Ишоқ аш-Шеърозийнинг ёнларига дафн қилиндилар.  У зот дафн қилинган жойга мақбара қурилган.

Бу шарҳлардан бошқа шарҳлар ҳам бор. Улардан машҳурлари:

Ал-Кавкаб Ад-Дарорий Фий Шарҳи Саҳиҳил-Бухорий. Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Кирмоний.

Иршадус-Сарий Фий Шарҳи Саҳиҳ-Бухорий. Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Қасталоний ал-Мисрий аш-Шофиъий.

Ат-Тавшиҳ Шарҳ ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Абдураҳмон ибн Камол Абу Бакр ал-Ҳузайлий ас-Суютий.

Умдат Ал-Қорий Фий Шарҳи Саҳиҳил-Бухорий. Абу Муҳаммад Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний ал-Ҳанафий.

Файзул-Борий Шарҳу Саҳиҳил-Бухорий. Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирий.

Обид Мирҳамидов,
Қибрай тумани “ Саъдулла ота” жомеъ масжиди
имом-хатиби

Манба: Fitrat.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!