Сиз ерда юрувчи Қуръон бўлинг...

19:25 14.11.2017 1102

Бир муслима аёл бемор ётган насроний қўшнисининг ҳолидан хабар олгани чиқди. Уни тўшакда ётганини кўрди. Салом-аликдан сўнг:

– Қўшни келинг, сизга Қуръони Каримдан ўқиб берай, эшитинг! Тузалиб кетасиз. Биз касал бўлсак, Қуръон ила шифо сўраб, дуо қиламиз ва тузаламиз, – деди.

Насроний аёл:

– Майли, фақат олдин менга озгина сув беринг, жуда чанқадим, – деди.

Муслима аёл унга сув олиб келди ва ичириб қўйди. Сўнг бошини кўтариб қўйишини сўради. Ёстиқ қўйиб баландлаб қўйди.

– Мен бир неча кундан бери туз тотганим йўқ, қорним оч, илтимос, бирон таом тайёрлаб беринг, қарашадиган одамим йўқ, – деди. Муслима:

– Ҳозир, бироз кутинг, егулик келтираман, – деб чиқиб кетди.

Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, иссиққина, жуда ҳам мазали овқат тайёрлаб келди. Насроний аёлни таомлантирди, сув ичирди, фойдаланилган идишларни ювди. 

Сўнг келиб: – Қуръондан бирор сурани ўқиб берайми? – деб яна сўради. Насроний аёл кўзларидан ёш тўкилиб:

– Мен ўқиб беришингиздан олдин Қуръонни сизда кўриб бўлдим, – деди....

Хулоса: Инсонлар сизни ҳатти-ҳаракатингиз, гўзал одоб-ахлоқингиз, чиройли муомалангиз орқали танисинлар. Қуръонни ўқиш, ёдлаш бу матлуб иш. Асосийси У қалбингизда бўлсин! Одамлар уни сизнинг маслакингизда кўрсинлар!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!